Кўрилди

Оила – муқаддас қўрғон

Ёҳуд Фарғона тумани Адлия бўлимининг “Яраштириши комиссияси” фаолиятининг илк ютуғидан бир лавҳа

Инсон учун муқаддас туйғулар кўп. Улар орасида Ватан туйғуси билан бирдек ёнма-ён турадиган яна бир туйғу бу оилага бўлган муҳаббат туйғусидир. Ватан ҳам энг аввало оиладан бошланади. Инсон оиласи тинч, яқинлари соғ-саломат бўлсагина ҳотиржам яшай олиши мумкин. Айнан мана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда юртбошимиз томонидан кўплаб ташаббуслар илгари сурилмоқда. Хусусан, ўтган қисқа даврда аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича «маҳалла — сектор — Халқ қабулхонаси — маҳалла» тамойили асосида самарали ҳамкорлик тизимини жорий этиш, маҳаллани халқ билан давлат ўртасида ишончли «кўприк» бўлишини амалда таъминлаш, оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу чора-тадбирлардан энг катта қадам сифатида Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2020 йил 18 февраль куни имзоланган ПФ-5938-сон билан рўйхатга олинган “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини кўрсатишимиз мумкин. Ушбу фармон асосида 2020 йил 18 февраль куни Президентимиз томонидан яна бир муҳим қарор имзоланди. “Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сонли ушбу қарорга мувофиқ яна бир янги вазирлик ташкил этилганлиги жамиятимизнинг оғриқли нуқталаридан бири бўлмиш хотин-қизлар билан ишлаш тизими, оилавий муаммоларнинг кучайиб кетмаслиги, оилаларнинг арзимас сабаблар билан ажралиб кетишларининг олдини олиш каби муҳим вазифалар мақсад қилиб белгилаб қўйилган.

Фарғона туманида ҳам ушбу қарор ижроси юзасидан илк ишлар амалга оширила бошланди. Туман адлия бўлими томонидан ташкил этилган “Яраштириш комиссияси”нинг илк иш фаолияти ҳам айнан оилалар тинчлиги учун қаратилди.  Хусусан, 2020 йилнинг 4 май куни туман Адлия бўлими, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро Суди, туман ИИБ, туман 2-сонли ФҲДЁ ва туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ходимлари томонидан тумандаги Чимён ҳудудида жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида номуроса ва ажралиш орасида турган ёш оилаларни яраштириш комиссияси тузилиб, 4 (тўрт) нафар оилаларни яраштиришга эришилди. Ушбу оилаларнинг ўзаро номуроса бўлишига арзимас сабаблар важ сифатида кўрсатилиб, бу сабаблар туман адлия бўлими томонидан ижобий ҳал этилишига эришилди. Жумладан, Чимён ҚФЙда яшовчи Г. нинг оилавий номуросалиги ва ажралишга қарор қилишига сабаб шуки, унинг турмуш ўртоғи С. Корея давлатига ишлаш учун кетганлиги сабабли турмуш ўртоғининг ишдан воз кечишини ва уйда ўтиришини талаб қилган. Лекин Г. ушбу талабга рози бўлмаган ва ҳеч бир сабабсиз ота уйига қайтиб кетган. “Яраштириш комиссияси” ушбу ҳолатни ўрганиб, фуқаро Г. билан суҳбатлашди ва унинг бу каби сабаб билан оилани бузиши хато эканлиги, эркак киши оиланинг устуни эканлиги, унинг ҳар бир сўз қонундек ҳисобланиши зарурлиги тушунтирилгач, Г. оиласига қайтишига эришилди. Яна бир мана шундай номуроса ҳолатлардан бири фуқаро Р.нинг оиласида кузатилиб, Р. оилага келин бўлиб тушганига кўп бўлмасидан қайнонаси билан кўп номуросаликларга боради ва арзимас гап-сўзлар сабабли Р. ота уйига кетишга мажбур бўлади ва фарзанди борлиги туфайли турмуш ўртоғидан алимент ундириш учун судга мурожаат қилади. Р.нинг турмуш ўртоғи К. айни вақтда давлатнинг масъулиятли ташкилотида ишлаётганлиги сабабли ушбу суд жараёни унинг мавқеига путур етказиши табиий эди. Туман “Яраштириш комиссияси” томонидан фуқаро К. га ушбу ҳолат ҳам моддий, ҳам маънавий зарар етказиши, керак бўлса ҳозирда эгаллаб турган лавозимидан ҳам маҳрум бўлиши мумкинлиги масаласи айтилгач, К. оиласининг бу каби арзимас сабаблар билан бўлиниб кетишига, айниқса, ўртадаги бегуноҳ фарзанднинг тирик етим бўлиб қолишига йўл қўйишга кўзи қиймади. Ушбу оила ҳам мутасадди ташкилотлар тушунтиришлари натижасида яраштирилди. Навбатдаги номуроса оилалардан бири эса фуқаро С. оиласи бўлиб, ушбу фуқаро меҳнат қилиб топган барча пулларини спиртли ичимликларга сарфлаши ва оилада турли келишмовчиликлар чиқиши оқибатида унинг турмуш ўртоғи З. томонидан норозилик билдирилган ва алал оқибат оила ажрашиш жарига қулаш арафасига етган. Ушбу оиланинг ҳам шароити, томонларнинг арзлари эшитилгач туман “Яраштириш комиссияси” томонидан фуқаро С.га тушунтириш ишлари олиб борилди, ундан бошқа спиртли ичимликларни ичмаслиги, оиласига ғамхўрлик қилиши ҳақида тилхат ёздириб, оила муросага келтирилди. Навбатдаги номуроса оила можароси эса бутунлай ўзгача бўлиб, бир оиланинг эгизак қизлари бошқа оиланинг ака-ука фарзандлари Б. ва Д.ларга турмушга чиқишган. Вақт ўтиб ҳар икки ёш оила фарзандли бўлишган. Лекин қанонанинг турли нотўғри фикрлашлари, катта келинга ёмон муносабати туфайли келинларнинг каттаси ота уйига кетишига тўғри келган. Опасининг оиласини сақлаб қолиш учун сингил ҳам қайнонаси ва турмуш ўртоғига қарши чиққан. Натижада эса ўз турмуш ўртоғидан ҳам турли ҳақоратлар эшитган. Сингилнинг турмуш ўртоғи Д. унинг оилада уқувсизлиги, покиза эмаслиги каби важларни кўрсатиб, ушбу оила ҳам ажрашиш даражасига етиб келган. Ушбу ҳолатларни обдон ўрганган “Яраштириш комиссияси” ҳар икки томоннинг фикрларини эшитиб, уларга тўғри йўлни кўрсата олдилар. Яъни оила муқаддас эканлиги, бу каби арзимас сабаблар оила деб аталмиш муқаддас қўрғоннинг бузилиб кетиши учун асос бўла олмаслигини, ўртада мурғак фарзандлар борлигини таъкидлаб, ушбу ёш оилаларни чиройли ечим билан яраштиришга эришдилар. Юқоридаги барча ҳолатлардан аёнки, оиладаги чиройли муҳит, тинчлик ва ҳотиржамликнинг асоси аввало аёллардир. Уларнинг муаммолари ўз вақтида ҳал қилинса, ҳеч қандай ажралишлар ҳам рўй бермайди. Зеро, Президентимиз томонидан имзоланган юқоридаги қарорда ҳам хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, «Соғлом оила — соғлом жамият» ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган. Туман адлия бўлими томонидан ташкил этилган “Яраштириш комиссияси” ҳам ўз олдига қарорда кўрсатиб ўтилган ушбу мақсадларни қўйган ҳолда илк фаолиятини муваффақиятли бошлай олди. Бу каби савобли ишни ҳар ким ҳар куни қила олсагина ўзини чинакам бахтли санаши мумкин. Туман “Яраштириш комиссияси” фаолияти давомида келажакда бу каби муваффақиятлар ҳали кўп бора ўз натижасини берса ажаб эмас. Зеро, бахт  оиладаги ҳотиржамлик билан тўкис бўлиши муқаррардир.

Элмурод ОЛИМОВ, Фарғона тумани адлия бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчиси, иккинчи даражали юрист.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *