Кўрилди

 “Қонун ва ижро” – Бизбоп газета экан!

“Қонун ва ижро” газетаси ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётганидан буён газетамизни қўлига олиб, ўқиб чиққан жуда кўплаб газетхонларимиздан газетада ёзилган долзарб ва қизиқарли мақолалар юзасидан фикр-мулоҳазаларини эшитган бўлсак-да, аммо газетамизни мунтазам ўқиб бораётган газетхонимизнинг “Қонун ва ижро” газетасини қўлига тутган ҳолда таҳририятимизга бизни қидириб кириб келиши биринчи маротаба юз берди.

Ўзини Абдурауф Ҳакимов деб таништирган 67 ёшли бу фуқаро салом-аликдан сўнг, қўлидаги қўлёзма варақларини кўрсатиб, шундай деди:

–Куни кеча муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган тантанали йиғилишда сўзлаган нутқини эшитиб, ниҳоятда тўлқинланиб кетдим.

Мен “Қонун ва ижро” газетасининг мухлисиман. Ҳар ҳафта эринмай “Матбуот дўкони”дан сотиб олиб, синчиклаб ўқиб боряпман. “Қонун ва ижро” газетаси бизбоп газета экан. Газетада айни фуқароларни қийнаб келаётган долзарб муаммоларни ёритиб бераётганларингиз учун алоҳида ташаккур билдираман.

Президентимизнинг нутқидан таъсирланиб, қоғоз қоралагандим. Маъқул топсаларинг, шу қораламаларимни газетада чоп этсаларинг…

Қуйида меҳнат фахрийси, “Қонун ва ижро” газетаси мухлиси, 67 ёшли Абдурауф Ҳакимовнинг фикр-мулоҳазалари билан таништирамиз:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасини ўқиб-ўрганиб, шахсий мулоҳазаларимни билдиришни лозим топдим.

Давлатимиз раҳбари ўз маърузаларида таъкидлаганларидек, “Давлат ва жамият бошқарувида, кундалик фаолиятимизда очиқлик ва ошкоралик тамойилларини кучайтириш мақсадида биз фуқароларнинг сўз эркинлиги, ахборот олиш ва тарқатишга оид конституциявий норманинг ижросини амалда тўлиқ таъминлашимиз зарур.” Президентимизнинг ушбу эзгу мақсадларидан келиб чиқиб, айтиш жоизки: Яратгувчи ҳар бир инсонга ягона, шак-шубҳасиз рад этиб бўлмайдиган ақл, тафаккур, фикрлаш ва тасаввур қилиш неъматини инъом этган. Инсоннинг ўзлиги унинг иқтидори, Яратган томонидан берилган жамиятдаги ўрни, ундан қандай фойдаланиши билан белгиланади. Аслида ҳар бир фуқаронинг оиласидаги, жамият олдидаги ва давлат олдидаги бурчларини бажариши ихтиёрий-мажбурийдир. Айни дамда газета-журналларга обуна давом этар экан,  энг биринчи ўринда ўзининг оиласи учун керакли газета-журналларга обуна бўлиб, мутолаа қилсалар, дунёқарашлари янада кенгайган бўлар эди. Мисол учун, мен ўзим доим ўқиб борадиган “Қонун ва ижро” газетасини олиб кўрайлик. Шу йилнинг ўзидаги сонларини ўқиб, ўзим бехабар бўлган қанчадан-қанча воқеа-ҳодисалардан бохабар бўлдим.

Президентимиз ташаббуси билан блогерлар ва журналистларнинг таъсир доираси тобора кенгайиб бораётганини сезиб, кўриб-билиб турибмиз. Таклифим шундан иборатки, блогер ва журналистларимиз маҳаллий раҳбарларимиз билан кўпроқ учрашиб, суҳбатлашиш орқали уларнинг “халққа хизмат қилиш даражаси” рейтингини аниқлаштириб, матбуотда, ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилиб борсалар. Жойлардаги ҳокимлар, ўринбосарлари, сиёсий партиялар раҳбарлари, МФЙлар раислари ўз ёнларига энг фаол кишиларни чорлаб, халқ билан режа асосида учрашув ўтказиб, халқнинг муаммо ва ташвишларини янада чуқурроқ ўргансалар, Президентимизнинг, Ҳукуматимизнинг, қонун чиқарувчи органларнинг Фармон, қарор ва қонунлари мазмун-моҳияти билан кенгроқ таништирсалар. Қонунларимизнинг реал ҳаётга қанчалик тадбиқ этилаётганига катта аҳамият қаратсалар. Ҳаракатлар стратегияси талабларидан келиб чиқиб амалга оширилаётган халқ билан учрашувларни баъзи ҳолатларда хўжакўрсинга ташкил этилишидан воз кечсалар, юртимиздаги ислоҳотлар тезроқ моддийликка айланарди.

Китоб, газета ўқиш ҳар қандай кишини маърифатли қилади, ақлини чархлайди. Фикрлаш, тасаввур қилиш фақат мутолаа жараёнида яхши томонга ўзгаради.

Шу ўринда бир мулоҳаза шундан иборатки, ижобий ўзгаришлар аввало ичкаридан бўлади, яъни бу ҳолатни инсоннинг ички овозини ташқарига чиқиши билан қиёсласа бўлади. Бошқача айтганда, ҳар биримиз аввал ўзимизни ўзгартиришимиз лозим. Шундагина аҳли аёлимиз, дўст-биродарларимиз, фарзандларимиз, эл-юртимиз, ҳатто дунё ҳам яхши томонга ўзгаради, деб ишонаман.

Шарқдан, шу жумладан, Марказий Осиёдан етишиб чиққан олиму уламоларимиз, донишмандларимиз ҳалигача барчани бирдек ҳайратга солиб келмоқда. Шарқнинг буюк алломаларидан бири Абдулқосим Фирдавсий шундай дейди:

“Эй ҳукмдор, идрокли, сахий, адолатли бўл,

Элнинг бахти ҳукмдорнинг бахтидир”.

Ёки Жалолиддин Румий ҳалоллик, поклик рамзи ҳисобланган сарв дарахтига мурожаат қилар экан, ундаги қадди қомат гўзаллигидан мажозий маъно топади, уни одамларга ибрат намунаси қилиб кўрсатади:

“Аё сарв!

Юксакликка интилмоқни бизга ҳам ўргат!”

Абдурауф ҲАКИМОВ, Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, Повулғон қишлоғи, “Марказий” кўча, 53-уй.       

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *