Кўрилди

МИЛЛИОНЕРГА АЙЛАНГАН МЕҲМОН

Меҳмонга келган Алишер эртароқ йўлга чиқишни режалаштирган бўлса-да, таниши уни тезда қўйиб юборгиси келмади. Бир пиёла чой ичиб кетмасангиз бўлмайди, деб туриб олгач, ноилож  кўнди.

Стол усти турли ноз-неъмат, қанд-қурсга тўлди. Савдо-сотиқ ишида танишган уй эгасининг бу илтифотидан кўнгли яйраган йигит тез-тез тараддудланиб қўяр, худди уни биров кутаётгандек эди. Ниҳоят, ҳаммаси учун раҳмат айтиб, йўлга отланди.

У келмаганидан бери йўллар, кўчалар ўзгариб кетган, атрофда қурилиш ишлари борарди. Тош, шағал ва қум ортган оғир техникалар у ёқдан бу ёққа ўтиб турибди, енгил машиналарни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Шунинг учун, Алишер катта йўлга тезроқ чиқишни кўзлаб, нотаниш боладан йўл сўради. Бийрон болакай унга йўлни тушунтираркан, мана бу дала бўйлаб юрсангиз, уйлар келади, кейин яна озроқ юриб, ўнгга бурилсангиз, катта йўлга чиқасиз, деди.

Алишер бола кўрсатган йўлдан бораркан, бир аёлнинг кўча дарвозасини қулфлаётганлигини кўриб қолди. Зимдан уни кузата бошлади ва “Қани, қаерга кетаркан?!” дея ўйлади. Уни нафс йўлдан урганди. У битмаган уйлардан бирининг олдидаги салқинда турган кишидек, аёлнинг кетишини кутди. Яқиндагина ўрнатилгани сезилиб турган темир нақшин дарвоза ортидаги уйларда каттагина бойлик борлиги ақлга аён эди. Алишер шунинг учун ҳам бу ердан узоққа кетолмай қолди. Битмаган уйдан кузатаркан, аёл ўзини кузатаётган йигитдан бехабар яқинлашган «Матиз» автомашинасига ўтирди-да, аллақаерга йўл олди.

Нияти бузилган меҳмон аста уй сари юрди. Бузуқ девор орқали аёлнинг хонадонига кирди. Таваккалига ўнг тарафдаги хоналардан бирига юрди. Дарпарда тутилган акфа ромнинг ойнасини зарб билан уриб синдирди. Шу тариқа ичкарига тушган Алишер қимматбаҳо гилам, чет эл мебели, токчалардаги идиш-товоғу, турли-туман кўрпа-тўшак, ёстиқлардан ўзини йўқотиб қўяёзди. Бир нафас шуларнинг барчаси ўзиники бўлиб қолишини ўйлади. Аммо, ортиқ хаёл суриб туришга вақт ҳам йўқ эди. Агарда, уй эгаларидан бири келиб қолса борми, ҳамма режа чиппакка чиқиши мумкин. Ётоқхонадаги шкафда турган аёлларнинг тилла тақинчоқлари ял-ял ёниб кўзни қувонтирди. Алишер тезлик билан уларни қўйнига солди. «Хазиналар ороли»ни тўлалигича кашф этиш иштиёқи унга тинчлик бермагач, бошқа бир уйнинг ҳам ойнасини синдирди ва аста ичкарига тушди. Вақт ўтиб борарди. Алишер анчагина бойлик билан эгасиз уйдан қайтиб чиқди.

Ҳовлининг орқа тарафдаги эшигидан кўчага чиққан Алишер йўловчи машинага ўтирди-да,  туман марказига келди. Танишларидан бири Севарани телефон орқали чақириб, унга олиб келган тилла буюмлардан бирини кўрсатди.

–Ўҳ-ҳў, қаердан олдингиз? – ажабланди таниши Севара.

–Биттасини қарзи бор эди. Қистасам, пул йўқ, шуни олиб турақолинг, деб берди…

Севара Алишернинг қўлидаги тақинчоқларга ҳавас билан тикилиб турарди. Ўзиям фалон пул турса керак, деган фикр унинг борлиғини эгаллаб олганди. Алишер эса унинг хаёлини бўлиб, агарда, шу тақинчоқлардан бирини сотиб келса, унга бу иши учун 100 минг сўм беришини билдирди. Севара албатта, бу гапдан севиниб кетди ва Алишер тутқазган тилла занжирни олиб, яқин атрофдаги Қўрғонтепа туман Марказий деҳқон бозори ичига жадал юрди. Севара занжирни бирор соатларда заргарлардан бирига 3 миллион 200 минг сўмга пуллаб қайтди. Катта сармояга эга бўлган Алишер, албатта, сўзининг устидан чиқди, таниши Севарага беш юз минг сўм бериб юборди. Тақинчоқларнинг қолганини ҳам Севарага тутқазди.

Соатлар ичида миллионерга айланган икки танишнинг қувончи чексиз эди. Алишер қолган 3 миллион сўмга яқин пулни шахсий эҳтиёжларига сарфлади. Орадан икки-уч кун ўтиб, у Севарага яна телефон қилди ва қолган тақинчоқларни ҳам пулласа, яна 200 минг сўм бериши мумкинлигини билдирди. Севара бу таклифни ҳам бажонудил қабул қилди ва кўп ўтмай телефон қилиб, тақинчоқлардан бирини 1 миллион 900 минг сўмга пуллаганлигини билдирди.

–Баракалла, савдога жуда устасиз-да, айтилган 200 мингни олиб қолиб, қолган пулларни менга олиб келиб беринг, – дея тайинлади унга Алишер.

Севаранинг Қудрат исмли таниши бўлиб, у қиз истиқомат қиладиган маҳалладан туман марказига шахсий автомашинасида йўловчи ташиш билан шуғулланарди. Севара Алишерга сим қоқиб, пулларни бериб юбораётганлигини билдирди ва унга Қудратнинг рақамини айтди. Яп-янги «Спарк» тез орада Алишер тушунтирган манзилда пайдо бўлди. У Севара берган катта миқдордаги пулни келтирганди. Хуллас, Алишер иккинчи маротаба ҳам қувонди. Осмондан ёққан чалпакдек текин пуллар унинг нафсини тобора оловлантириб борарди. Қимматбаҳо уяли телефон, кафеда тушлик, оғайнилар билан шакаргуфторлик, ва ҳоказолар… Қани энди, бу ҳолатлар, бу орзулар фақат ҳалол даромад эвазига амалга ошса…

…Зафар ака ишдан энди кетмоқчи бўлиб турганди, ошнаси сим қоқиб, синфдошларидан бири набира кўрганлигини билдирди ва жўралар бирга бормоқчилигини, фурсати бор-йўқлигини суриштирди. Зафар ака рози бўлди ва бошлиқдан рухсат сўраб, ишдан эртароқ кетмоқчи бўлди. Бу орада эса уйдан рафиқаси телефон қилди. Унинг товуши алланечук хавотирли эди. Хотини дераза ойналари синганлигини, уй ичи бетартиб ҳолга келганини ташвишланиб маълум қилди. Шундан сўнг ростмона хавотирга тушган Зафар ака бояги таклифларни ҳам рад этиб, ошнасини бошқа гал ўзи бориб қутлашини билдирди-да, тезлик билан уйига йўл олди. Дарҳақиқат, манзара хотини айтганидан-да хунукроқ эди. Йўлакларда шиппак изи, ойналар синган, жалюза пардалар ҳам бир тарафга аянчли қийшайган… Энг ёмони, уйдан хонадон бекасига тегишли 8 миллион 400 минг сўмлик тилла буюмлар мажмуи ўмариб кетилганди.

Ушбу ҳолат юзасидан уй эгалари келишиб, тегишли органларга мурожаат қилишди. Ана шундан сўнг ҳали жиноятнинг изи совумай, айбдор деб гумонланган шахс қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти, Булоқбоши туман суди бир ерда жон койитиб ишлаш ўрнига, ўзгаларнинг мулкига кўз олайтирган, муқаддам 4 маротаба жиноят содир этиб, хавфли рецидивист деб эътироф этилса-да, бу ҳолдан ўзига етарлича хулоса чиқармай, бешинчи бор қинғир ишга қўл урган, ўзганинг ҳисобидан келган пулларни аямай танишларига сочган Алишернинг қилмишини кўриб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг маълум модда ва бандларига кўра айбли деб топилган Алишер қилмиши учун 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Шунингдек, ундан фуқаровий даъвогар бўлган 2 аёл фойдасига катта миқдордаги моддий зарар ҳам ундирилиши белгиланди. Бир неча соатлик, бир неча кунлик айшу ишратни ўйлаб, ўзгаларнинг хонадони ойнасини синдирган Алишер пировардида такроран жавобгарликка тортилди. Албатта, эндиликда у бу ҳолатдан ўзига сабоқ чиқарса, ўйлаб қадам босса, ажаб эмас.

Ойбек ВАЛИЖОНОВ, Андижон вилояти, Булоқбоши туман прокуратурасининг терговчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *