Кўрилди

Профилактик тадбирлар натижаси

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасида ўтган 2018 йилда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Жумладан, солиқ идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида, солиқ қонунчилигини бузиб, солиқ ва мажбурий тўловларни ҳисоботлардан яшириб келган хўжалик юритувчи субъектларга қонунчиликда белгиланган янгиликлар тушунтирилганлиги натижасида 51 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан 7,5 млрд. сўмдан зиёд маблағлар давлат бюджетига ихтиёрий равишда тўланишига эришилди. Бу эса ўз навбатида мазкур хўжалик юритувчи субъектларнинг жиноий жавобгарликка тортилишидан сақлаб қолди.

Хусусан, бошқарма ва ҳудудий бўлимлар томонидан жойларда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ва тадбиркорликни янада ривожлантириш, тадбиркорлик субъектларига кредит, бино, ер ажратилишида ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишларида, шунингдек, уларни зарур хом ашё билан таъминлашдаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашувларни ва улар фаолиятининг ривожланишига тўсқинлик қилувчи бошқа салбий ҳолатларни олдини олиш масалалари юзасидан тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказилиб келинмоқда.

Чунончи, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркор ҳимоясига доир 2049 маротаба оммавий ахборот воситалари орқали ва 2518 маротаба маъруза, суҳбат ва бошқа оғзаки тадбирлар, жами 4567 маротаба профилактика-тарғибот тадбирлари амалга оширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан 2011 йил 6 апрелда тасдиқланган «Департамент зиммасига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда профилактика-тарғибот ишларини кучайтириш, фаолиятни такомиллаштириш, кадрларни танлаш, тайинлаш ва тарбиялаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастури» ижросини таъминлаш мақсадида тузилган вилоят ишчи гуруҳи томонидан шаҳар ва туманларга чиқилиб, 535 та маҳалла фуқаролар йиғинларида 13687 нафар фуқаро ва тадбиркорлар ўртасида учрашув ва йиғилишлар ўтказилиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқчи бўлганларга қонунчиликда белгиланган имтиёз ва яратилган имкониятлар ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.

Ўтказилган учрашувлар натижасида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 672 нафар фуқароларга кўрсатилган ҳуқуқий-амалий ёрдам туфайли 677 та янги иш ўринлари яратилди.

Шу жумладан, тадбиркорлик фаолияти билан давлат рўйхатидан ўтмасдан шуғулланаётган шахсларнинг фаолиятига қонуний тус бериш борасида олиб борилган тарғибот тадбирлари натижасида 332 нафар жисмоний шахслар давлат рўйхатидан ўтказилиб, 332 та янги иш ўринлари яратилди.

Бошқарма ва ҳудудий бўлимлар томонидан ўз фаолиятини тўхтатиш ва тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган тадбиркорлик субъектларининг раҳбарлари билан доимий равишда учрашувлар ўтказилиб, фаолиятларини тугатиш ва тўхтатишнинг асл сабабларини аниқлаш ҳамда мутасадди идоралар билан ҳамкорликда уларнинг фаолиятларини тиклаш чоралари кўриб келинмоқда.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, солиқ идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тарғибот тадбирлари натижасида солиқ қонунчилигини бузиб, солиқ ва мажбурий тўловларни ҳисоботлардан яшириб келган хўжалик юритувчи субъектларга қонунчиликда белгиланган янгиликлар тушунтирилганлиги натижасида 51 нафар тадбиркорлик субъектлари томонидан 7,5 млрд. сўмдан зиёд маблағлар давлат бюджетига ихтиёрий равишда тўланишига эришилди. Бу эса ўз навбатида мазкур хўжалик юритувчи субъектларнинг жиноий жавобгарликка тортилишидан сақлаб ќолди.

Мисол учун, Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасида Сўх туманидаги “Сўхгидроқурилиш” ва “Сўхгидротранс” МЧЖлар томонидан солиқ тўлаш тартиби нотўғри танланганлиги оқибатида бюджетга жами 1 млрд. 185 млн. 195 минг 900 сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар тўланмасдан қолганлиги аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддаси 4-қисмига асосан юқорида кўрсатиб ўтилган жамиятларга берилган бир ойлик муддат давомида улар томонидан қонунбузарлик ҳолатлари бартараф этилиб, тўланмасдан қолган солиқларнинг тўланиши таъминланганлиги сабабли, қонунбузарлик содир этган мансабдор шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилинди.

Бундан ташқари, Бағдод туманида жойлашган “Саддинисо-Хабибулло” хусусий корхонаси раҳбари Ғиёсов Жаҳонгир Саминжонович  суҳбат давомида, у хусусий корхонасининг асосий фаолият тури қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориш бўлиб, ҳозирги кунда корхонада 50 нафар ишчи-хизматчилари ишлаб келиши, Ўзбекистон Республикаси Президентининг одилона ва оқилона олиб бораётган сиёсати, яъни, тадбиркорлик фаолиятига кенг кўламда шароитлар яратиб, солиқ имтиёзлари берилаётгани, тадбиркорларга ўзларини фаолиятлари давомида ҳисобланган солиқларни ўз вақтида тўламаганлиги аниқланган тақдирда, уларни жазолаш ўрнига ушбу солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни ихтиёрий равишда ўз вақтида тўлашлари учун шарт-шароитлар яратиб бераётганлиги ҳақида гапириб, Департамент органлари ҳам тадбиркорларга жуда катта ёрдам бериб келмоқда, улар жазолаш органи эмас, балки тадбиркорларга яқиндан кўмак бериб  келишмоқда, деди. Мисол учун, Департаментнинг Бағдод тумани бўлими ходимлари томонидан мазкур хусусий корхона фаолияти юзасидан камерал назорати ўтказиш мақсадида Бағдод тумани Давлат солиқ инспекциясига асослантирилган алоқа хати юборилган. Туман ДСИ ходимлари эса ушбу хатга асосан камерал назорати ўтказиб, 74310,5 минг сўм миқдорида ягона солиқлар ҳамда 779639,2 минг сўм миқдорида қўшилган қиймат солиғи ҳисоблаб, Департаментнинг Бағдод тумани бўлимига тақдим қилган. Шундан сўнг, бўлим ходимлари хусусий корхона раҳбарини чақиртириб, тушунтириш ишлари олиб бориб, ушбу қўшимча ҳисобланган солиқларни тўлаб бериши учун белгиланган муддат берган. Хусусий корхона раҳбари берилган имкониятдан унумли фойдаланиб, ўз ихтиёри билан 2018 йилнинг 21 декабрь куни жами 854 миллион 19 минг 700 сўм миқдоридаги солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаб берганлиги сабабли, жиноий жавобгарликдан озод қилинди.

Бошқарма ва ҳудудий бўлимлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожланишидаги сунъий бюрократик тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш борасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, солиқ, тижорат банклари, архитектура, кадастр ва рухсат берувчи ҳамда бошқа назорат идоралари мансабдор шахслари томонидан содир этилаётган мансабини суиистеъмол қилиш ҳамда порахўрлик ва таъмагирлик жиноятларини фош қилиш  устувор вазифа сифатида белгиланиб, ўтган 2018 йилда бу борада олиб борилган тезкор-таҳлилий тадбирлар натижасида 56 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, айбдор шахс-ларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 56 та жиноят ишлари қўзғатилди.

Жумладан, Сўх туманидаги «Азамати Бузург» МЧЖ раҳбари И.Аловиддинов  ариза билан мурожаат қилиб, аризасида ўзи сотиб олган Сўх тумани марказида жойлашган бўш биноларни қайта таъмирлаб, тўйхона қуриб, тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида АТБ «Агробанк» Сўх тумани филиалидан йиллик 14 фоиз устама тўлаш шарти билан 500 миллион сўм кредит олиш учун ҳужжат тайёрлаб топширганлигини, мазкур банк бошқарувчиси ўринбосари «Шоҳиджон» исмли шахс вилоят «Агробанки»да юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали кредит маблағини тезроқ чиқартириб бериши эвазига ундан 1500 АҚШ доллари талаб қилаётганлигини маълум қилиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ариза юзасидан Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси, Сўх туман бўлими ва Сўх туман прокуратураси ҳамда ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан 2018 йил 31 май куни ўтказилган тезкор тадбирда АТБ «Агробанк» Сўх туман филиали бошқарувчиси ўринбосари Ш.Ҳалимов аризачи И.Аловиддиновнинг яшаш хонадонида кимёвий ишлов берилган 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Тезкор тадбир давомида Ш.Ҳалимов АТБ «Агробанк» Фарғона вилоят бошқармаси кредит бўлими бошлиғи С.Қўлдашев билан «Азамати Бузург» МЧЖга 500 миллион сўм кредитни тезроқ чиқартириб беришни гаплашганлигини, 1000 АҚШ долларини унга Сўх туманидан Фарғона шаҳрига қатновчи такси ҳайдовчилари орқали етказиб бериши кераклигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жиноятни очишда фаол ёрдам беришини билдириб берган пушаймонлик аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, АТБ «Агробанк» Фарғона вилоят бошқармасининг «Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш шўъбаси» мудири С.Қўлдашев ТАТУ Фарғона филиали биноси ёнида «ёлланма ҳайдовчи» Б.Эгамовдан кимёвий ишлов берилган 1000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Шунингдек, тадбирда С.Қўлдашев АТБ «Агробанк» Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Мамадалиевнинг талаби билан «Азамати Бузург» МЧЖга 500 миллион сўм кредитни тезроқ чиқартириб бериш эвазига пул олганлигини, 1000 АҚШ долларини унга бериши кераклигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жиноятни очишда фаол ёрдам беришини билдириб берган пушаймонлик аризасига асосан тезкор тадбир давом эттирилиб, АТБ «Агробанк» Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Мамадалиев Фарғона шаҳридаги «Трактир» кафеси ёнида С.Қўлдашевдан кимёвий ишлов берилган 1000 АҚШ долларини санаб олиб, 200 АҚШ долларини С.Қўлдашевга ёнида сақлаб туришини айтиб қайтариб бериб, 800 АҚШ долларини чўнтагига солган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Бундан ташқари, Х.Мамадалиев Республика «Агробанки»да ишловчи «Ойбек» исмли таниши билан «Азамати Бузург» МЧЖга 500 миллион сўм кредитни тезроқ чиқартириб бериш масаласида аввал гаплашганлиги учун пул олганлигини ва пулни «Ойбек» исмли шахсга бериши кераклигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, жиноятни очишда фаол ёрдам беришини билдириб берган пушаймонлик аризасига асосан давом эттирилган тезкор тадбирда, «Ойбек» исмли шахс телефонда Х.Мамадалиевга «Азамати Бузург» МЧЖга ажратилиши лозим бўлган 500 миллион сўмни 2-3 фоизи эвазига ушбу масала ҳал бўлишини, пулларни йўловчи такси орқали жўнатишини айтиб, 2018 йил 1 июнь куни ўтказилган тезкор тадбирда АТБ «Агробанк» Рес- публика марказий аппарати «Кредитлаш департаменти» бош мутахассиси О.Юсупов Тошкент шаҳар, Чилонзор туманидаги «Олтин маркази» ювелир магазини ёнида «ёлланма ҳайдовчи» Д.Додаматовдан кимёвий ишлов берилган 1300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Юқоридагиларга кўра, Департаментнинг Фарғона вилоят бошқармаси томонидан 2018 йил 2 июнда АТБ «Агробанк» марказий аппарати «Кредитлаш департаменти» бош мутахассиси О.Юсупов, АТБ «Агробанк» Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Мамадалиев, «Тадбиркорлик субъектларини кредитлаш шўъбаси» мудири С.Қўлдашев ва АТБ «Агробанк» Сўх тумани филиали бошқарувчиси ўринбосари Ш.Ҳалимовларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Департаментнинг Фарғона туман бўлими томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар Р.Саминов ва Х.Ҳайдаровларнинг аризалари  юзасидан  ўтказилган терговга қадар текширишда, Фарғона тумани ДСИ участка инспектори Д.Мелибоев ўзига бириктирилган “Оқбилол” МФЙ ҳудудида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётган Р.Саминов, Б.Ҳасанов, Н.Юнусов, А.Ҳусанов, Г.Муталибова, З.Бобоев ва Х.Ҳайдаровлардан солиқ тўловлари учун деб 11 миллион 3 минг сўм нақд пулларни йиғиб олиб, давлат бюджетининг тегишли ҳисоб рақамига топширмасдан, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборганлиги аниқланган.

Терговга қадар текширишда Д.Мелибоев томонидан тадбиркорларга етказилган моддий зарарлардан 2 миллион 6 минг сўми ихтиёрий қайтарилиб, баённома асосида қабул қилинган.

Юқоридагиларга кўра, Департаментнинг Фарғона туман бўлими томонидан 2018 йил 26 июнь куни Фарғона тумани ДСИ участка инс-пектори Д.Мелибоевга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Марғилон шаҳрида рўйхатдан ўтиб, фаолият кўрсатувчи «Автомобилист» хусусий корхонаси муҳандиси М.Умирзақов Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, аризасида Фарғона нефть маҳсулотларини сақлаш унитар корхонаси омборчиси «Муҳамадали» исмли шахс ҳар бир литр АИ-91 автоёнилғиси учун устама 250 сўм ҳамда ҳар бир литр АИ-80 автоёнилғиси учун устама 80 сўм, жами 2018 йил апрель ойида олган автоёнилғилар учун 6 миллион 429 минг сўм пул маблағларини таъмагирлик билан талаб қилаётганлигини билдириб, тадбиркорлик фаолиятини қонуний ҳимоя қилиш ва «Муҳамадали» исмли шахс ва бошқаларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Ушбу ариза юзасидан 2018 йил 3 май куни ўтказилган тезкор тадбирда «Фарғона нефть базаси» МЧЖ 1-сонли қуйиш ва тўкиш шохобчаси бўлим бошлиғи Азимов Муҳаммадали Адҳамович «Автомобилист» хусусий корхонаси муҳандиси М.Умирзақовдан ҳар бир литр АИ-91 автоёнилғиси учун 250 сўм ноқонуний устама ҳамда ҳар бир литр АИ-80 автоёнилғиси учун 80 сўм ноқонуний устама белгилаб, жами 2018 йил апрель ойида «Автомобилист» хусусий корхонасига берилган 9868 литр АИ-91 ҳамда 39630 литр АИ-80 автоёнилғилари учун 6 миллион 429 минг сўм пул маблағларини таъмагирлик билан Фарғона шаҳар «Риштон» чойхонаси олдида олган вақтида ушланиб, ундан кимёвий ишлов берилган ва «ПОРА-2018» ёзувлари мавжуд 6 миллион 429 минг сўм пул маблағлари ашёвий далил тариқасида олинган.

Департаментнинг Фарғона шаҳар бўлими томонидан «Фарғона нефть базаси» МЧЖ 1-сонли қуйиш ва тўкиш шохобчаси бўлим бошлиғи М.А.Азимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Нодирбек ИСМОНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК Департаменти Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *