Кўрилди

СУД ҚАРОРИНИ ҚАЛБАКИЛАШТИРГАН “ШОВВОЗ”

Бугун биз фан-техника юксак даражада ривожланаётган асрда яшаяпмиз. Аммо бу қулайликлардан ҳамма ҳам бирдек ўз ўрнида фойдаланмаётгани эса дилингизда ғашлик уйғотади. Қулоққа чалинаётган турли хил жиноятлар сизу бизни огоҳликка чорлайди.

42 ёшли Шерали Турғунов Қува тумани, “Ўрабоши” МФЙ., “Етакчилар” кўчасидаги 340-уйда яшайди. У фирибгарликни ўзига касб қилиб олганига анча йиллар бўлган. Ўтган йиллар давомида кўпчиликни алдаб, чув туширишга улгурган. Тўғри йўлда юриб, рўзғор тебратиш ўрнига доимо осонгина мўмай даромад топишни афзал билган. Бу сафар ҳам у «Ўрганган кўнгил, ўртанса қўймас» қабилида иш тутиб, фуқаро Х.Казаковни “қармоққа” илинтирди.

2019 йил июнь ойи охири ва июль ойи бошларида  Х.Казаковнинг “Matiz” русумли, 40 D 749 OA давлат рақамли автомашинаси жарима майдончасида эканлигидан  хабар топди-ю, эски ҳунарини ишга солди. Дарҳол унинг ишончига кириб, машинасини жарима майдончасидан олиб чиқиб беришни ва бунинг эвазига 1 миллион 500 минг сўм жарима пули тўлаши кераклигини айтди.  Ундан дастлаб 100 АҚШ доллари (8562.34 сўм) кейин эса, 600 минг сўм пулларни санаб олгач, ишга киришди.

Қува тумани ИИБнинг жарима майдончаси ҳисобланган “Иззат Икром нурли келажак” МЧЖ қоровулхонасида бўлган «Автомашинани жарима майдонидан эгасига қайтариш ҳақида»ги сўровнома ҳужжатни қоровулдан олди-да, ушбу ҳужжатни Қува шаҳар марказида жойлашган компьютер хизматлари кўрсатиш шохобчасига олиб борди. Ўша ерда фаолият кўрсатаётган  ишчига ушбу ҳужжатнинг ёзувларини ўчириб беришини илтимос қилди.

Иш осонгина ҳал бўлиб, ёзувлар ўчиртирилгач, ҳужжатдаги Қува тумани маъмурий суди раиси А.Жумаевнинг имзоси ва суднинг тўртбурчак муҳри туширилган ҳужжатни рангли принтер ёрдамида алоҳида қоғозга чиқартириб  олди.

Бу ҳам етмаганидек, ҳужжатга  ручка ёрдамида керакли ёзувларни киритиб, суд раиси А.Жумаевнинг имзосини устидан ручка ёрдамида бўяб-чизиб, Қува тумани маъмурий судининг «Автомашинани қонуний эгасига қайтариш тўғрисида»ги сўровнома ҳужжатини сохталаштириб қўйди.

Бу  ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, “Иззат Икром нурли келажак” МЧЖ қоровули С.Мирзаматовга тақдим қилиб, Х.Казаковнинг “Matiz” русумли, 40 D 749 OA давлат рақамли автомашинасини жарима майдончасидан олиб чиқиб кетди. Автомашинани Х.Казаковга бериб, фирибгарлик йўли билан олган пулларни эса бемалол ўз эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборди.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган судга оид хатшунослик ҳамда ҳужжатларнинг техник-криминалистик экспертизасининг 2019 йил 16 июль кунги хулосасига кўра, ҳужжатлар сохталаштирилганлиги ўз тасдиғини топди.

Ўз жиноий ҳаракатлари билан Шерали Турғунов Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси 2-қисми “в” банди, 227-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 1- ва 3-қисмларида кўрсатилган жиноятларни содир этганлиги аниқланиб, унга нисбатан тегишли жазо белгилаш учун ҳужжатлар судга тақдим этилди.

Рустам АБДУЛЛАЕВ, Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси терговчиси, капитан. 

Жасурбек ТОҲИРОВ, Қува туман  ИИБ ҳузуридаги ТБ суриштирувчиси, лейтенант.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *