Кўрилди

Пора бериш ҳам жиноят

худди пора олиш сингари

Маълумки, жамият тараққиётига ҳамиша раҳна солиб турувчи энг хавфли иллат бу – коррупциядир. Одатда коррупция деганда биз кўпроқ пора олиш жиноятини тушунамиз. Аммо пора бериш, пора олиш-беришда воситачилик қилиш ёки пора беришга далолат этиш каби ҳаракатлар ҳам худди пора олиш сингари жиноят саналиб, қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Буни эса кимдир тушунади, бошқа биров йўқ. Айрим тушунган кимсалар бўлса айни ҳақиқатни тан олишни исташмайди.

Марғилон шаҳрида яшовчи Ҳожиакбар Тошматов (исм-шарифлари ўзгартирилган) ҳам ана шундай қилмиши учун суднинг қора курсисига ўтирди.

Тергов ва суд жараёнида аён бўлишича, Фарғона вилоят ИИБ йўл ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси 2-сафарбарлик гуруҳи инспектори Э.Бегматов 2020 йил 27 январь куни Фарғона шаҳар Аэропорт кўчасида хизмат фаолиятини олиб бораётганди. Шунда инспектор “ВАЗ 2106” русумли автомашинани тўхтатиб, ўзини таништиради. Сўнгра машинани бошқариб келаётган Ҳ.Тошматовдан ҳайдовчилик гувоҳномаси ва тегишли ҳужжатларини тақдим этишни сўрайди.

-Машинани акам учун янги сотиб олгандик. Лекин пулини тўлиқ тўламаганимиз сабабли ҳали унинг номига расмийлаштиролганимиз йўқ,-дея ер чизиб қолди.

Албатта, Ҳожиакбар билан бирга кетаётган Алиакбар ҳам укасининг гапини тасдиқлади. Бинобарин, Э.Бегматов бу хусусда маъмурий баённома расмийлаштиради. Кейин машинани 64-сонли жарима майдончасига киритиб қўяди. Бироқ Ҳ.Тошматов ҳуқуқбузарлигини тан олиш ўрнига инспекторга 200.000 сўм миқдорида пора таклиф қилади. Бунга жавобан эса Э.Бегматов пора олмаслигини, бундай қилмиш учун қонуний жавобгарлик белгилангани айтиб, ҳайдовчини огоҳлантиради. Аммо “қаҳрамон”имиз қани бунга тушунса ёки кўнса. Аксинча, кейинги галда пора миқдорини 500.000 сўмга кўтаради. Шунинг учун Э.Бегматов Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги билан мурожаат қилади. Пировардида Бош прокуратура ҳузуридаги  Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЎХБ(Ўз хавфсизлиги бошқармаси) Фарғона вилоят бўлими ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилиб, Ҳожиакбар Тошматов ЙПХ инспекторига 500.000 сўм пора бераётган пайтида ушланади.

Албатта, шундан сўнг Ҳ.Тошматовга нисбатан Жиноят кодексининг 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди эса унинг қилмишига яраша қонуний жазо тайинлади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эътирофга молик. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг қабул қилиниши эса бу борада яна бир дадил қадам бўлди.

Янги Фармонга биноан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Республикамизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишга масъул бўлган мазкур ваколатли орган Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир.

Хулоса қилиб айтганда, юқоридаги Фармон аҳолининг давлат органлари ва мансабдор шахсларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш баробарида тараққиётимизга кенг йўл очади. Бунинг учун эса барчамиздан коррупцияга қарши қатъий муносабат ва бирдек масъулият талаб этилади. Зеро, коррупция жамият тараққиётининг кушандасидир.

 

Авазбек ИНАМОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди судьяси.

Хуршид СУЛТОНОВ, “Инсон ва қонун” мухбири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *