Кўрилди

Никоҳ шартномаси ва унинг аҳамияти

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига кўра, барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақлидир. Ушбу конституциявий қоида бошқа қонун хужжатларида ҳам белгиланган бўлиб,  Фуқаролик кодексининг 1-моддасига кўра, фуқаролар (жисмоний шахслар) ва юридик шахслар ўз фуқаролик ҳуқуқларига ўз эркларига мувофиқ эга бўладилар ва бу ҳуқуқларини ўз манфаатларини кўзлаб амалга оширадилар. Улар шартнома асосида ўз ҳуқуқ ва бурчларини белгилашда ва қонун ҳужжатларига зид бўлмаган ҳар қандай шартнома шартларини аниқлашда эркиндирлар. Фуқаролар ва юридик шахслар шартнома тузишда эркиндирлар.

Амалдаги қонун хужжатларига зид бўлмаган шартнома ва битимларни тузиш мумкин бўлган бир ҳолатда, амалиётда кам учрайдиган, лекин катта аҳамиятга эга бўлган шартномалардан бири бу – никоҳ шартномасидир.

Суд амалиётида эр ва хотиннинг умумий мулкини бўлиш, умумий мулкдан ҳисса ажратиш, умумий мулкдан фойдаланиш тартибини белгилаш ва умуман никоҳ давомида орттирилган мол-мулклар билан боғлиқ низолар кўплаб учрайди. Баъзан ушбу низоларни судларда кўрилиши узоқ вақтга чўзилади. Натижада тарафлар жуда кўп вақт, маблағ йўқотишларига, оворагарчиликларга дучор бўлади.

Начора, ҳаммада ҳам турмуш бир хил кечмайди, ҳаётда ҳар хил кутилмаган ишлар, воқеалар бўлиши мумкин. Шу сабабли эр ва хотин бирга турмуш қуриб яшар экан, ўзларида мавжуд бўлган мавжуд ёки келгусида орттирилиши мумкин мол мулк билан боғлиқ айрим жиҳатларни қонун йўли билан, ўзаро келишган ҳолда ҳал қилиб қўйсалар фойдадан холи бўлмайди.

Шу ўринда никоҳ шартномаси хақида.

Оила кодексига кўра, никоҳланувчи шахсларнинг ёки эр ва хотиннинг никоҳда бўлган даврида ва (ёки) эр ва хотин никоҳдан ажратилган тақдирда уларнинг мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини белгиловчи келишуви никоҳ шартномаси деб ҳисобланади. Никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олингунига қадар ҳам, шунингдек никоҳ даврида ҳам тузилиши мумкин. Никоҳ давлат рўйхатига олингунга қадар тузилган никоҳ шартномаси никоҳ давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб кучга киради.

Никоҳ шартномаси ёзма шаклда тузилади ва нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Эр ва хотин никоҳ шартномасига кўра биргаликдаги умумий мулкнинг қонунда белгиланган (ушбу кодекснинг 23-моддаси) тартибини ўзгартиришга, эр ва хотиннинг барча мол-мулкига, унинг айрим турларига ёхуд эр ва хотиндан ҳар бирининг мол-мулкига нисбатан биргаликдаги, улушли ёки алоҳида эгалик қилиш тартибини ўрнатишга ҳақлидир. Никоҳ шартномаси эр ва хотиннинг мавжуд мол-мулкига нисбатан ҳам, бўлғуси мол-мулкига нисбатан ҳам тузилиши мумкин. Эр ва хотин никоҳ шартномасида ўзаро моддий таъминот бериш, оила харажатларини кўтариш, бир-бирининг даромадида иштирок этиш, бошқа шахслар билан мулкий шартномалар тузиш, биргаликда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб олишга, никоҳдан ажралганда эр ва хотиндан ҳар бирига бериладиган мулкни аниқлаб олишга, шунингдек никоҳ шартномасига эр ва хотиннинг мулкий муносабатларига оид бошқа қоидалар киритишга ҳақли. Никоҳ шартномасида назарда тутилган ҳуқуқ ва мажбуриятлар муайян муддат билан чекланиши ёки муайян шарт-шароитнинг юзага келиши ёхуд келмаслигига боғлиқ қилиб қўйилиши мумкин. Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг ҳуқуқ лаёқати ёки муомала лаёқатини, уларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилиш ҳуқуқларини чеклашни, эр-хотин ўртасидаги шахсий номулкий муносабатларни, эр-хотиннинг болаларга нисбатан бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга солишни, меҳнатга лаёқатсиз таъминот олишга муҳтож эр ёки хотиннинг ҳуқуқини чекловчи қоидаларни, эр ва хотиндан бирини ўта ноқулай ҳолатга солиб қўювчи ёхуд оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг нормаларига зид келувчи бошқа шартларни назарда тута олмайди.

Никоҳ шартномаси эр-хотиннинг келишуви билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Никоҳ шартномаси қандай шаклда тузилган бўлса, унинг ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши ҳам шундай шаклда амалга оширилади.

Никоҳ шартномасини бажаришдан бир томонлама бош тортишга йўл қўйилмайди. Никоҳ шартномаси эр-хотиндан бирининг талаби билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексида белгиланган асослар ва тартибда суднинг ҳал қилув қарори билан ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Никоҳ тугатилган пайтдан бошлаб никоҳ шартномасининг амал қилиши ҳам тугайди, никоҳ шартномасида никоҳ тугатилганидан кейинги давр учун назарда тутилган мажбуриятлар бундан мустасно.

Гарчи ҳозирги кунда никоҳ шартномасини тузиш амалиётда кам учрайдиган ҳолат бўлсада, фуқаролар томонидан ҳуқуқий онгнинг ривожланиши натижасида ушбу шартномани тузилиши фақат ижобий натижаларни келтиради деб ҳисоблаймиз. Сабаби ҳар бир оилани ўзига яраша моддий имконияти, тижорат сири, тадбиркорлик фаолиятини турли жиҳатлари, ушбу фаолиятда оила аъзоларининг ўрни каби ўзига хос жиҳатлари мавжуд бўлади. Мулкий низоларни ўзаро келишган ҳолда ҳал қилиниши, оила аъзоларга мол-мулкни аниқ тақсимланиши, ота-она томонидан фарзандларнинг моддий таъминотини келишув асосида белгилаб қўйилиши жамият аъзоларининг тинч, фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга хизмат қилади.

Нозимжон ЭГАМОВ, фуқаролик ишлари бўйича Марғилон туманлараро судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *