Кўрилди

Қонунга итоат карантин муддатини қисқартиради

2019 йилнинг декабрь ойида Хитойда пайдо бўлган “Covid-19” деб номланувчи коронавирус инфекциясининг тарқалиши дунё ҳамжамиятини ташвишга солди. Хусусан, мазкур вирус бошқа давлатлар қатори мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади.

Аслини олганда, Президентимиз томонидан юртимизда ҳали коронавирус қайд этилмасидан анча олдин унга қарши муҳим чора-тадбирлар кўрилиб, 2020 йил 29 январдаги фармойиш билан Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан Республика махсус комиссияси ташкил этилиб, комиссияга коронавируснинг тарқалиши ва эпидемиологик вазиятнинг ёмонлашишини олдини олиш, ушбу касалликни профилактика қилиш, диагностика ва даволашнинг замонавий ва самарали усулларини ишлаб чиқиш, коронавирус бўйича эпидемиологик вазият ёмонлашган тақдирда кучайтирилган карантин чора-тадбирларини жорий этиш каби ваколатлар юклатилган эди. Бироқ кўрилган чораларга қарамасдан, Ўзбекистонда 2020 йилнинг 15 март куни коронавирус инфекциясидан касалланган илк бемор аниқланди ва ҳозирга келиб, яъни 2020 йил 9 август соат 23:30 ҳолатига чегара билмас бу “бало” қайд этилганлар сони расман 30609 нафар беморларни ташкил этмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш зарурки, Республика махсус комиссияси томонидан шу кунга қадар короновирус инфекциясига қарши курашиш ҳамда уни олдини олиш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, мамлакатимизда карантин чекловлари
15 августга қадар узайтирилди, шанба ва якшанба кунлари бутун сутка давомида республика миқёсида ҳаракатланиш, автотранспорт воситаларининг, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилди, давлат органлари ва муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларга ходимларни ишга жалб этмаслик тавсия этилди, шу билан бирга,“ўзини яккалаш” тартибига мувофиқ шахснинг яшаш ҳудудидаги савдо нуқталарида биринчи галдаги ҳаётий зарур бўлган эҳтиёжлари (озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий буюм ва воситаларни харид қилиш) учун ва шифокор кўригига мурожаат этишдан бошқа мақсадларда чиқиши чекланди. Шунингдек, фуқароларнинг жамоат жойларида уч кишидан ортиқ тўпланмаслиги, ҳаракатланишда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаши, тиббий ниқоблар ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши каби аввал жорий қилинган талаблар сақлаб қолинди.

Бироқ юқорида кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, карантин қоидаларига зид равишда ўзи ҳамда бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғилиғини хавф остига қўйиб, тиббий ниқобсиз бемақсад кўча-кўйда санқиб юрган, сохта рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланаётган, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг талабларига бўйсунмай, улар билан тортишаётган, уч ва ундан ортиқ киши бўлиб тўпланишиб, спиртли ичимликлар истеъмол қилаётган фуқароларга ҳам гувоҳ бўляпмиз. Бундан ташқари, турли ижтимоий тармоқлар орқали карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатиб, аҳоли орасида асоссиз ваҳима келиб чиқишига сабабчи бўлаётган фуқаролар ҳам учраб турибди. Бундай салбий ҳолатлар касалликни аниқлаш, олдини олиш ва даволаш учун қилинаётган барча ҳаракатларни йўққа чиқариши мумкин. Қолаверса, ушбу хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик назарда тутилганини эслатиб ўтиш жоиз.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54-моддасида эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузганлик маъмурий жавобгарлик белгиланган. Унга кўра:

жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима;

карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун – фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, Жиноят кодексининг 2445-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра:

карантин шароитида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;

юқорида кўрсатилган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек Интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатганлик учун– базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади.

Бундан ташқари, ушбу Кодекснинг 2571-моддасида санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик кўзда тутилган бўлиб, ушбу қилмишни содир этганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки беш йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан;

ўша қилмиш одамнинг ёхуд одамларнинг ўлимига сабаб бўлса –беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Юқоридаги қилмишларни содир этганлик учун жавобгарликнинг мавжудлиги, нафақат ушбу қилмишларни содир этган шахсларни жазолашни назарда тутади, балки халқимизга унинг салбий оқибатларини тушунтириш билан бирга, Юртбошимиз бошчилигида эпидемиологик вазиятни барқарорлаштириш борасида олиб борилаётган сиёсатни тўғри англаб
етишга ҳамда Қонунларга ҳурмат руҳини шакллантиришда, пировардида юртимизни “Covid-19” балосидан тез фурсатларда ҳоли бўлиши ва аввалги хотиржам ҳаётимизнинг қайтишида муҳим ўрин тутади.

Хулоса ўрнида шуни қайд этиш керакки, айни дамда халқимиздан ўз сабрини, қонунчиликка итоатини кўрсатиб, эл-у юрт ва яқинлари учун уйда қолиб, карантин қоидаларига қатъий риоя этишлари талаб этилади. Шундай экан, ҳар биримиз бу талабни чуқур ҳис этишимиз, ўз саломатлигимиз учун қайғуришимиз шарт. Бу орқали нафақат ўз соғлиғимизни асраймиз, балки кун сайин сони ўсиб бораётган коронавирус инфекциясини жиловлашга ҳам ҳиссамизни қўшган бўламиз.

Ш.Дўсалиев, Фарғона ҳарбий судининг раиси.

 Л.Хазраткулов, Фарғона ҳарбий судининг девонхона мудири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *