Кўрилди

Пора бермоқчи бўлган ҳайдовчи жазоланди

Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш энг муҳим масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан чоралар кўрилмоқда, балки оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан ҳам порахўрлик иллатини йўқ қилишга қаратилган қатор чиқишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) ва 211-моддасида (пора бериш), бу қилмишлар учун бир хил жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу моддаларнинг тегишли қисмига қараб, жарима жазосидан тортиб озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазолар қўлланиши назарда тутилган, яъни қисқа қилиб айтганда, пора олган ҳам ва пора берган ҳам бир хил жиноий жавобгарликка тортилади.

Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 4-қисмида, башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка мобайнида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилиши ҳам белгиланган.

Д.Тоиров (исм-шарифи ўзгартирилган) 1995 йилда туғилган, оилали, 2 нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси, юк ташувчи автомашинада ҳайдовчилик касби билан шуғулланади. У 2020 йил 26 январь куни “DAF” русумли юк автомашинасини Навбаҳор тумани ҳудудидан ўтувчи автомобиль йўлида бошқариб бориб, Навоий вилоят ИИБ ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатилиб, ҳужжатлари текширилганда, ҳайдовчилик гувоҳномаси талонининг муддати ўтганлиги аниқланиб, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинчалик тўхташ жойига олиб келган эди. Баённома расмийлаштирмасликни, ўзига тегишли транспорт воситаси ва Наманган вилоятида истиқомат қилувчи фуқаро Т.Мансуровнинг (исм-шарифи ўзгартирилган) автомашинасини вақтинчалик тўхташ жойидан чиқариб бериш эвазига 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора тариқасида таклиф қилди.

Д.Тоировнинг ноқонуний ҳаракатлари юзасидан ЙҲХБ инспектори билдиргиси асосида 2020 йил 26 январь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Навоий вилоят бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, Д.Тоиров ЙҲХБ ходимига таклиф қилинган 200 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни Навбаҳор туман ЙПХ блок пости биносида берган вақтда ушланди.

Д.Тоировнинг жиноят иши 2020 йил 28 апрель куни жиноят ишлари бўйича Навбаҳор туман судида кўриб чиқилди ва у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 211-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, ёшлиги, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, муқаддам судланмаганлиги ва содир қилган қилмишини тушуниб етганлиги эътиборга олиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик баравари миқдорида, яъни  11 миллион 150 минг сўм жарима миқдорида жазоси қўлланиб, 200 АҚШ доллари давлат фойдасига мусодара қилинди.

А.ИБОДОВ, жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти, Навбаҳор туман судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *