Кўрилди

 “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди

Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан Фарғона вилояти Божхона бошқармасида «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.

Маълумки, ҳар йили дунё бўйлаб 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни кенг нишонланади. 2003 йилнинг айни шу санасида Мерида шаҳрида (Мексика) дунёнинг 100дан ортиқ давлат вакиллари иштирокида бўлиб ўтган Сиёсий конференцияда БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенцияси имзоланган эди. Бугунга келиб 172 давлат мазкур Конвенцияга аъзо ҳисобланади. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси ҳам БМТнинг Коррупцияга қарши курашиш конвенциясидаги халқаро мажбуриятларни бажаришни ўз зиммасига олган.

Дарҳақиқат, коррупцияга қарши кураш бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бирига айланди ва унга қарши жиддий ва кескин кураш олиб бориш зарурлигини вазиятнинг ўзи тақозо этмоқда. Ҳозирги глобаллашув жараёни жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция чегара билмас муаммога айланди ва коррупция келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда.

Бундай хавфларни эрта аниқлаш, олдини олиш мақсадида Фарғона вилояти Божхона бошқармасида коррупцияга қарши курашишда вилоят ҳудудида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда божхона ходимлари учун «Очиқ эшиклар куни» ўтказилди.

Тадбирда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти Риштон тумани суди раиси Н.Пайғамов, Фарғона вилоят прокуратурасининг бўлим прокурори И.Тошқўзиев, Фарғона вилоят Адлия бошқармасининг етакчи маслаҳатчиси С.Эшонов ҳамда Фарғона вилоят Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходимлари иштирок этишиб, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг роли ҳақида сўз юритишди.

Божхона ходимлари учун коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва чек қўйиш, бунга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш борасида республикамизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар, ҳусусан, божхона органларида коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, шароитлари ва уларнинг барвақт профилактикаси ҳамда бартараф этиш бўйича соҳавий хизматларда кўриладиган чоралар тўғрисида аниқ маълумотлар берилди.

«Очиқ эшиклар куни»да божхона органларида коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида божхона органларида тарбиявий-профилактик ишларни кучайтириш, шахсий таркибнинг муносиб хулқ-атворда бўлишини таъминлаш, бурчга садоқатини мустаҳкамлаш, тизимга доғ туширувчи турли салбий ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида давлат божхона хизмати органларининг одоб-ахлоқ қоидалари ва уларни қўллаш бўйича йўриқнома яна бир бор ҳар бир ходимнинг онгига сингдирилди.

Тадбир давомида иштирокчилар учун коррупциянинг мудҳиш оқибатларидан огоҳлантирувчи видеолавҳалар намойиш этилди.

Шоҳруҳмирзо МИРЗАЕВ, Фарғона вилоят Божхона бошқармасининг Матбуот хизмати бош инспектори.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *