Кўрилди

Соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонунчилик ижроси

Мамлакатимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш учун кенг камровли чора-тадбирлар белгиланди.   Президентимизнинг бу борадаги  қарор ва Фармонлари ижроси Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан алоҳида назоратга олинган.

Фуқароларнинг  карантин чекловларига, санитария-эпидемиология қоидаларининг талабларига риоя этиши  инфекция тарқалишини олдини олишнинг муҳим шартларидан бири бўлиб қолмоқда. Карантин чекловлари шароитида аҳолини озиқ-овқат ва дори-дармон воситаларига бўлган эҳтиёжларини тўла-тўкис қондириш,  нарх-навонинг асоссиз равишда  оширилишини олдини олиш чоралари кўрилмоқда.

Бозорлар ва дорихоналарда нарх барқарорлиги сақланиб, маҳсулотларнинг тақчиллигини олди олинмоқда. Назорат тадбирлари давомида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тиббий дори-дармон воситалари нархини оширган
156 нафар,  карантин чекловлари талабларига амал қилмаган   65 минг 82 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди. 7 та қўпол қонун бузилишига нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Фуқароларимизнинг соғлиғини короновирусдан профилактика қилиш ва даволаш учун  21 турдаги дори воситаларининг 3 ойлик заҳирасини тўлиқ таъминлаш чоралари кўрилиб, вилоятда 10 миллиард сўмлик дори-дармон заҳираси яратилди.

Фуқаролар “Тез ёрдам” бўлимларга “103” рақами орқали мурожаат  этганларида, бирон бир бандлик ҳолатлари бўлмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатилди. Барча “Тез ёрдам” бўлимлари раҳбарлари ҳар бир қўнғироқ асосида жойига белгиланган муддатда етиб боришини таъминлаш ва қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўймаслик  борасида расман огоҳлантирилди. Шу билан бирга, “Тез ёрдам” станцияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари қатъий назоратга олинди.  20 та янги “Тез ёрдам” автотранспорт воситалари олиб келинди, прокуратура органларининг бевосита ташаббуси билан “Тез ёрдам” бўлимлари биноларининг 7 тасида қурилиш-таъмирлаш ишлари ташкил қилинди.  Фарғона шаҳридаги 2 та ва Фурқат туманидаги “Тез тиббий ёрдам” подстанцияларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунланди. Риштон, Бешариқ ва Фарғона туманларида таъмирлаш тез орада тамомланади.

Бундан ташқари, “Тез ёрдам” автомобиллари радиоалоқа  билан тўлиқ таъминланиши учун  вилоятимизда 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди.

ЁШЛАР ВА УЛАРНИНГ БАНДЛИГИ

Карантин даврида ёшларнинг бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жойлардаги бевосита мулоқотларда ёшларнинг 6728 нафари тадбиркорлик билан шуғулланиш, 7215 нафари эса ҳунар ўрганиш истагини билдирдилар. Учрашувлар давомида амалий ёрдам кўрсатилиб, ёшларнинг 478 нафари ишга жойлаштирилди, 235 нафарига 3 миллиард сўмдан ортиқ имтиёзли банк кредити берилди, 120 нафари даволаниш ва тиббий ваоситалар билан таъминланди, 503 нафарининг бошқа муаммолари ҳал этилди.

Хусусан, вилоят прокуратурасининг бевосита амалий ёрдами билан Ёзёвон туманида қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 25 гектар ерда ишсиз ва кам таъминланган  25 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш учун балиқ етиштириш кўли  ташкил қилинди. Шунингдек, 30 гектар майдонда полизчилик кооперацияси ташкил этилиб, эҳтиёжманд оилаларнинг ишсиз юрган 60 нафар ёшларининг бандлиги таъминланди.

Шу каби Фарғона туманининг “Қораянтоғ” МФЙ ҳудудидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 43 гектар ер майдони 2-сектор ҳудудидаги ишсиз юрган 79 нафар ёшларга анор ва бошқа мевали боғлар ташкил этиш учун ажратиб берилиб, кўчатлар экилишида амалий ёрдам кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбарининг Фарғона вилоятига ташрифи давомида умумтаълим мактаблари битирувчилари бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш ҳақида топшириқ берилган эди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш борасида самарали назоратни йўлга қўйиш мақсадида вилоят прокуратураси томонидан  умумтаълим мактаблари битирувчиларини таълимнинг кейинги босқичига, яъни касб-ҳунар коллежлари, техникум ва олий таълим муассасаларига жалб этилиши, ўқишга кириш истагини билдирмаган ёки ўқишга кира олмаганларнинг бандлигини таъминлаш жараёнлари ҳисобини юритиш ва мониторингини амалга ошириш учун “Битирувчи” электрон дастури ишлаб чиқилди. Дастурга вилоятдаги барча умумтаълим мактаблари битирувчилари рўйхати ва улар ҳақидаги маълумотлар  киритиб борилади. Бунда, биринчидан, битирувчиларнинг олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқиш, тадбиркорлик ёки бошқа қонуний фаолият билан шуғулланиш ҳақидаги хоҳиш-истаклари  аниқланиб, дастурда қайд этилади. Иккинчидан, битирувчиларнинг хоҳиш-истаклари бўйича олий ва ўрта-махсус таълим муассасаларида таълимни давом эттираётганлиги ёхуд тадбиркорлик фаолияти билан  шуғулланаётганлиги мониторинг қилиниб, таълимнинг кейинги босқичига кира олмаган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошира олмаганлар аниқланади. Кейинчалик мониторинг натижаларидан келиб чиқиб, битирувчиларнинг ишсиз, фаолиятсиз қолган, ижтимоий нофаол қисми билан алоҳида шуғулланилади. Дастурга киритилган ҳар бир битирувчининг ижтимоий ҳолатини белгилаш йил охиригача давом эттирилади ва йил якуни бўйича  банд бўлмаган битирувчиларнинг алоҳида рўйхати шакллантирилиб, кейинги йил Дастурига киритилади.

Мактаб битирувчиларининг таълимдан кейинги даврдаги ҳолатини мониторинг қилишга барча таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, Бандлик ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда ички ишлар органлари, шунингдек, сектор раҳбарлари жалб қилинди.    Ҳозирда вилоят прокуратураси томонидан умумтаълим мактабларини 2019-2020 ўқув йилида битирган жами 47553 нафар ўқувчиларнинг рўйхати ва улар ҳақидаги маълумотлар дастурга тўлиқ киритилиши таъминланиб, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАЛАШ

Эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қуввалаш борасидаги ишлар ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик,  деҳқончилик қилишлари, саноат лойиҳаларини амалга оширишлари, қурилишда ишлашлари, жамоат ишларида ва ўзини-ўзи  банд этиб, даромад олишлари учун ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатилмоқда.  Асосий эътибор бу каби оилаларга  доимий даромад манбаини яратиб бериш орқали эҳтиёжмандлик тоифасидан чиқаришга қаратилмоқда. Прокурорлар секторидаги  9299 та эҳтиёжманд оилалардан 4589 таси тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг сессияларида кўриб чиқилиб, ушбу тоифадан чиқарилди. 7344 нафар  ёки меҳнатга лаёқатли жами ишсизларнинг  97,9 фоизини бандлиги таъминланди.

Эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида 22980 маротаба  13 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилди. Хусусан, 2 миллиард 400 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди, пластик карталарига 434 миллион 200 минг сўм ўтказиб берилди, 258 та эҳтиёжманд оилаларнинг   коммунал тўловлардан 19 миллион 400 минг сўмлик қарзлари тўлаб берилиши ҳамда 343 миллион сўмлик турли хил истеъмол маҳсулотлари беғараз етказиб берилиши таъминланди. Бундан ташқари, 458 та хонадонларга иссиқхоналар қуриб берилди ҳамда 700дан зиёд хонадонларга боқиб, кўпайтириб, даромад олишлари учун қорамол, қўй, товуқ, қуён ва асалари уялари тарқатилди. Жумладан, Данғара тумани, “Катта Ганжиравон” маҳалласида яшовчи 3 нафар фарзандини тарбиялаётган 2-гуруҳ ногирони Ш.Ибрагимов, Учкўприк тумани, Ғанчи қишлоғида яшовчи ёлғиз ўзи 2 нафар вояга етмаган фарзанини тарбиялаётган Н.Аҳмедовага ҳомийлик маблағлари ҳисобидан соғин сигирлар топширилди.

Вилоят фермер хўжаликларида  бу йил ҳам мўл ғалла ҳосили етиштирилди. Дон етказиб бериш режалари бажарилди. 2-сектор раҳбарларининг ташаббуси билан 1258 нафар эҳтиёжманд оилаларнинг моддий шароитини яхшилаш мақсадида 397 гектар ғалладан бўшаган ер майдонлари бир сўм қийматда такрорий экин экиб, фойда олиш учун ижарага берилди.

ТАДБИРКОРЛИК

Ишсизликни бартараф этишнинг асосий омили – тадбиркорлик ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда, янги иш ўринлари яратиш рағбатлантирилмоқда.  Тадбиркорларнинг фаолиятига асоссиз аралашиш ва ноқонуний текширишларнинг олдини олиш тадбирлари мунтазам амалга оширилмоқда. Назорат тадбирлари давомида 11 та ҳолатда ноқонуний текшириш ўтказилгани  аниқланиб, айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи ҳал этилди.

Хусусан, “Ўзгазнефтинспекция” Фарғона ҳудудий бўлими етакчи мутахассиси  томонидан  “Петро Оптимал” МЧЖга қарашли  АЁҚШда автомобилларга бензин белгиланган меъёрда қуйилиши, бензин сифати ва бошқа ҳолатлар бўйича текшириш ўтказилган. Натижаси бўйича маълумотнома расмийлаштирилган. Бироқ, ушбу текшириш тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишиш ёки хабардор қилиш учун электрон рўйхатга олиш ягона тизимига киритилмагани  аниқланиб, етакчи мутахассис А.Абдулатипов маъмурий жавобгарликка тортилди.

Шунингдек, ишни тўхтатган тадбиркорларнинг муаммоларини бартараф этиш орқали фаолиятларини тиклаш чоралари кўриляпти. Коронавирус пандемияси оқибатида вилоятда 15137 юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини тўхтатган. Назорат тадбирлари давомида  11902 тасининг фаолияти тикланиб, 47987 нафар иш ўринлари сақлаб қолинди. Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларининг 3457 тасига ваколатли ташкилотлардан рухсатномалар олиш, 4245 тасига маҳсулотини реализация қилиш, 1457 тасига кредит олиш, 1687 тасига имтиёз ва преференциялар қўлланиши ва 1056 тасига бошқа масалаларда амалий ёрдам кўрсатилди. Ҳозирда қолган юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолиятини тиклаш чоралари кўрилмоқда.

Ўтган даврда иккита ҳолатда ортиқча ҳисобланган жами 43 миллион 500 минг сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш хусусида судларга даъво аризалари киритилди.  Тадбиркорликка оид қонунчилик ижроси бўйича назорат тадбирлари натижасида аниқланган қонунбузилиш ҳолатларига нисбатан 15 та тақдимнома киритилди, 27 нафар шахс интизомий, 21 нафари маъмурий жавобгарликка тортилиб, 486 нафар тадбиркорларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Вилоят прокуратурасининг ташаббуси билан “Тадбиркор – бош ислоҳотчи” тамойили асосида пандемия даврида тадбиркорларни масофадан туриб, онлайн тарзда мурожаат йўллашлари учун қулайлик яратиш, тадбиркорлар, шу жумладан, инвесторларнинг муаммоларини ўрганиш, уларга яқиндан амалий ва ҳуқуқий кўмак бериш, соҳага оид қонун ҳужжатларининг маъмун-моҳиятини етказиб бориш мақсадида  “Telegram”  ижтимоий тармоғида “Тадбиркорга кўмак” расмий ахборот канали ишга туширилди. Ушбу ахборот канали орқали бугунга қадар 300га яқин тадбиркорларнинг масофадан туриб йўллаган мурожаатлари онлайн режимда қабул қилиниб, қонуний ҳал этилиши таъминланди.

МАСОФАДАН ТУРИБ МУРОЖААТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ БЎЙИЧА ЯНГИ ДАСТУР ИШГА ТУШИРИЛДИ.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги  бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг халқаро-ҳуқуқий масалаларга доир мурожаатларини масофадан туриб қабул қилиш, уларга ҳуқуқий ва амалий кўмак бериш, муаммоларини қонун доирасида кўриб чиқиб, ҳал этиш мақсадида  “Telegram” ижтимоий тармоғида “Xalqaro huquqiy masalalar boyicha komak” канали ишга туширилди. Бундан ташқари, фуқароларнинг мазкур соҳадаги ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши ва ҳар қандай тўсқинлик билан боғлиқ ҳолатларга доир мурожаатларни масофадан туриб қабул қилиш мақсадида “passport nazoratibot” телеграмм бот тизими яратилди.  Ушбу телеграмм бот орқали фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқароларининг электрон мурожаатлари онлайн режимида қабул қилиниши йўлга қўйилди. Ҳозирга қадар ушбу телеграмм ботга фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан жами 31 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 27 таси бўйича тушунтиришлар берилди, 3 та мурожаат муаллифларининг талаблари қаноатлантирилди. Хусусан, фуқаролиги йўқ Сардорбек Арзиевнинг мурожааати ўрганилиб, вилоят прокуратурасининг аралашуви билан унга фуқаролик паспорти олиб берилди.

“МАҲКУМЛАРНИ ЭЛЕКТРОН НАЗОРАТ ҚИЛИШ МЕХАНИЗМИ” ДАСТУРИ

Вилоят прокуратураси томонидан ИИБ Пробация ҳисобида турган маҳкумларни самарали назорат қилиш учун  “Маҳкумларни электрон назорат қилиш механизми” Дастури ишга туширилиб, 7386 нафар пробация ҳисобида турган маҳкумлар рўйхати шакллантирилди.

Дастур ишга туширилиши натижасида ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилиниб, ишга жойлаштирилмаган 16 нафарининг бандлиги ҳамда жазо талабларини етарли даражада амалга оширган 32 нафарини муддатидан аввал шартли равишда озод қилиниши ҳақида судларга тақдимномалар киритилиши таъминланган.

Шу билан бирга, дастур асосида озодликни чеклаш ва шартли ҳукм қилинганлар суд ҳукмида белгиланган талабларга амал қилишининг аҳволини кунлик тўлиқ назорат қилиб бориш ҳам йўлга қўйилган.

“ТЕЗ ЁРДАМ”

Бугунги пандемик вазиятда аҳолига ўз вақтида ва сифатли тиббий хизмат кўрсатилиши долзарб масалалардан биридир. Фуқароларнинг ўзлари безовта бўлаётган ҳолатлар юзасидан “103” рақами орқали қилган мурожаатларини тезкорлик билан қабул қилиниши ҳамда шошилинч ёрдамга муҳтож ҳар бир кишига юқори сифатли тиббий хизматларни ўз вақтида кўрсатилиши бугунги куннинг асосий талабидир.

Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан “Тез тиббий ёрдам” станциялари ва шахобчаларидаги чақирувларни ўз вақтида қабул қилиниши ва тиббий ёрдам кўрсатилиши аҳволи устидан қатъий назорат ўрнатилган. Муассасаларнинг моддий-техник ҳолати ўрганилиб, назорат тадбирларини амалга ошириш билан бирга, аҳолига тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва зарур шарт-шароит яратиш юзасидан ҳам амалий чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, вилоятдаги барча “Тез ёрдам” бўлимлари раҳбарлари ҳар бир қўнғироқ асосида жойига белгиланган муддатда етиб боришини таъминлаш чораларини кўриши ва қонун бузилишига йўл қўймаслик борасида расман огоҳлантирилди.

Прокуратура органларининг бевосита ташаббуси билан “Тез ёрдам” бўлимлари биноларининг 7 тасида бюджет ва ҳомийлик маблағлари ҳисобидан жорий қурилиш-таъмирлаш ишлари ташкил қилинди.

Фарғона шаҳридаги 2 та ва Фурқат туманидаги “Тез тиббий ёрдам” подстанцияларида таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари якунланди.  Риштон, Бешариқ ва Фарғона туманларида таъмирлаш ишлари тез орада тамомланади.

Вилоятдаги “Тез ёрдам” станцияларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 20 та янги “Тез ёрдам” автотранспорт воситалари олиб келиниб, махсус автомобилларнинг радиоалоқа  билан тўлиқ таъминланиши учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди.

Фарғона вилоят прокуратураси органлари томонидан 2020 йилнинг 6 ойида соғлиқни сақлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан ўтказилган текширишлар давомида қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 58 та тақдимнома киритилди, 151 нафар мансабдор шахс интизомий, 9 нафари маъмурий жавобгарликка тортилди, қўпол қонун бузилишлар юзасидан 18 та жиноят иши қўзғатилди, 132 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

ХУЛОСА

Давлатимиз раҳбари халқимизга мурожаатида “Такрор айтаман, биз энди пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Чунки, ҳаёт давом этмоқда. Ҳаёт биздан ақл-идрок, сабр-тоқат, метин интизом билан ҳаракат қилишни талаб этмоқда” дея таъкидлади. Коронавирус вабоси тарқалишининг олдини олишга қаратилган карантин чекловлари давомида  энг асосий вазифаларимиз  – ўзни  асраш қоидаларига амал қилган ҳолда ижтимоий-иқтисодий муаммоларни қонуний ҳал этиб бориш, қишлоқ хўжалиги кластерлари, фермер хўжаликлари, тадбиркорларга ҳуқуқий ва амалий ёрдам кўрсатиш,  саноат, қурилиш корхоналари  маромида ишлашини таъминлашдан иборатдир.

Ҳамиша соадатли лаҳзаларни шукроналик билан, синовли дамларни сабр билан қарши оладиган ҳар бир ватандошимизни бугунги вазият ҳар тарафлама синовдан ўтказаётгани бор гап. Мана шундай синовли кунларда одамлар саломатлиги биринчи галдаги вазифа сифатида  устуворлик касб этган, уларга кўрсатиладиган сифатли тиббий хизматга талаб ортган экан, бу борада келиб чиқадиган муаммоларни батараф этиш ҳам ўта муҳимдир. Тиббиёт муассасаларининг зарур жиҳоз ва ускуналар билан таъминланиши алоқа ҳамда хизмат сифати ортишига, пировардига юртдошларимиз ҳаётини сақлаб қолишга кўмак бўлади.

Нодиржон ДЖАЛОЛОВ, Фарғона вилоят прокурорининг катта ёрдамчиси.     

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *