Кўрилди

Қайнона-келин жанжали…

Оила – бу эр-хотин, фарзандлар ва яқин қариндошлардан иборат бўлган кичик бир тузилма бўлиб, жамиятнинг асосини ташкил қилади. Албатта, оиланинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкам бўлиши лозим. Чунки, оила вужудга келиши билан унинг ҳар бир аъзоси маълум мажбурият ва ҳуқуқларга эга бўладилар. Агар эр-хотин, фарзандлар ва ота-она ўз мажбурияти ва ҳуқуқларини яхши англаса ва унга амал қилса, албатта, оилаларнинг тинчлиги, тотувлиги бузилмайди, муносабатлар дарз кетмайди.

Халқимиз оила – муқаддас даргоҳ деб бежиз айтмаган. Чунки, оила аъзолари бир-бирлари билан ўзаро меҳр-оқибат, муҳаббат, қондошлик, садоқат, вафо ришталари билан чамбарчас боғлиқ. Мана шундай инсоний туйғулар, узилмас ришталар билан тузилган “оила” деб аталмиш қўрғон албатта муқаддас бўлади. Албатта, оилани мустаҳкамлигида қайноналарнинг ҳам ўзига яраша ўрни бор.

Оиланинг дахлсизлиги кўп жиҳатдан қайнона ва келин муносабатларига боғлиқ. Қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши учун ўзларининг бемаъни истак-хоҳишларидан воз кечишса, эр-хотин биргалашиб курашсагина оилада ҳотиржамлик бўлади.  Бугунги кунда қайнона ва келин мавзуси энг долзарб ва муаммоли масалага айланиб улгурди. Чунки, оилавий келишмовчилик ва ажримлар ўрганилиб, чуқур таҳлил қилинганда, бу каби салбий ҳолатларга ушбу икки қаҳрамонимиз ўртасидаги тушунмовчиликлар асосий сабаблардан бири бўлиб кўзга ташланмоқда. Статистикада ёзилишича, ажримларнинг учдан икки қисми қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни ўзаро зиддиятга боришида экан. Оилавий муҳитни, айниқса, қайнона ва келин ўртасидаги алоқаларни мустаҳкам бўлишини истаган ҳар бири киши ислоҳотни аввало ўзидан бошласа мақсадга мувофиқ бўлади. Аслини олиб қараганда, қайнона ва келин оиланинг тинч, осуда ва фаровон бўлишига энг катта хизмат қиладиган оила вакилалари ҳисобланишади.

Қайнона ва келин ўртасидаги алоқалар гўзал ва чиройли бўлгани яхши. Лекин, иккиси ўртасидаги муносабатлар инқироз кўчасига кириб қолган вақтда ҳеч бўлмаганда инсонийлик нуқтаи-назаридан маҳалла-кўй олдида, фарзандалар қаршисида ақл ва зийраклик билан ҳаракат қилиш лозим.

Акс холда…

Бир мисолга этибор қаратсак. 2019 йил 13 декабрь куни ҳуқуқбузар Х.М. Наманган туманидаги ўзининг яшаш хонадонида келини – ҳуқуқбузар Ғ.М. билан уй юмушлари сабабли ўзаро гап тортишиб қолади. Қайнона келини Ғ.М.ни уриб, қасддан соғлигининг бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати етказади.

Шу куни Ғ.М.нинг отаси Ғ.И. соат 14:00 ларда қизи келин бўлиб тушган хонадонга хабар олиш учун борганида, қизини юзи кўкарганини кўриб, бўлиб ўтган воқеа нимада эканлигини тушуниб, қизи Ғ.М.ни у ердан олиб, шифохонага олиб боради. Аслида Ғ.М. ўзи ҳам ушбу масалага ойдинлик киритиб, оиланинг бузилмаслигини олдини олса бўларди, аммо, бундан аввал ҳам Х.М. келини Ғ.М.ни уриб, қовурғасини синдириб қўйган эди. Оилани мустаҳкамлаш ва уни асраб қолиш мақсадида қуда-андачилик ришталари узилиб кетмаслиги учун мурожаат қилмасдан Ғ.М.ни даволатишган эди. Андишанинг отини қўрқоқ билган Х.М.ни аввалги ҳолатдан хулоса чиқармагани отани мурожаат қилишга мажбур қилди.

Туман ИИБ ходимлари ушбу мурожаат бўйича суриштирув ишларини олиб бориб, тўпланган ҳужжатларни кўриб чиқиш учун Наманган туман маъмурий судига юборди.

Судда ҳуқуқбузар Х.М. ва Ғ.М. содир этган ҳуқуқбузарлик ҳаракати ўзлари ва гувоҳларнинг кўрсатмаларидан ташқари, ишдаги маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар, СТЭБнинг Ғ.М. соғлиғини бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати олгани кўрсатилгани ҳақидаги хулосаси, тушунтириш хатлари ва бошқа далиллар билан ўз исботини топди.

Ҳуқуқбузар Х.М. ўзининг қилмиши билан келини Ғ.М.га соғлиғини бузилишига сабабчи бўлмаган енгил тан жароҳати етказиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарни содир этди.

Ҳуқуқбузар Ғ.М. ўзининг қилмиши билан қайнонаси Х.М.нинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиб,  Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарни содир этганлиги исботланди.

Суд суриштирув органи томонидан ҳуқуқбузарлар Х.М. ва Ғ.М.нинг ҳаракатлари тўғри квалификация қилинган деб топиб, Х.М.га нисбатан жазо тайинлашда маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини енгиллаштирувчи ҳолат деб, жазони оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд эмаслигини, унинг шахсини, аёл киши эканлигини ва содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусиятини эътиборга олиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида 446 минг сўм жарима жазоси тайинлади.

Ҳуқуқбузар Ғ.М.га нисбатан жазо тайинлашда уни маъмурий жавобгарликка тортилмаганлигини енгиллаштирувчи ҳолат деб, жазони оғирлаштирувчи ҳолат мавжуд эмаслигини, унинг шахсини, аёл киши эканлигини ва содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусиятини эътиборга олиб, ҳуқуқбузарликни кам аҳамиятли деб ҳисоблаб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 41-моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган деб топиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 21-моддасига асосан маъмурий жавобгарликдан озод этиб, огоҳлантирди.

Бугунги кунда мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари қошида “Ёш оила мактаби” ва “Оила дорилфунуни” ташкил этилиб, ойда икки марта никоҳга ариза берган ёшлар ва мактаб, коллеж ўқувчилари ўртасида  ҳамкор ташилотлар билан биргаликда ўқув машғулотлари ўтказиб келинмоқда. Албатта, машғулотлар давомида ёшларга оиланинг муқаддаслиги, қайнона-келин муносабатлари, оиланинг тотувлиги ва мустаҳкамлигини таъминлашдаги асосий омиллар хусусида тушунтиришлар бериб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, оиланинг мустаҳкам бўлиши, оила аъзоларининг фарвонликда ва бахтиёр яшашлари ҳар жиҳатдан уларнинг ўзларига боғлиқ. Ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечиришни истайди. Ота-оналар ҳам ёшларга ўрнак бўлиб, тажрибаларини ўргатсалар, оиладаги гап-сўзларни маҳаллага, кўчага ёки келинларимиз ота-онасининг уйига ташимай жойида ҳал қилсалар, албатта, келиб чиқиши мумкин бўлган жанжалларнинг олди олинади, орадаги меҳр-оқибат йўқолмайди.

Умида СОЛИЕВА, Наманган вилояти, Наманган туман маъмурий судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *