Кўрилди

Суд ҳокимияти мустақиллиги кафолатланган

Ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиларидан бири– ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишидир. Ушбу принципнинг Конституцияда белгиланиши, унинг демократик ва ҳуқуқий жиҳатдан ташкил этилганидан далолат беради. Мазкур принцип орқали ҳар бир ҳокимият бўғинининг бошқаларидан мустақил тарзда фаолият юритиши, қонунчиликда улар ваколатларининг чегараси аниқ белгиланиши, айни пайтда бир-бири билан узвий боғлиқ ҳолда фаолият юритиши таъминланади.

Шунингдек, ҳокимиятлар бўлиниши натижасида мамлакатда бир ҳокимият бўғинининг бошқаларидан устун мавқега эга бўлишига йўл қўйилмайди, ҳар бир ҳокимият бўғини ўзининг ваколатидан келиб чиқиб, қолган ҳокимият бўғинларини тийиб туради ва улар ўртасида мувозанат сақланади.

Француз мутафаккири Шарл Луи Монтесье ҳокимиятлар бўлиниши ҳақида қуйидагича фикр билдирган: Агар суд ҳокимиятини қонунчилик ва ижро ҳокимиятидан алоҳида ажратилмаса, эркинлик бўлмайди. Агар у қонунчилик ҳокимияти билан қўшилган бўлса, фуқароларнинг ҳаёти ва эркинлиги ўзбошимчаликнинг қўлида бўлади ёки судья қонун чиқарувчи бўлади. Агарда суд ижро ҳокимияти билан бирлаштирилса, судья золимга айланиш имкониятига эга бўлади. Агар учта ҳокимият бўғини бир қўлда тўпланса, барчаси барбод бўлади, яъни ҳокимият қонун чиқариш, ҳокимият умумдавлат аҳамиятига молик қарорларни ижро қилиш, ҳокимият жиноятларни ва хусусий шахсларнинг низоларини ҳал қилиш билан шуғулланган бўлади.

Инглиз файласуфи Жон Локнинг фикрича, ҳокимиятлар бўлиниши назарияси уларнинг қонунчилик ва ижро ҳокимиятига бўлинишида намоён бўлади, суд ҳокимияти эса охирги элемент ҳисобланади.

Ўзбек ҳуқуқшунос олимаси М.Аҳмадшоева ҳокимиятлар бўлинишининг қуйидагича шартларини кўрсатиб ўтади: Жумладан, ҳокимиятлар бўлиниши ўз манбасига кўра яхлит ва ягона бўлган ҳокимиятнинг уч мустақил тармоққа – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлинишини, ҳар бир ҳокимиятнинг тармоғи бошқаларидан мустақил ҳолда фаолият юритишини тақозо этади. Айни пайтда ҳокимиятлар бўлиниши ҳар бир ҳокимият тармоғи бошқасининг ўз ваколат доирасидан чиқмаслигини, бошқа тармоқ ваколати доирасига ўтиб кетмаслигини назорат қилиб туради, шу тариқа ҳокимиятнинг суиистеъмол қилиниши олди олинади.

Шубҳасиз, ҳокимиятлар бўлиниши принципи демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий белгиси ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳокимиятлар бўлиниши принципи суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминловчи асосий кафил ҳисобланиб, унинг қонунчилик ва ижро ҳокимиятларидан алоҳида мустақил ҳолда фаолият юритишини, махсус тийиб туриш воситалари орқали одил судловни амага оширишда бошқа ҳокимият тармоқларининг таъсирини истисно этишни таъминлашга хизмат қилади.

У.КАРИМОВ, Қўқон туманлараро иқтисодий судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *