Кўрилди

Олий суд ажрими шубҳали бўлмоқда

Эски замон эртакларида бош қаҳрамон девлар ҳудудига кириб қолганида, девлар томонидан унга “Саломинг бўлмаганида эди, бир ямламай бир ютар эдим” деган қўрқинчли таҳдид кўп бора ишлатилган. Мустабид совет замонида судлар даҳшатли жазолаш органи сифатида ўша қадим эртакларда тасвирланган девлардан сира қолишмасди. Ҳар қандай одамни ҳақиқатдан ҳам саломи бўлмаса бир ямламай бир ютиб қўя қоларди. Лекин бугун замон ўзгарди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев алоҳида таъкидлаган “Судьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида поклик бўлиши шарт” деган қоида ҳар бир суд идорасининг кириш қисмига катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган ва жуда кўп ҳолатларда муҳтарам судьяларимиз ушбу қоидага қатъий амал қилган ҳолда фаолият олиб бормоқдалар. Бироқ…

“Одилжон” фермер хўжалиги раҳбари Марифат Маҳмудованинг даъво аризасига асосан фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди раислик қилувчи А.З.Разиқов раислигида жавобгар Ўзбекистон тумани давлат нотариал идораси ва бошқаларга нисбатан умумий мулк деб топиш, нотариал тасдиқланган шартномаларни ва туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво аризасини 2017 йил 20 сентябрь куни кўриб чиққан эди.

Суд томонидан аниқланган ҳолатларга кўра ҳамда фуқаролик ишидаги мавжуд ҳужжатлардан кўринишича, даъвогар Марифат Маҳмудова ва жавобгар Азам Маҳмудов 1997 йилда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қуришган. Биргаликдаги турмушлари давомида халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашининг 1991 йил 28 июнь кунги 190/6-сонли қарори билан Ўзбекистон тумани, “Пахта қайнар” жамоа хўжалиги еридан 3 гектар ер майдони танлаб берилиб, ушбу ер майдонида “Ихтирочи” чорвачилик йўналишидаги фермер хўжалигини ташкил этишган. Ўзбекистон тумани ҳокимининг 1999 йил 30 декабрь кунги 449-сонли қарори билан ушбу фермер хўжалигининг номи “Одилжон” фермер хўжалигига ўзгартирилган. 1991-2007 йиллар давомида “Одилжон” фермер хўжалиги фаолиятидан олинган даромадлар ҳисобидан “Фарғонатранс” автомобилларда юк ва йўловчи ташиш ҳудудий уюшмасига тегишли бўлган, Ўзбекистон тумани, “Қайнар” ҚФЙ, Авғон қишлоғида жойлашган, қурилиши тугалланмаган 1643,4 квадрат метрдан иборат 60 та хонали бино-иншоотларини “Одилжон” фермер хўжалиги томонидан 32 миллион сўмга сотиб олишган. Ўзбекистон тумани ҳокимининг 2007 йил 3 майдаги 376-сонли қарори билан ушбу ер майдони “Одилжон” фермер хўжалигига бириктириб берилган. Ўзбекистон тумани ҳокимининг 2008 йил 4 сентябрдаги 769-сонли қарори билан автомобилларга сиқилган газ тўлдириш станцияси қуриш учун рухсат берилган бўлиб, Ўзбекистон тумани ҳокимининг 2011 йил 6 январдаги 20-сонли қарори билан мазкур автомобилларга сиқилган газ тўлдириш станцияси фойдаланишга қабул қилинган.

Бироқ, жавобгар Азам Маҳмудов умумий мулк бўлган “Одилжон” фермер хўжалиги номига олинган мулклар ва ер майдонини даъвогар Марифат Маҳмудованинг розилигисиз Ўзбекистон тумани давлат нотариал идораси томонидан 2009 йил 2 декабрда реестрга 1-2635-сон билан қайд этилган “Асосий воситаларни низом фондига киритиш тўғрисида”ги шартномага асосан фойдали майдони 1643,4 квадрат метр, 60 хонали, қурилиши тугалланмаган бино-иншоотларни “Aspro Metangazservis” МЧЖнинг улуш фондига киритган ҳамда Ўзбекистон тумани ҳокимининг 2010 йил 25 декабрдаги 1287-сонли қарори билан жами 31109,83 квадрат метр ер майдони доимий фойдаланиш учун “Aspro Metangazservis” МЧЖга бириктириб берилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон тумани нотариал идораси томонидан 2011 йил 15 апрель куни реестрга 1-1129-сон билан қайд этилган “Бино ва иншоотларни улуш сифатида киритиш” шартномасига асосан “Одилжон” фермер хўжалигига тегишли бўлган, Ўзбекистон тумани, “Қайнар” ҚФЙ, Авғон қишлоғида жойлашган автомобилларни газ билапн тўлдириш копрессор станциясининг бино ва иншоотлари “Aspro Metangazservis” МЧЖ фондига улуш сифатида киритилган.

Ўзбекистон тумани давлат нотариал идораси томонидан 2016 йил 26 сентябрда берилган 3/1878-сонли алоқа хатида нотариал идорада 2011 йил 15 апрелда реестрга 1-1129 рақам билан қайд этилган, мулк эгаси “Одилжон” фермер хўжалиги балансида бўлган Ўзбекистон тумани, “Қайнар” ҚФЙ, Авғон қишлоғида жойлашган автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станцияси бино-иншоотларини “Aspro Metangazservis” МЧЖга улуш сифатида киритиш фермер хўжалигининг умумий йиғилиш баёни асосида амалга оширилган бўлиб, фермер хўжалиги таъсисчиси Азам Маҳмудовнинг турмуш ўртоғи Марифат Маҳмудованинг ушбу мулкни улуш сифатида киритишда розилик аризаси олинмаганлиги кўрсатилган.

Шунингдек,  Ўзбекистон тумани давлат нотариал идораси томонидан 2017 йил 5 майда берилган 3/394-сонли алоқа хатида “Одилжон” фермер хўжалиги билан  “Aspro Metangazservis” МЧЖ ўртасида 2009 йил 2 декабрда реестрга 1-2635 рақами билан асосий воситаларни низом фондига киритиш тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш юридик шахсларнинг йиғилиш баёнлари асосида амалга оширилган бўлиб, фермер хўжалиги раҳбарининг хотинидан ушбу ҳаракатни амалга ошириш учун розилик аризаси талаб этилмаганлиги ва олинмаганлиги кўрсатилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди “Одилжон” фермер хўжалиги даъвогар Марифат Маҳмудова ва жавобгар Азам Маҳмудовларнинг биргаликдаги турмушлари давомида ташкил этилганлигини, фермер хўжалиги даромадидан олинган барча мол-мулклар уларнинг умумий мулк ҳисобланишини, фермер хўжалигининг асосий воситаларини низом фондига киритиш ва бино-иншоотларни улуш сифатида киритиш ҳақидаги шартномаларни нотариал тартибда тасдиқлаш жараёнида Марифат Маҳмудованинг розилиги олинмаганлигини, бу ҳақда жавобгар Азам Маҳмудовнинг ишончли вакили Н.Шахобидинов даъво аризани тан олиб берган кўрсатмасини, жавобгар Ўзбекистон тумани давлат нотариал идораси ишончли вакили Ш.М.Сотволдиевнинг юқоридаги шартномаларни тасдиқлашда эр ёки хотиннинг розилиги албатта олиниши шарт эканлиги, акс ҳолда шартномалар ноқонуний ҳисобланиши ҳақида берган кўрсатмаларини, ва албатта,  Ўзбекистон тумани давлат нотариал идораси томонидан 2016 йил 26 сентябрда берилган 3/1878-сонли ва 2017 йил 5 майда берилган 3/394-сонли алоқа хатларини инобатга олди.

Шу билан бирга, суд ўзининг ҳал қилув қарорини чиқаришда “Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасида кўзда тутилган “Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.

Эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради. Эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади…” ва ушбу кодекснинг 24-моддасидаги “эр ва хотин уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишда тенг ҳуқуқларга эгадир” деб кўрсатилган қонун талабларига таяниб иш кўрди. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 12-қисми 1-қисми талабларидан келиб чиқиб, давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин, деб ҳисоблади.

Суд юқоридаги қонун талаблари ва аниқланган ҳолатларга кўра, даъвогар Марифат Маҳмудованинг даъво талабини асосли деб топди ва уни қаноатлантирди. Бир сўз билан айтганда, суднинг ҳал қилув қарори билан “Одилжон” фермер хўжалигига тегишли мулклар даъвогар Марифат Маҳмудова ва жавобгар Азам Маҳмудовларнинг умумий мулки деб топилди. Ўзбекистон тумани давлат нотариал идораси томонидан реестрда қайд этилган шартномалар ва Ўзбекистон тумани ҳокимининг 2010 йил 25 декабрь кунги 1287-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилди.

Бир сўз билан айтганда, М.Маҳмудованинг даъво аризаси амалдаги қонун талаблари асосида кўриб чиқилди ва қонуний қарор қабул қилинди. Қабул қилинган қарордан орадан салкам 2 йил ўтгунича ҳеч ким норизо бўлмади, бирон идорага мурожаат ҳам қилмади. Аммо орадан салкам 2  йил ўтиб, яъни 2019 йил 3 июль куни кутилмаганда фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди манфаатдор шахслар Мираҳмедов Ғаниджон ва Акбаров Боҳодир Умаровичнинг судни 2017 йил 20 сентябрь кунги ҳал қилув қарорига нисбатан кассация шикояти бериш бўйича ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимосномасини кўриб чиқди.

Суд илтимосномани иш материаллари мажмуида кўриб чиқиб, манфаатдор шахслар ва жавобгарнинг тушунтиришларини тинглаб, кассациия шикояти бериш муддати узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилган деб ҳисоблади ва шу сабабли муддатни тиклашни лозим деб ҳисобламади.

Суд ушбу хулосага келишида тарафларга суд мажлиси бўлиб ўтадиган кунлар ҳақида чақирув хатлари, телеграмма, алоқа хатлари юборилганлигини (и.в. 113, 115-116, 119, 121-125), 2017 йил 13 сентябрь куни бўлиб ўтиши белгиланган суд мажлиси ҳақидаги алоқа хатларини “Aspro Metangazservis” МЧЖ таъсисчиси Г.Мираҳмедовнинг фарзанди Ғ.Г.Мираҳмедов ва “Аччиқкўл Савдо Қўқон” МЧЖ раҳбари Б.У.Акбаров имзо қўйиб олганлигини инобатга олиб, суд ажрими билан манфаатдорр шахслар Мираҳмедов Ғаниджон ва Акбаров Боҳодир Умаровичнинг илтимосномалари рад этилди ва кассация шикояти уларга қайтариб берилди.

Амалдаги қонунларга таяниб чиқарилган ҳал қилув қарори, ажримга ниҳоят Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси Г.А.Мирзаева томонидан 2019 йил 16 декабрь куни шубҳали ажрим чиқарилдики, ажрим билан танишиб, ёқа ушламай иложингиз йўқ. Албатта, Олий суд судьяси Г.А.Мирзаеванинг ажримига фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 6 августдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг ажрими бекор қилиниб, кассация шикоятини келтириш муддатини ўтказиб юборилганлиги узрли деб топилиб, шикоят бериш муддати тикланганлиги асос қилиб олингани бўлди.

Юқоридаги ажрим ортидан Фарғона вилоят суди кассация инстанциясининг 2019 йил 27 сентябрдаги ажрими билан Ўзбекистон туманлараро судининг 2017 йил 20 сентябрдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, янги ҳал қилув қарори билан даъвогар Марифат Маҳмудованинг жавобгарлар Ўзбекистон туман давлат нотариал идораси ва бошқаларга нисбатан умумий мулк деб топиш, асосий воситаларни низом фондига киритиш ҳақидаги шартномаларни ва туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги даъво талаблари қаноатлантиришдан рад қилинди.

Энди шундай ҳақли савол туғилади: Нега энди орадан салкам 2 йил ўтиб аввалига фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанцияси, сўнг Олий суд судьяси Г.А.Мирзаева манфаатдор шахслар Ғ.Мираҳмедов ва “Аччиқкўл Савдо Қўқон” МЧЖ раҳбари Б.Акбаровларнинг фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судига шикоят бериш муддатини тиклаш тўғрисидаги илтимосномалари қонуний асосларда рад этилганини яхши била туриб, манфаатдор шахслар Ғ.Мираҳмедов ва “Аччиқкўл Савдо Қўқон” МЧЖ раҳбари Б.Акбаровларнинг кассация шикоятини келтириш муддатини ўтказиб юборганлигини узрли деб топишмоқда? Бу ажрим чиққач, орадан 2 ой ўтар-ўтмас фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро судининг 2017 йил 20 сентябрь кунги ҳал қилув қарори ҳам бекор қилиб ташланмоқда. Ахир орадан 2 йилдан зиёд вақт ўтмоқда?!

Шу ўринда 2 та муҳим жиҳатга эътиборингизни тортамиз.

Биринчиси, фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туман суди томонидан 2017 йил 20 сентябрь куни ҳал қилув қарори чиқарилиши вақтида “Суд жараёнида “Манфаатдор шахслар “Озод метан газ” МЧЖ таъсисчилари У.Н.Ахунов, Ғ.Мираҳмедов, С.Абдуллаев, Д.Маҳмудов, “Аччиқкўл Савдо Қўқон” МЧЖ раҳбари Б.Акбаров суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида тегишли тартибда огоҳлантирилишига қарамасдан номаълум сабабларга кўра судга келмади. Шу сабабли суд манфаатдор шахсларнинг ушбу ҳаракатини суд мажлисини қасддан чўзиш деб баҳолаб, мазкур фуқаролик ишини уларнинг иштирокисиз кўришни лозим топди” деб ҳал қилув қарорида алоҳида қайд этилган.

Иккинчиси, “судда иштирок этган манфаатдор шахс “Озод метан газ” МЧЖ раҳбари Х.Н.Болтабоев суд мажлисида берган кўрсатмасида “Aspro Metangazservis” МЧЖ “Одилжон” фермер хўжалигига тегишли эканини баён қилиб, даъво аризани қонуний ҳал этишни сўради” деб ҳам қайд этилган.

Бошқача айтганда, манфаатдор шахслар суднинг биринчи инстанциясида амалга оширган қонунга зид ишлари кўриб чиқилаётгани, шу сабаб ютқазиб қўйишларини билганликлари учун ҳам судга махсус чақириқлардан сўнг ҳам атайин келишмади. Орадан салкам 2 йил ўтиб эса фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясини, сўнг Олий суд судьяси Г.А.Мирзаевани амалдаги қонун талабларини бузиб бўлсада ишга солишмоқда.

Лекин амалдаги қонунларимиз эгилувчан эмас! Ҳар ким хоҳлаганича талқин этаверадиган.

Манфаатдор шахсларнинг судни 2017 йил 20 сен6тябрь кунги ҳал қилув қарорига нисбатан кассация шикояти бериш бўйича ўтказиб юборилган муддатни тиклаш тўғрисидаги илтимосномалари фуқаролик ишлари бўйича Ўзбекистон туманлараро суди томонидан 2019 йил 3 июлда асосли равишда рад этилган эди.

Чунки, кассация муддатини тиклаш илтимосномаларини ҳал қилиш жараёнида сўроқ қилинган Б.У.Акбаров 2017 йилда бўлиб ўтган суд ҳақида 2019 йил май ойида хабар топганини баён қилсада, бироқ, 2017 йилда суднинг чақирув хатини шахсан ўзи имзо қўйиб олганини тан олган (и.в. 179-180).

Иш ҳужжатларида суд мажлиси бўлиб ўтадиган кунлар ҳақида чақирув хатлари, телеграмма ва алоқа хатлари юборилганини тасдқиловчи далиллар мавжуд бўлиб, улар ҳам суднинг ажримида ўз аксини топган (и.в.113, 115-116, 119, 121-125).

У.С.Абдуллаев ўзининг тушунтиришида гарчанд, 2017 йилда бўлиб ўтган суд ҳақида 2019 йил май ойида хабар топгани ҳақида важ келтирсада, бироқ, чақирув хатлари келганлигини ва бундан ўзининг хабари бўлганини тан олган (и.в. 160-161).

Суд томонидан “Aspro Metangazservis” МЧЖ таъсисчиси Г.Мираҳмедовнинг фарзанди Ғ.Г.Мираҳмедов суд мажлиси ҳақидаги алоқа хатини олганлиги инобатга олинган.

Бундай ҳолатда фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанциясининг 2019 йил 6 августдаги ажрими асоссиздир.

Апелляция инстанцияси манфаатдор шахсларнинг шикоятларига асосан кассация шикоятиини бериш муддатини тиклаш ҳақидаги ўз хулосасини 2018 йил 1 апрелига қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 348-1, 320, ва 130-моддалари билан асослаган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 348-1-моддаси талабларига кўра, қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган ҳал қилув қарорлари устидан улар қонуний кучга кирган кундан эътиборан 6 ой ичида тарафлар ва ишда иштирок этишга жалб қилинган бошқа шахслар, шунингдек, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар кассация тартибида шикоят бериши ва прокурор протест келтириши мумкин. Ушбу қонун талабида кассация шикоятини бериш муддатини тиклаш назарда тутилмаган.

Бундан ташқари, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори нусхалари Г.Мираҳмедов, Б.Акбаров ва У.Абдуллаевларга юборилмаганлиги натижасида уларда ўз вақтида ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш имкони бўлмаганлиги ҳақида апелляция инстанциясининг хулосаси билан келишиб  бўлмайди. Чунки, юқорида қайд этилганидек,  ушбу манфаатдор шахслар бўлиб ўтаётган суд мажлислари ҳақида тегишли тартибда хабардор бўлганлар, шунингдек, ҳал қилув қарорини ўз вақтида олинмаганлиги кассация шикоятини келтириш муддатини тиклаш учун асос бўла олмайди. Мазкур ҳолатда жавобгар ва манфаатдор шахслар биринчи босқич суд мажлислари ва суднинг ҳал қилув қароридан хабардор бўлишиб, ўзларининг шикоят бериш ҳуқуқларидан фойдаланмасдан, қарор устидан шикоят бериш муддатларини ўз айблари сабабли ўтказиб юборганлар.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлинса, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанцияси, сўнг Олий суд судьяси Г.А.Мирзаеваларнинг чиқарган ажримлари амалдаги қонунларга зид эканлигини била туриб қонунларни эгиб-букиб бўлсада манфаатдор шахслар томон йўналтиришди. Буни қандай изоҳлаш мумкин? Мақоламиз бошида таъкидлаганимиздек, чамаси, манфаатдор шахслар эски замон эртакларида девлар ҳузурига кирганлар каби фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди апелляция инстанцияси, сўнг Олий суд судьяси Г.А.Мирзаеваларнинг ҳузурларига қуюқ салом бериб кирган кўринадилар. Акс ҳолда, бундақанги ноқонуний ажримлар чиқарилмас эди!

Қодирали АҲМАДАЛИЕВ, “Қонун ва ижро” газетасининг мухбири.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *