Кўрилди

Субсидия – аҳоли учун қулай имконият

Тан олиш керак, аксарият аҳоли вакиллари субсидия ҳақида унчалик тасаввурга эга эмас. Мана шундай ҳолатларни  хисобга олган ҳолда янги уй-жой сотиб олиш истагида юрган, лекин ҳамёни бироз “кўтармаётган” фуқаролар учун айни муддао дейиш мумкин. Келинг, қуйида биз субсидия нима, кимларга берилиши мумкин, мурожаат қилиш тартиблари қандай, қаерга ва қандай хужжатлар билан борилади каби  долзарб саволларга жавоб излаймиз.

Субсидия ўзи нима?

Субсидиялар – даромади юқори бўлмаган шахсларга ипотека кредитлари асосида уй-жой сотиб олишлари учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаб бериш мақсадида давлат бюджетидан қайтариб берилмайдиган маблағ хисобланади.

Бошланғич бадал ҳақида ҳарқалай тасаввурга эгамиз, яъни бу бирламчи бозордаги  янги қурилган уй-жойларни сотиб олиш учун ажратиладиган пуллар. Шаҳар ва қишлоқ жойларда уларнинг қиймати ҳар хил бўлиши табиий.

Субсидия, шунингдек, ипотека кредити бўйича фоизларни қоплаш учун ҳам берилиши мумкин.

Бунда қишлоқ жойларда – биринчи беш йил давомида ипотека кредити бўйича фоиз тўловлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун – 10 фоизлик пунктдан ошган қисмига тўланади.

Субсидия олиш учун аризани Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали электрон тарзда бериш мумкин. Бу борадаги аризалар жорий  йилнинг  1 октябрига қадар қабул қилиниши белгиланган.

Субсидиялар кимга берилади?

Мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилади. Субсидия олиш учун фуқаро 18 ёшга тўлган бўлиши керак. Агар фуқаро меҳнат мигранти бўлганда, унинг номидан оила аъзолари ҳам ариза бериши мумкин.

Субсидия ва арзон уйлар қандай фарқланади?

Эътибор беринг! Субсидиялар уйларни бозор нархида харид қилишга берилади. Яъни, субсидия билан арзон уй-жойлар бир-бирига умуман алоқаси йўқ бўлган тоифадаги тушунчалар хисобланади. Шунингдек, субсидияларга тегишли Фармон чиқиши билан арзон уй-жойлар дастури ёпилгани йўқ! Ҳокимликлар фуқароларни қабул қилмасликлари бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритилмаган.

Арзон уй-жой учун навбатларингиз ДХМлар орқали ўзгартирилмайди. Ушбу масалада маҳаллий ҳокимиятларга мурожаат этиш лозим.

Субсидия олишда балл бериш тизими нима дегани?

Субсидия – бу бўйича ариза топширган ҳар бир талабгорга пул маблағи берилади дегани эмас. Бунинг учун бир қатор талаб ва ҳолатларга жавоб бериш лозим. Авваламбор, масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради.

Масъул органлар – Ички ишлар бўлими, Молия бўлими, Давлат солиқ инспекцияси, Бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари. Буларнинг ҳаммаси ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳаққоний эканлигини текшириш учун керак.

Ижтимоий мезонлар уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқароларни аниқлашга хизмат қилади. Балл тўплаш учун мезонларга талабгор  ёки унинг оиласи даромади  (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар жой мақоми, ижара ёки шахсий мулк, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар, шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган. Субсидия тартиб бўйича балл тўплаганларга берилади.

Субсидия олиш учун қандай маълумотларни тақдим этиш керак?

— паспорт;

— оила аъзоларининг паспорти ва никоҳ қайд этилганлиги гувоҳномаси (тўлиқ оила ва вояга етган фарзанди(лари) бўлганда) ва фарзандларининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари (агар вояга етмаган бўлса) нусхаси;

— никоҳ бекор қилинганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги тўғрисидаги суд қарори (никоҳ қайд этилган ҳолларда) ва оилавий ҳолати тўғрисида ФҲДЁ органлари архивидан маълумотнома нусхаси (никоҳ қайд этилмаган ҳолларда);

доимий прописка жойидан кадастр рақами ва турига тегишли маълумотлар;

доимий прописка жойидан уй дафтарининг ёки квартира карточкасининг (17-шакл бўйича) нусхаси;

ариза берувчи ва биргаликда қарз олувчиларнинг даромади ҳамда ушлаб қолинган даромад солиқлари ҳақида маълумотнома (қўшимча даромадлар бўлса солиқ декларацияси).

Ариза якунлари бўйича талабгорга ижобий жавоб олинган тақдирда фуқаро ўзининг танловига кўра субсидияни уй-жой сотиб олиш учун бошланғич бадал ёки кредит фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга қаратилган маблағ шаклида олиши мумкин бўлади.

Танганинг орқа томони-чи?

Агар талабгор ипотека шартномаси бўйича шартнома мажбуриятларини (тўловларни) сурункали равишда бажармаслиги оқибатида ипотека шартномаси бекор қилинса, шартнома бўйича ундириладиган маблағлар, шу жумладан, ажратилган субсидиялар гаровдаги уй-жой сотилишидан тўлиқ равишда қайтарилади.

Субсидия олиш жараёнида Давлат хизматлари марказлари Сиздан фақатгина ариза олиб қолиб, тайёр натижани тақдим этишга ваколатли. Қолган масалалар, яъни кимга, қайси ҳамда қанча миқдорда субсидиялар ажратишни ташкил этиладиган комиссия томонидан ҳал қилинади. Бу ишга Давлат хизматлари маркази аралашмайди. Субсидиялар бир оилага фақат 1 марта берилади.

Эътибор беринг ва имкониятдан фойдаланишга  ҳаракат қилиб кўринг!!! Субсидия олишда коррупцион вазиятларга, таниш-билишчилик ҳолатларга асло йўл қўйилмайди. Бунинг иложи ҳам йўқ. Чунки, махсус комиссия турли ташкилот вакилларидан  иборат бўлиб, уларнинг ҳар бирлари ўзининг йўналиши бўйича талабгорларга балл беришда масъулдирлар.

Раъно  БОЙҚЎЗИЕВА, ДХА Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи. 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *