Кўрилди

ПУЛНИ ОЛДИ-Ю…

Бугунги кунда ўқитувчи-мураббийларга, умуман, таълим соҳасига берилаётган эътибор ҳар қачонгидан ҳам аъло даражада бўлмоқда, деб баралла айтишимиз мумкин. Энг биринчи навбатда, мактаб ўқитувчиларининг ойлик маошлари кескин оширилди. Албатта, шунга яраша талаб ҳам бўлаётир.

Қисқача айтганда, бугунги мактаб ўқитувчиси ҳам ҳурмат-эътибор, ҳам моддий жиҳатдан энг юқори даражага кўтарилиб бораётир.

Аммо, шундай қулай шарт-шароитларда ишлаб ҳам нафси кўйига кириб, ҳатто фирибгарлик йўли билан ўзгаларнинг пулларини ўзлаштириб, алдаб, ўқитувчи деган улуғ номга доғ тушираётганлар ора-сира бўлсада орамизда учраб турибди.

Мўминали Деҳқонов Бувайда туманидаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабида 2015 йилнинг сентябрь ойидан буён маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

2019 йилнинг июнь ойи бошида унинг қўл телефонига нотаниш бир аёл телефон қилиб, учрашмоқчи эканлигини билдирди. Мўминали туман марказидаги почта боғланмаси олдига келди. Нотаниш аёл унга ўзини Н.Қамбарова деб таништириб, санъат коллежини тамомлаганлигини, лекин мактабда ишлаш истаги борлигини. Шу сабаб унга қалбаки бўлсада диплом кераклигини айтиб, диплом сотиб олишида ёрдам беришини сўради. Аввалига Мўминали бу таклифга кўнмади. Бироқ, нотаниш аёл орадан бир неча кунни ўтказиб, яна почта боғланмаси ёнида учрашувга таклиф этганида, унинг нафси ўша ерга чорлади. Бу галги учрашувда Мўминали қалбаки диплом топиш анча мушкул иш эканини, мабодо топилса ҳам мушук текинга офтобга чиқмаслигини айтди. Агарда 500 АҚШ долларини берса, Андижондаги коллежлардан бири билан гаплашиб, дипломни олиб бериши мумкинлигини билдирди. Нотаниш аёл пули озроқлигини, фақат 450 АҚШ долларинигина бериши мумкинлигини билдирди.

Мўминали мабодо қалбаки дипломни сотиб олишни уддасидан чиқолмаса, олган пулини қайтариб беришини айтди ва келишилган пул билан бирга паспортининг нусхаси, 3х4 ўлчамдаги фотосуратларини олиб келишини тайинлади.

2019 йил 10 июнь куни Н.Қамбарова Мўминалига телефон қилиб, келишилган жойда айтилган пулларни олиб келиб, кутиб турганлигини айтиб, келишини сўради.

450 АҚШ доллари “ишқида ёниб-куйган” Мўминали Деҳқонов Н.Қамбаровадан 450 АҚШ доллари, паспортининг нусхаси, 2 дона 3х4 ҳажмдаги фотосуратини олган вақтида Департамент ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Суд ҳукми билан эса нафси хакалак отган мактаб директори ўринбосари М.Деҳқонов тегишлича жазосини олди.

Аҳаджон ИСМОИЛОВ, Бош прокуратура ҳузуридаги ИЖҚК Департаментининг Бувайда туман бўлими инспектори.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *