Кўрилди

Шайтонга қўл берган аёллар

Аёл. Ушбу каломни тилга олар эканмиз, беихтиёр кўз ўнгимизда оқ ҳарирга ўралган фаришта ёки ҳаётнинг паст-баланд йўлларида қадди дол бўлган, бугунги кунда турли соҳаларда ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилиб, жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган хотин-қизларимиз сийрати гавдаланади. Ва баъзан қайсидир ҳуқуқбузарлик ёки жиноятни содир этиб судланаётган, ўзларининг нобакорликлари билан мўътабар аёлларимиз шаънига доғ тушираётганлар ҳам аёллар эканига ҳам, афсуски, кўз юмолмаймиз.

Жойларда олиб борилаётган тушунтириш ишларига қарамай, Фарғона шаҳри ҳудудида ҳали-ҳануз ўз яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил этиш ва уни сақлаш, кўнгил кўчасидаги сазойиларга «холис хизмат» кўрсатиб, мўмай даромад топиш илинжида бўлганлар учраб турибди. Қўшмачиликни ўзларига касб қилиб олган баъзи аёллар эса на қонунни англаб етади ва на жамият ва маҳалла-кўйдан бир кунда файзу баракани кўтариб кетувчи «касби касофат» ҳақида ўйлашади.

Судланувчи Сайёра Маҳмудова ҳам ғаразли ва паст ниятларда ўзига тегишли бўлган Фарғона шаҳар, Низомий номли кўча, 13-уйнинг 39-хонадонида 20 минг сўм эвазига Н.Мамарасулов ва Н.Ортиқоваларга хонадони тўрини бўшатиб берганлиги аниқланган ва мазкур ҳолат қонун доирасида расмийлаштирилган.

Паст ва ғараз ниятларда даромад топишни нафақа ёшидаги судланувчи Надежда Бабарикина ҳам ўзига касб қилиб олганлардан экан. Ушбу аёл ҳам ўзига тегишли бўлган Фарғона шаҳар, Ойбек номли кўча, 39-уйнинг 8-хонадонида фоҳишахона сақлаб, фуқаролар М.Ҳошимов, З.Жуманиёзова, Ш.Раҳимов ва Р.Раҳимоваларни 100-120 минг сўм эвазига қўшган пайтда кирдикорлари фош бўлди.

Юқоридаги ҳар икки ҳолат бўйича судланувчиларга нисбатан қонун доирасидаги жазо чоралари қўлланилди.

Инсон ҳаётга бир марта келади. Демакки, ўз ҳаёт йўлини ўзи хоҳлаганидек безатишни истайди, мўъжизалар кутиб яшайди. Бироқ бир муддатли роҳат-фароғатни ўйлаб, охир-оқибат, қўшмачиларга қул бўлиб қолаётганлар ҳам афсуски, орамизда учраб турибди.

Жамиятимизда ушбу иллатига қарши курашишда барча бирдек оёққа туриши керак, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни самарали ташкил этиш, тарғибот ишларини янада кенг кўламда олиб бориш талаб этилмоқда. Ана шундагина фоҳишалик ва қўшмачилик жинояти юртимиз бўйлаб кенг қулоч ёза олмайди ва халқимизга ундан зиён-заҳмат етмайди.

Авазбек ИНАМОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди раиси вазифасини бажарувчи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *