Кўрилди

Пора олган жарима ҳам тўлайди

Яқин вақтларгача пора олган кимса албатта қамалмасдан қолмасди. Сўнгги йиллардаги суд амалиётининг янгиланган шаклларига бинонан, қонунларимизга киритилган янгиликларга асосан эндиликда пора олган кимса каттагина жарима тўлашига ҳам тўғри келмоқда.

Яқин вақтларгача пора олган кимса албатта қамалмасдан қолмасди. Сўнгги йиллардаги суд амалиётининг янгиланган шаклларига бинонан, қонунларимизга киритилган янгиликларга асосан эндиликда пора олган кимса каттагина жарима тўлашига ҳам тўғри келмоқда. Буни халқ тили билан айтганда, “Камбағални урмай-сўкмай, тўнини йиртиб қўйиш” билан баббаравар дейиш мумкин.

Фарғона Давлат Университетининг физика-математика факультетини физика кафедраси ўқитувчиси бўлиб ишлаган, ҳозирда вақтинча ишсиз бўлиб қолган Нодирбек Носиров ўтган галги ўқишга қабул жараёнида  Университетнинг “Ҳаётий фаолият йўналиши”га қабул комиссиясида абитурентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш билан шуғулланиб келган вақтида ўқишга кириш учун ҳужжат топшириб, лекин ўқишга кира олмаган Нозимахон Назирова билан танишиб қолган эди.

Нозимахон Нодирбекнинг Университетда ишламай қўйганини билмагани ҳолда, ундан ёрдам сўрай бошлади. Нодирбек Носиров эса Н.Назировани Университетнинг сиртқи таълим факультетига ўқишга киритиш эвазига 4000 АҚШ доллари ва укаси Назиров Бекзод Насридин ўғлини Университетнинг чақириққача ҳарбий таълим факультетига ўқишга кириши учун 3500 АҚШ доллари, жами 7500 АҚШ долларини берса, университетдаги юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали уларни ўқишга киришларида ёрдам бериши мумкинлигини айтиб, ваъда бериб   юборди. Аммо барибир ўзини Университетда ишламай қўйганини, ҳозирда ишсиз эканини билдирмади.

2018 йил 12 июль куни соат 15 ларда Н.Назирова унга қўнғироқ қилиб, ўзини ва укаси Б.Назировни ўқишга киритиш учун сўраган 7 минг 500 АҚШ долларини тайёрлаб қўйганини, пулни қачон олиб бориб беришни сўради. Нодирбек унга пулни эртага олиб келиб беришни айтди. 2018 йил 13 июль куни соат 12 ларда Н.Назирова унга бир неча маротаба қўнғироқ қилди. Ишлари билан банд бўлгани учун унинг қўнғироқларига Нодирбек жавоб бера олмади. Орадан бироз вақт ўтиб, физика-математика факультети ёнида турган вақтида  Н.Назирова яна телефон қилиб, унга сўраган доллари тайёр эканини айтди. Нодирбек Носиров унга ишдан чиқиб, шаҳар марказида кўришиб, ундан пулларни олишини айтди. Шу куни соат 17 ларда Н.Назирова қўнғироқ қилиб, қаерда эканлигини сўраганида, шаҳар марказидаги “Савдо мажмуаси”нинг асосий дарвозасидан киришдаги чап томонда жойлашган аммаси О.Раҳматуллаева ишлайдиган Матбуот дўконида кутиб ўтирганини айтди. Бироздан сўнг Н.Назирова етиб келди. Унга олиб келган пулларини ва укасининг ҳужжатларини аммаси О.Раҳматуллаевага беришини айтиб, ўзи четроқда турди. Аммаси пулларни санаб олаётиб, бироз нарида турган жияни Нодирбекга қарата “Пулларнинг чўғи баланд-ку” деб қўйди. Бироқ Нодирбек Носировнинг кўзлари аланг-жаланг, ўзи ўта хавотирда эди.

Бу бежизга эмас экан. Н.Назирова пуллар ва  ҳужжатлар нусхаларини бериб, дўкондан чикиши билан, Нодирбекнинг кўзи Матбуот дўкони томон яқинлашиб келаётган фуқаро кийимидаги уч-тўрт одамга тушди-ю, аммасига қарата “Тезда бу пулларни ҳалиги аёлга олиб бориб, қайтариб беринг” деб юборди ва ўзи дўкондан чиқиб, қоча бошлади. Лекин кутилмаганда унинг ҳаяжондан ва қўрқувданми қоқилиб, йиқилиб тушиши панд берди.

Жияни Нодирбек Носиров бегона аёлдан пора тариқасида 7 минг 500 АҚШ долларини олганини ҳалигача тушуниб етмаган аммаси кўчага чиқиб, пул бериб кетган Н.Назировани излаб тополмагач, таниш таксичидан бу пулларни уйига бериб юборди.

Тезкор тадбир иштирокчилари амма-жияндан 7 минг 500 АҚШ доллари қаерда эканини сўраб, қўл бармоқларидан нусхалар олаётган бир вақтда аммасининг эри ҳовлиққанича 7 минг 500 АҚШ долларини кўтариб Матбуот дўконида пайдо бўлиб қолди. Ахир уйида тинчгина ўтирган Нодирбекнинг поччаси осмондан тушгандек бўлиб қўлига етиб келган шунча долларларнинг қаердан келганини билишга ўта қизиққан экан-да.

Яқинда жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди ўзининг навбатдаги очиқ суд мажлисида судланувчи Н.Носировнинг қилмишларини муфассал кўриб чиқиб, Н.Носировга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисмига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 1 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баравари миқдорида 12 миллион 56 минг 800  сўм жарима жазосини тайинлади.

Феруза СИДДИҚОВА,

жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *