Кўрилди

САЙЛОВ КОДЕКСИ: ЯНГИ МЕЗОН ВА ЯНГИ ТАЛАБЛАР

22 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига сайловлар куни

Хабарингиз бўлса, бу йилги сайловлар муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси асосида ишлаб чиқилган Сайлов кодекси талаб ва мезонлари асосида ташкил этилмоқда.

Янги Сайлов кодексида муддатидан илгари овоз бериш ва сайлов куни овоз бериш учун ягона сайлов бюллетенини жорий этиш орқали “сайлов варақаси” тушунчаси чиқариб ташланиб, овоз бериш жараёнида сайловчилар бир нечта белгилардан (+, v, x) биридан фойдаланишлари мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, сиёсий партияларга сайловда қатнашиш ҳуқуқини берувчи имзо йиғиш жараёнида сайловчилар томонидан бир ёки бир нечта партияларни қўллаб-қувватлаб имзо қўйишлари мумкинлиги белгиланди. Маълумки, бугунги кунда озодликдан маҳрум этиш жойларида сақлаб турилган барча шахсларга сайловда иштирок этиш тақиқланган. Бироқ, Сайлов кодексида ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди.

Сайлов кодексида бир қатор процессуал нормалар, яъни сайлов жараёнлари билан боғлиқ бир қатор янги қоидалар жорий этилди. Жумладан, сайлов участкасида овозларни санаш баённомасининг нусхасини дарҳол жойлаштириш тартиби белгиланиб, овоз бериш тугаганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан амалга ошириладиган ҳаракатлар (овозларни санаб чиқиш, баённома тузиш ва бошқалар) кўрсатилди; фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари томонидан участка сайлов комиссияси аъзолигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш тартиби ўз ифодасини топган. Қонунчилик палатасига, маҳаллий Кенгашларга сайлов бир вақтда ўтказилган тақдирда ягона сайлов участкаларини тузиш белгиланди. Илгари Марказий сайлов комиссияси қарори билан тасдиқланган Олий Мажлис Сенати аъзоларини сайлаш тартиби тўғрисидаги низом бекор қилиниб, Сенат аъзоларини сайлаш масаласи Кодексда мустаҳкамлаб қўйилди. Номзодлар ишончли вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги сафар харажатлари сайловни ўтказиш учун ажратилган маблағлар ҳисобидан тўланиши тартиби белгиланди.

Мазкур ҳужжатда Марказий сайлов комиссияси аъзоларига нисбатан талаблар қайд этилди. Ушбу талабларга мувофиқ йигирма беш ёшга тўлган, қоида тариқасида, олий маълумотга, сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш борасида иш тажрибасига эга бўлган, жамоатчилик ўртасида обрў-эътибор қозонган ҳамда камида охирги беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаб турган фуқаро Марказий сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин.

Марказий сайлов комиссияси аъзолари мақом бўйича Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларига тенглиги ҳақидаги норма киритилди.

Бундан ташқари, кодексда қуйи даражадаги сайлов комиссияси аъзолари учун ҳам янги талаблар ўрнатилди. Ушбу талабларга мувофиқ, номзодларнинг яқин қариндошлари ва ишончли вакиллари, шунингдек, номзодларга бевосита бўйсунувчи шахслар сайлов комиссиясининг аъзолари бўлиши мумкин эмас.

Кодексда қатор халқаро ташкилотлар, хусусан, ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси ҳамда Венеция комиссияси томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар ҳам ўз аксини топди. Жумладан, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятларни содир этган шахсларнинг сайловда иштирок этишини чекловчи нормалар чиқариб ташланди; сайлов округларини тузишда сайлов округларидаги сайловчилар сонининг йўл қўйиладиган максимал четга чиқиши 10 фоиздан ошмаслиги шарт қилиб қўйилди; Қонунчилик палатасига сайловлар бўйича сайлов округларини тузишда Марказий сайлов комиссияси вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг эмас, балки халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг тақдимномаларига асосланиши кўзда тутилиб, сайловчилар рўйхатига ўзгартишлар киритиш сайловга 3 кун қолганида тўхтатилиши, муддатидан олдин овоз бериш сайловга 3 кун қолганида (амалдаги 1 кун ўрнига) тўхтатилиши белгиланди.

Шунингдек, жиноят иши қўзғатилганлиги муносабати билан қонун олдида жавобгар бўлган фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида номзод сифатида рўйхатга олинишига рухсат этилиши назарда тутилди; сиёсий партиянинг у ёки бу шахсни номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан 15 кун қолганида бекор қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланмоқда, ташвиқот ишларини бошлашда барча номзодлар учун ягона муддат, яъни уларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирги куннинг эртасидан эътиборан бошланиши кўрсатилди. Ушбу ҳужжатга кўра, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига номзодларнинг ишончли вакиллари сонини 3 дан 5 кишигача кўпайтириш назарда тутилди, сайлов куни ва овоз бериш бошланишидан 1 кун олдин жамоатчилик фикри сўровлари натижаларини, сайлов натижалари прогнозларини, ўтказилаётган сайлов билан боғлиқ бошқа тадқиқотларни эълон қилиш тақиқланади.

Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси билан ишлаб чиқилган Сайлов кодекси ошкоралик, шаффофлик, ҳаққонийлик, холислик каби демократик принципларни ўзида акс эттириб, долзарб мазмун-моҳият ва улкан ҳуқуқий, ижтимоий ҳамда сиёсий аҳамият касб этади. Ушбу кодекснинг қабул қилиниши, аввало, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча амалий механизмларини, сайлов қонунчилигини тизимлаштириш ва унификациялаш, сайлов ҳуқуқи нормалари иерархиясини таъминлаш, сайлов жараёни очиқлигининг кафолатларини кучайтириш имконини беради.

Энг муҳими, Сайлов кодексининг ҳаётга татбиқ этилиши келгусида мамлакатимизда сайлов жараёнлари янада демократик тарзда ва ошкоралик руҳида ўтишини таъминлайдиган янги, илғор амалиётни жорий этишни ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлайди. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимиз сиёсий тизимини янада демократлаштириш ва сиёсий модернизация жараёнини чуқурлаштиришнинг муҳим омили ҳисобланади.

Маҳкамжон АБДУННАБОВ, Қувасой шаҳар маъмурий судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *