Кўрилди

Мусибат ўчоғига бир қадам

Аслида йўл-транспорт қоидаларини ҳар бир шахс билиши лозим. Зотан, бу ўз ҳаёти хавфсизлиги билан дахлдор. Транспорт бошқараётган фуқаронинг шошқалоқлиги ёинки, қоидаларни билгани ҳолда унга писанд этмаслиги, борингки, озгина лоқайдлик, бепарволикка берилиши мусибат ўчоғига бир қадамдир.

Поп туманидаги Марғизор қишлоғида содир бўлган ҳодиса ана шундай эътиборсизлик оқибатида юзага келди.

Ҳаммаҳалласининг теракларини юклашга келган Мухтор Темиров бошқарувида бўлган “Газ-53” русумли автомашинасини орқага қайтарар экан, зийраклик ўрнини бироз лоқайдликка алишди. Қулоғига чалинган бақир-чақир, шовқиндан ҳушёр тортганида эса вақт кеч бўлган эди. Бир бегуноҳ, кекса инсон унинг машинаси баллонлари остида, жон талвасасида ётарди.

Қанчалик шошилинч, тезкорлик билан ҳаракат қилинмасин, бир оила отасини ўлимдан асраб қолиш имкони бўлмади.

Албатта, рўй берган ҳодисадан афсусда, виждон азобида қолган ҳайдовчининг ҳам ҳолига ачинасан. Боиси-ки, ҳеч бир кимса бу тахлит мусибатнинг сабабчиси бўлиб қолишни истамайди. Уни бу қисматга юқорида айтганимиздек, бирозгина лоқайдлиги-ю, шошқалоқлиги рўбарў қилди.

Жавобгарлик эса муқаррарки, у амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг бузилишига йўл қўйди ва бир инсоннинг бевақт ўлимига сабабчи бўлди.

Хулоса ўрнида, тараққийлашиб бораётган юртимизда тобора кўпайиб бораётган автомашиналар, демакки ҳаракатда экан, ҳар бир ҳайдовчи, ҳатто пиёдалардан ўз ҳаётларини хавфга қўймасликлари, доимо ҳушёрликда ва тартиб-қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда ҳаракатланишлари лозимлиги умр фойдаси эканлигини яна бир бор эслатиб қўйишни истардик.

Гўзал ШАРИПОВА, Наманган вилояти, Поп туман прокурорининг катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *