Кўрилди

ШУБҲА ЖИНОЯТГА БОШЛАДИ

Абдурасул эшикдан кира солиб йиғлаб юборди.

–Нима бўлди, жоним болам, айтақол? – бошини силади бувиси.

Мурғак қалб эгаси эса онаси уйда қотиб ётганлигини, ҳарчанд бақирса ҳам эшитмаётганлигини айтиб, йиғлаётганди. Дарҳақиқат, ичкарига кирганларида, келини Манзурахон кроватда бехуш ётарди. Афтидан, у ўз жонига қасд қилганди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган текшириш жараёнида, марҳуманинг ўлими бошқа шахс томонидан амалга оширилгани рад этиб бўлмас далиллар билан ўз тасдиғини топди. Йиртилган дераза пардалари ҳам бундан гувоҳлик бериб турарди. Вақт ўтиб, ушбу жиноятни марҳуманинг қайнукаси содир этганлиги аниқланди.

Маълум бўлишича, Шерзод Мираҳмедов қўшни кўчада яшовчи акасининг фарзандларидан хабардор бўлиб турган. Табиийки, бу жигар-бағирлик билан изоҳланади. Кунларнинг бирида акаси билан телефон орқали сўзлашган ука бир неча йиллардан буён Россиянинг Смоленск ва бошқа шаҳарларида ишлаб юрган акасининг ҳолини сўрайди. Шу аснода у келинойиси Манзурадан шубҳалана бошлайди. Жиянларга беэътибор, юриш-туриши ўзгарганми, деган маънода. Кунлардан бирида акасининг ўғли Абдурасулни излаб акасиникига киради. Бола эса ўзи овқат тайёрлаётганини кўради. Онаси нима қилаяпти экан, деган ўй унинг борлиғини эгаллаб олади. Жиянини ўз уйига олиб чиқиб овқатлантиради ва яна келинойиси ҳузурига қайтади.

Икки орада табиийки, гап қочиб, «сен-мен»га борилади. Худди шу аснода Шерзод ожиз аҳволдаги аёлга ташланади ва уни ҳаётига зомин бўлади. Ўзи эса жиноят изларини яшириш мақсадида келинойисини кроватга ётқизиб, унинг бўйнига шарфини маҳкам боғлайди. Бироқ, бу уриниш билан у юқорида келтирилганидек, қонун ҳимоячиларини алдаёлмади. Марҳума танасидаги жароҳат излари сирни фош этиб қўйди. Тез орада қўлга олинган золим қайнуканинг қилмиши жиноят ишлари бўйича Шаҳрихон туман суди биносида бўлиб ўтган мажлисда муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг маълум модда ва бандларига кўра айбли деб топилган Шерзод Мираҳмедов суд ҳукми билан 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Энди у қилмишига яраша жазосини олади. Энг ёмони, бир оиладаги маънавий муҳитнинг бузилиши жиноятга йўл очди.

Носиржон ЭРГАШЕВ, Андижон вилояти, Шаҳрихон туман прокуратураси терговчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *