Кўрилди

Сифатли тергов – одил судловнинг гаровидир

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасида, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги ҳақидаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи асосий принциплардан бири баён этилган. Зеро, жамиятда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, унинг бошқа барча ижтимоий муносабатлардан устуворлигини таъминлаш ҳуқуқий давлатнинг энг асосий вазифаси ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев томонидан, Республика Олий Мажлиси Сенати раиси, Қонунчилик палатаси спикери, Бош вазир ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирокида 2020 йил 30 июнь куни “Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар” юзасидан ўтказилган видеоселекторда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қанча масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Президент ўз нутқида судлар томондан амалга оширилган ишларга тўхталиб, сўнги уч йилда судьялар томондан ишларнинг холисона ва атрофлича кўриб чиқилаётгани туфайли ноҳақ жавобгарликка тортилган 2273 нафар шахслар оқлангани, 3500 дан ортиқ шахслар судлар томондан қамоқдан озод этилганини айтиб, бу ижобий ишлар фуқароларнинг одил судловга ишончи ортишига сабаб бўлганини таъкидлади.

Шу билан бирга, давлат раҳбари ҳали жамиятда инсон ҳуқуқлари ҳимояси тўлиқ таъминланмагани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томондан гумондор ва айбланувчиларга нисбатан қийноққа солиш ҳолатлари содир этилаётгани ҳамда судлар ва тергов органлари фаолиятида ҳам қатор камчиликлар кўриниб қолаётгани ҳақида ўзининг фикрларини баён этди. Президентимизнинг суд-ҳуқуқ тизимидаги мавжуд муаммолардан тўлиқ хабардор экани, “тергов сифатини оширмай туриб одил судловга эришиб бўлмайди” деб таъкидлаганида ўз исботини топди. Дарҳақиқат, судья муҳокама қилаётган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, холисона, қонун талабларига риоя этилган ҳолда томонлар келтирган важлар тўлиқ текширилиб, сўнгра тўпланган далиллар асосида шахснинг қилмишига баҳо берилган бўлса, судлар иш бўйича адолатли ва қонуний қарор қабул қилишда янглишмайди.

Ўзбекистон Республикаси жиноят процессуал кодексининг 22-моддасида, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ҳақиқатни аниқлаши, яъни жиноят юз бергани, унинг содир этилишида ким айбдорлиги ва барча бошқа ҳолатларни аниқлаши шартлиги, иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан, ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқилиши кераклиги принципиал норма сифатида мустаҳкамланган. Қонуннинг ушбу талаби жиноят процессининг барча ваколатли шахслар учун мажбурийдир, аммо айрим ҳолларда терговчилар томондан юқоридаги қонун талабларига риоя этмаслик ва айбсиз шахсни жиноий жавобгарликка тортиш ҳолатлари ҳамон амалиётда учрамоқда. Жумладан,  жиноят ишлари бўйича Қува туман судида И.Т.ни Ўзбекистон Республикаси ЖК 168-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблаш ҳақида жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Терговчи, И.Т.ни оғир жиноятни содир этишда айблаб, у томондан жабрланувчи А.Э.га ёзиб берилган тилхатни асосий далил деб топган ва мазкур тилхат ёзилганда иштирок этганини айтган гувоҳ И.А.нинг кўрсатувига асосланган. Тилхатда И.Т. жабрланувчи А.Э.га уй олиб беришни ваъда қилиб, 12 минг АҚШ доллари олгани баён этилган. Гарчи, И.Т. дастлабки терговда ўзига қўйилган айбловни рад этиб, айбсизлигини тасдиқлайдиган далиллар келтирсада, терговчи ишни бир ёқлама олиб борган, айбланувчини қоралаш билан бир қаторда уни оқлаши ҳам мумкин бўлган далилларга эътибор қаратмай, ишни айблов хулосаси билан прокурорга юборган. Мазкур иш судда муҳокама этилганда, жабрланувчи А.Э. ва гувоҳ И.А.нинг ўртасидаги турли қарама-қаршиликлар уларнинг кўрсатувлари тўғрилигига судда шубҳа уйғотди, судланувчи И.Т. келтирган важлар текширилганда унинг кўрсатувлари иш ҳолатларига мослиги, яъни судланувчи И.Т жабрланувчи А.Э.дан бир неча йилдан буён фоизи билан қайтариш шарти билан пул олиб тадбиркорлик қилгани, сўнги йилда иши юришмай катта зарар кўргани ва А.Э.дан қарз бўлиб қолгани, А.Э. олган пулларни қайтаришни талаб қилиб унга босим ўтказгач юқоридаги тилхатни ёзиб бергани, уни ёзганда ҳеч ким гувоҳ бўлмагани, аслида ўзи А.Э.га уй сотиб олиб бериш учун пул олмагани аниқланди. Суд томондан тилхатни остига иштирок этганини тасдиқлаб исм-фамилиясини ёзган гувоҳ И.А.нинг имзоси бўйича тегишли экспертиза ўтказилиб, унинг хулосаси олинди, судланувчининг тадбиркорлик қилгани, бунинг учун А.Э.дан қарзга пул олгани ва ишнинг бошқа барча ҳолатлари атрофлича ўрганиб чиқилиб, судланувчи И.А.нинг ҳаракатида жиноят таркиби йўқ деган хулосага келди ва мазкур айблов бўйича И.Т. оқланди.

Юқоридаги мисол, терговчининг ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндошгани, иш ҳолатларини тўлиқ аниқланмагани, келтирилган важлар атрофлича текширилмай қонун талабларига риоя этилмагани И.Т.ни ноҳақ айбланишига сабаб бўлганини кўрсатади.

Президентимиз таъкидлаганидек, келгусида тергов тизимини янада такомиллаштириш, тергов ходимларининг малакасини ошириш, “терговчилар мактаби”ни ташкил этиб, улар томондан ишларни сифатли ва объектив тергов қилишга эришиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва судлар томондан одил судловни тўлиқ амалга оширишга имкон яратади деб ишонаман.

З.Омонов, Жиноят ишлари бўйича Қува туман суди раиси.                

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *