Кўрилди

Палохондаги босқинчилик

33 ёшли Дмитрий Шин шу ёшида 3 маротаба қамалди. Унинг ҳамтовоғи Жавлон Пазилов 4 мартаба “ўтириб” чиқди.

Халқимизда “Бекорчидан худо безор” деган доно нақл бор. Айниқса айни куч-қувватга тўлаб, меҳнат қилиб яйрайдиган бир даврида бекор юрган бўлса-ю, устига-устак икки-уч маротаба қамалиб ҳам ақлини топмаган бўлса, ундай ҳолда бундай йигитлар нима билан шуғулланишади? Албатта, осон пул топиб, кайфу сафо қилиш, яйраб-яшнаб маишат қилиш учун бирон жиноятга қўл уришади. Зеро, юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг кеча-ю, кундуз тиним билмай қилаётган ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексидаги  “босқинчилик” деб аталган жиноят тури кескин камайиб кетган бўлсада, лекин гоҳо у ер, бу ерда бўй кўрсатиб қолмоқда.

33 ёшли Дмитрий Шин шу ёшида 3 маротаба қамалди. Унинг ҳамтовоғи Жавлон Пазилов 4 мартаба “ўтириб” чиқди.

Абдуҳамид Холматов улар билан жазони ижро этиш колониясида танишганди. 2018 йил апрель ойи охирларида Дмитрий Шин бекор пулсиз юрган кунлари Абдуҳамидга қўнғироқ қилиб, бирон бир ўғирлик қилиб, пул топишни таклиф қилди. Шунда Абуҳамид ўзи истиқомат қилаётган Учкўприк туманидаги Палохон қишлоғида бир бой одам яшашлигини, унинг савдо дўконлари, дорихоналари борлигини, аммо унинг уйига ўзи кирмаслигини, ташқарида қараб туриши мумкинлигини айтиб қолди.

Шундан сўнг ўғирлик, босқинчилик жиноятларини ўзига касб қилиб олган Д.Шин ушбу ишга яна бир шерик керак- лигини ўйлаб, Жавлон Пазиловга қўнғироқ қилди. Жавлон рози бўлгач, ўғирликни  2018 йил 27 апрель куни кечқурунга режалаштиришди.

Бўлажак босқинчилик жиноятлари учун олдиндан тайёргарлик кўриш мақсадида ўша куннинг ўзида бозордан бир дона скотч, икки жуфт қўлқоплар сотиб олди. Сўнг ўзининг икки дона бош қийимидан ниқоб ясади. Шу куни кечқурун Ж.Пазилов ва А.Холматовлар Дмитрийнинг уйига келишганида, ўғирлик қилиш режасини тузишди, уйнинг қулфини бузиш учун узунлиги 30 см. темир арматура бўлаги ва уй эгалари қаршилик қилган тақдирда уларни боғлаб қўйиш учун скотч ўрамини ол-ишди ва кечқурунги соат 22:00 ларда А.Холматовнинг машинасида Пахлохон қишлоғи томон йўлга тушишди.

Ж.Пазилов ва Д.Шин А.Холматовнинг машинасида Палохон қишлоғида яшовчи Дилшод Эргашев яшайдиган хонадон яқинига етиб келиб, ҳовлини кузата бошлашди. Кечқурун Д.Эргашев ўз бошқарувидаги “MALIBU” машинасида уйига келди. Бу вақт анча кеч бўлиб қолган, дарвоза очилиб, уйига машинаси билан кириб кетгач, Дмитрий билан Жавлон девор ошиб, секингина ҳовли юзасига тушишди ва кимсасиз ошхонанинг ичига кириб олишди. Энг муҳими, улар уй эгаларининг уйқуга кетишини кутишлари лозим эди. Аммо Дмитрий негадир Абдуҳамидга қўнғироқ қилиб, иккалалари ўғирликни эплай олмасликларини айтгач, Абдуҳамид ҳам девор ошиб, ошхонага кириб келди. Қоронғи ошхонада пайпасланган Жавлон икки дона ошхона пичоғини топди, бирини ўзига, иккинчисини Дмитрийга берди. Вақт алламаҳал бўлиб, уй эгаларининг ухлаганига ишонч ҳосил қилишгач, уччов аста юриб ётоқхонага қиришди ва юзига қора ниқоб таққан, бир қўлида пичоқ ушлаган Жавлон уй эгаси Дилшод Эргашевни босди. Дмитрий эса уй бекаси Нигора Шерматовни босди. Жавлон уй эгасининг томоғига пичоқ тираб, тилла буюмлар, пуллар қаердалигини сўрай бошлади. Босқинчилардан қўрқиб турган уй эгаси уйида пул йўқлигини, фақат машинасида 300 минг сўм пули борлигини айтди.

Дмитрий эса уй бекасининг бўйнидаги тилла занжири, трюмони устидаги бир жуфт тилла сирғаларини олди. Босқинчилар иккита телефон аппарати ва уларнинг икки дона флешкаларини олишни ҳам унутишмади.

“MALIBU” машинасидан 300 минг сўмни олишиб, кейинроқ ҳар бири 100 минг сўмдан тенг бўлиб олишди.

Сўнг маълум бўлдики, босқинчилар Дилшод Эргашевнинг хонадонидан босқинчилик йўли билан 1 миллион сўмлик бир жуфт “Ветка” номли тилло зираги, 60 минг сўмлик “Transcend 8 GB” номли ва 40 минг сўмлик “Kingston DTSE9 8 GB” номли информацион рақамли хотира сақлагич флешка, 5 миллион 500 минг сўмлик “Кардинал” номли тилло занжири, 500 минг сўмлик “Samsug Galaxy 2” русумли ҳамда 1 миллион сўмлик “Samsug Galaxy С6” русумли уяли телефон аппаратларини, жами 8 миллион 400 минг сўмлик мол-мулкини талон-торож қилган эканлар.

Палохон қишлоғилиук Дилшод Эргашевнинг уйида юз берган босқинчилик жинояти ҳақидаги узунқулоқ гаплар оммалашиб кетганидан сўнг Ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб борилган тезкор саъй-ҳаракатлар натижасида босқинчилик жиноятини кимлар амалга оширгани маълум бўлди.

Яқинда жиноят ишлари бўйича  Қўқон шаҳар судининг очиқ суд мажлисида босқинчилик жиноятини амалга оширганлар устидан очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди ва уларнинг ҳар бири узоқ муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар.

Нурмуҳаммад СУЛАЙМОНОВ,

Қўқон шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *