Кўрилди

Мустаҳкам оила – фаровон ҳаёт гарови

Оила – жамиятнинг асосини ташкил этувчи қўрғон. Унда эртанги кунимиз эгалари бўлган фарзандларимиз улғаяди.

Дарҳақиқат, оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, унинг негизини ташкил этади.  Шу боис, давлатимизнинг Бош Қонуни бўлган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида “Оила” хусусида алоҳида боб киритилган.

Конституциямизнинг 63-моддасида оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга эканлиги, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгиланган.

Конституциямизда оила тўғрисида алоҳида боб ажратилганлигининг ўзи унинг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни нечоғлик муҳимлигидан далолат беради.

Жамият ва давлат учун оила, никоҳ, оналик, оталик ва болалик ижтимоий жиҳатдан муҳим аҳамиятга эгадир, зеро, ушбу тушунчалар жамият ва давлат шаклланишини таъминловчи муҳим омиллар ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбариннг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан жамиятнинг бетакрор ижтимоий тузилмаси ҳисобланадиган маҳалла институтини аҳолининг чинакам маслакдоши ва кўмакдошига айлантириш, жамият ва оилада соғлом ва барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни шакллантириш мақсадида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тузилмасида фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозимлари киритилди.

Бугунги кунда бу борада бир қанча билимдон, жонкуяр мутахассислар оилавий муносабатларни яхшилаш, низоли вазиятлар, никоҳдан ажралишларни олдини олиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси бўйича доимий иш олиб бормоқдалар.

Судлар ҳам ўз навбатида никоҳдан ажратиш тоифасидаги ишларни кўриш давомида эр-хотинга оиланинг муқаддаслиги, уни сақлаб қолиш, ўз фарзандларини етим болалар сафига қўшиб қўймасликлари хусусида панд-насихат қилиб келмоқда.

Масаланинг яна бир жиҳати борки, эр-хотин ўртасидаги зиддиятни, келишмовчиликни судга қадар ҳал этиш – унинг асл ечимини топиш ҳисобланди.

Бу борада Фарғона вилоятининг Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бошқармаси ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судлари билан ҳамкорликда “Оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилавий ажралишларни олдини олиш, ёшларни оила қуришга комплекс тайёрлаш бўйича” Дастур ишлаб чиқилди.

Дастур ижроси асосида судьялар ҳокимлик, адлия бўлимлари, ФХДЁ мудиралари, маҳалла раислари ҳамда диний ташкилотлари билан ҳамкорликда жорий йилнинг 5, 6, 12-14 май кунлари ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан индивидуал суҳбат ўтказилди.

Хусусан, Фарғона тумани, Сой бўйи МФЙ ҳудудида яшовчи Эркин Икромов ва Ёрқиной Икромовалар (исм-шариф ўзгартирилган) оиласи ўрганилди.

Тарафлар 2013 йилда оила қуришган бўлиб, бир нафар вояга етмаган фарзанди бўлгани ҳолда уйда яшаш учун шароит етарли бўлмагани, ўртадаги арзимаган келишмовчилик сабаби билан эр-хотин бир йилдан буён бирга яшамайдилар.

Мутасаддилар томонидан эр-хотин билан ўтказилган суҳбат давомида оилани тикланиши ҳар икки тараф учун ҳам манфаатли бўлиши, пировардида вояга етмаган фарзандининг тарбияси ва келажаги учун муҳим эканлиги тушунтирилиши натижасида оиланинг тикланишига эришилди.

Эътиборлиси шундаки, бу каби тадбирлар жараёнида турли сабабларга кўра ажрашиб яшаётган эр ва хотинлар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида 9 нафар вояга етмаган фарзандлари бўлган 12 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди.

Оилаларнинг тикланиши қанчадан-қанча болажонларнинг кемтик кўнгли тўлгани, ўксик қалби қувонганини англатади.

Ахир биргина никоҳдан ажралиш ҳақидаги масалани судгача ижобий ҳал қилиниши натижасида алимент ва моддий таъминот ундириш, оталикни белгилаш, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, болани олиш, бола билан кўришиш тартибини белгилаш, уйга киритиш, мулк бўлиш каби 15 турга яқин низоларни ёҳуд жиноят ёки ҳуқуқбузарликларни келиб чиқишини олдини олишга эришилади.

Ўйлаймизки, ўз вақтида асраб қолинган ҳар бир оила келгусида жамиятнинг ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

Алишер АБДУЛЛАЕВ, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг бўлим бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *