Кўрилди

Суд Сабохонни оталикдан маҳрум этмади

Чунки, суд ҳайъати қизчани оталикдан маҳрум этиш инсонпарварлик тамойилларига зид иш деб ҳисоблади

Абдусалим ва Ҳилолахон яхши ниятларда турмуш қуриб, 2016 йил 8 июлда Сабохон исмли фарзанд кўриб, бахтли турмуш кечириб, Тошкент шаҳрида яшаб келаётгандилар.

Ҳилолахон 2014 йил 7 апрелда оғир хасталикка чалиниб, кутилмаганда вафот этди.  Абдусалим қизини олиб, Фарғона шаҳрида яшовчи онасининг уйига кўчиб келди. Сабохон отаси ва бувиси билан бирга яшай бошлади.

Бироқ, турмуш ўртоғининг вафотидан кейин Абдусалимнинг ҳам хаёти издан чиқди. У ҳайдовчилик қилиб келган автомашинасида гиёҳвандлик моддасини сақлашда айбланиб, суднинг ҳукмига кўра, амалдаги Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан озодликдан маҳрум этилди.

Бунинг оқибатида эса қизи Сабохон ҳам онаси, ҳам отасиз қолиб кетди.

Сарсон бўлиб қолган Сабохоннинг ҳаёти, ўқиши ва тарбиясида қари бувисининг бироз ожизлиги билина бошлади.

Шу орада марҳум онаси тарафдан бувиси Раҳимахон хола уни излаб топиб, ўзи билан Тошкент шаҳрига олиб кетгач, ўз қарамоғига олиб, васий этиб тайинланди.

Миробод туман прокурори фуқаролик судига мурожаат қилиб, вояга етмаган Сабохонни отасига нисбатан оталик ҳуқуқидан маҳрум қилишни ва алимент ундиришни сўради.

Бу орада Сабохоннинг отаси Абдусалим жазо муддатини ўтаб, қамоқдан қайтиб келган ва ҳаётини янгитдан бошлаб, бошқа аёл билан оила қуриб, фарзандли бўлиб, мебель устачилиги билан шуғулланиб яшаб келаётган эди.

У суднинг чақирув қоғозини олиб, судга ошиқди. Судда қизи топилганидан хурсанд эканини, қамоқдан қайтиб, бир неча бор қизини излаб Тошкентга борганини, қайнонаси жанжал қилгани сабабли қизига жабр бўлмасин деганини, кейин эса қайнонаси манзилни ўзгартириб олгани ва телефон рақамларни ўзгартирганликлари сабабли топа олмаганини. Қизидан воз кечмаганини. Меҳри борлигини, оталикдан маҳрум этилишига қарши эканини билдирди.

Судда қатнашган “Васийлик ва ҳомийлик” органи вакили ҳам ўз хулосасида оталикдан маҳрум этилиши Сабохоннинг манфаатига зид экани ҳақида хулоса берди.

Абдусалим яшаётган маҳалла фуқаролар йиғини ва қўшнилари ҳам унинг шахсий хислатларини ижобий сифатладилар.

Суддда Оила кодекси, Олий суд Пленуми қарори талаблари қўлланилиб, вояга етмаган Сабохоннинг онаси вафот этгани, отаси эса унга энг яқин инсон ҳисобланиши, қизни отасидан айриш инсонпарварлик тамойилларига зид, деб ҳисобланиб, Абдусалимни оталикдан маҳрум қилиш талаби рад этилди.

Бузрукхон АБРОРОВ, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *