Кўрилди

“Қонун ва ижро” газетаси Бош муҳаррири А.МАЛИКОВга

Қува шаҳар, “Тинчлик” МФЙ,

“Ёшлар” маҳалласи,

“Истиқбол” кўчасида яшовчи

фуқаролар Каримов Абдурашид (оқсоқол),

Умурзақов Раҳматжон,

Комилов Аъзамжон,

Зокиров Мўсажон,

Аҳмаджонов Муҳаммаджон,

Абдумажидов Дилшоджон  ва

бошқалардан

 

АРИЗА-ШИКОЯТ

 

Ҳурматли Бош муҳаррир!

 

Биз истиқомат қилаётган “Ёшлар” маҳалласида асосан янги ер участкалари олиб қурилиш қилиб, яшаётган фуқаролар ҳисобланади. 1990 йилда  Қува шаҳрининг бош схемасига асосан “Тинчлик” МФЙ, “Ёшлар” маҳалласи, “Истиқбол” кўчасида маҳалла маркази ташкил қилиш мақсадида 0,32 га. ер майдони ажратиб берилган эди. Қува туман Архитектура ва қурилиш бўлими 2009 йил 23 апрель кунги 20-сонли хатида ҳам ушбуни тасдиқламоқда. Шунга қарамай ушбу ер майдонининг бир қисмига фуқаро Абдуллаева Мақсудахон ўзбошимчалик билан уй қуриб олди. Аниқланишича, Абдуллаева Мақсудахонга Фарғона вилояти давлат архиви Қува филиали томонидан берилган кўчирмага қараганда, собиқ Охунбобоев номли колхознинг 19-бригадасидан 0,10 сотих ер майдони ажратиб бериш ҳақида 1994 йил 28 ноябрь куни қарор чиқариб берилган. Лекин ушбу қарорда ер майдонининг контур рақами кўрсатилмаган. Фуқаро Абдуллаева Мақсудахонга айнан “Тинчлик” МФЙдан ер ажратиш ҳақида қарор ёки бошқа расмий ҳужжат мавжуд эмас. Қува туман Архитектура ва қурилиш бўлими томонидан ҳам Абдуллаева Мақсудахонга маҳалла гузарини ўрнидан ер участкаси ажратиб берилмаган.

Қува туман прокуратураси томонидан аниқланишича, “Тинчлик” МФЙ ҳудудидан фуқаро М.Абдуллаевага Қува тумани ҳокимининг 2009 йил 30 ноябрь кунги 878-сонли қарори билан эгалик ҳуқуқи белгилаб берилган ер майдони аслида халқ депутатлари Қува шаҳар совети ижроия комиети томонидан 1990 йил 28 февралдаги 34-2-сонли қарорга кўра Қува шаҳрида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида уй-жойлари бузилган ва аризаси бўйича шаҳар территориясида яшаётган 407 нафар фуқароларга уй-жой қуриш учун ажратилган. Бош режа асосида жамоат маркази ташкил этиш учун ажратилган 0,32 га. ер майдонининг бир қисми, яъни 0,08 га. ер майдони М.Абдуллаева томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган.

Қува туман прокуратураси томонидан яна аниқланишича, собиқ Охунбобоев номли ширкат хўжалигининг 1994 йил 28 ноябрдаги 6-сонли вакиллар йиғилиши қарорига кўра 97 нафар фуқарога уй-жой қуриш учун ер майдони ажратилган. Ушбу қарор бўйича М.Абдуллаевага ҳам 0,10 га. ер майдони уй-жой қуриш учун ажратиб берилган. Аммо М.Абдуллаева “Тинчлик” МФЙ, “Истиқбол” кўчасида жойлашган, бош режага асосан 34-2-сонли қарор билан “Ёшлар” маҳалласи гузари марказини бульварли бўлиши учун ажратиб кетилган 0,08 га. ер майдонини ҳеч қандай асоссиз эгаллаб олиб, унга ўзбошимчалик билан уй қуриб олган.

Натижада Қува туман прокуратураси томонидан 2010 йил 20 августда 24-272-м-10-сонли протест киритилиб, Қува туман ҳокимининг 2009 йил 30 ноябрь кунги “Фуқаро Абдуллаева Мақсудахон томонидан қуриб битказилмаган турар-жойларга нисбатан эгалик ҳуқуқини эътироф этиш ҳақидаги” 878-сонли қарори Қува туман ҳокимининг 2010 йил 8 сентбярь кунги 555-сонли қарори билан бекор қилиниб, фуқаро М.Абдуллаеванинг ўзбошимчалик билан эгаллаб турган 0,08 га. ер участкасига бўлган эгалик ҳуқуқи ҳам бекор қилинган.

Бугунги кунга келиб эса “Ёшлар” маҳалласи гузари учун қолдириб кетилган, фуқаро М.Абдуллаева томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, қурилиш қилинган 0,08 га.дан ташқари қолган 0,08 га. ер майдонига фуқаро З.Абдуллаев томонидан ўзбошимчалик билан турар-жой қуриб олинди. Ҳатто ушбу 0,08 га. ер участкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрель кунги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги 5421-сонли Фармонига асосан Қува туман ҳокимининг 2019 йил 26 апрель кунги 1010-сонли қарори чиқартирилиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 0,08 га. ер майдонига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилган.

Фарғона вилоят прокурори ўринбосари С.А.Ҳасанов томонидан имзолаб берилган 2019 йил 13 июнь кунги №10.1/-1541-19-сонли жавоб хатида ёзилишича, “Ўрганиш давомида ушбу турар-жой қурилган вақти “Тинчлик” МФЙ котиби З.Олимова томонидан нотўғри кўрсатилганлиги оқибатида мулк ҳуқуқи асоссиз белгиланганлиги ҳолати бўйича тўпланган ҳужжатлар терговга қадар текшириш учун Қува туман прокуратурасига юборилган”.

Ваҳоланки, “Истиқбол” кўчасидаги маҳалла гузари учун ажратилган 0,32 га. ер майдони хатлов жараёнида Ички ишлар вазирлигининг базасига киритилиб, бу ҳақдаги маълумотнома Қува тумани 4-сектор штабида ҳам қайд этилган. Ёзма маълумотнома “Тинчлик” МФЙ раиси Нодир Салиев ва штаб раҳбари томонидан имзоланган.

Хуллас фуқаро Зоир Абдуллаевнинг аммаси Мақсудахон Абдуллаева, сўнг онаси Азизахон Азимованинг номига асоссиз тарзда ўзбошимчалик билан расмийлаштирилиб, эгаллаб олиниб, қурилиши амалга оширилган ер участкалари амалда маҳалла гузарига ажратилган бўлишига қарамасдан фуқаро Зоир Абдуллаев ушбу ер участкаларини бўшатиб беришни сира хоҳламаяпти. Ҳатто Қува туман прокурорининг протестини ҳам, Қува туман Архитектура ва қурилиш бўлимининг талабларини ҳам бажаришдан бош тортиб, қонунбузилишига йўл қўймоқда.

Маҳалла гузарини халқимизга қайтариб берилишида ёрдам беришингизни сўраймиз.

фуқаролар Каримов Абдурашид (оқсоқол,

Умурзақов Раҳматжон,

Комилов Аъзамжон,

Зокиров Мўсажон,

Аҳмаджонов Муҳаммаджон,

Абдумажидов Дилшоджон

ва бошқалар

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *