Кўрилди

“Макаров тўппончаси бор, оласизми?”

Жиноят ва жазо

деб ҳақиқатдан ҳам отиш учун яроқли бўлган “Макаров” русумли тўппончасини ўқдони билан 400 АҚШ долларига сотган вақтида 59 ёшли марғилонлик Акрамжон Салаев қўлга тушди

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 27 февралдаги “Қонунга хилоф равишда қуролга эгалик қилиш тўғрисидаги ишлар бўйича суд амалиёти ҳақида”ги 3-сонли қарорининг 8-бандини бешинчи хатбошисида ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини ўтказиш деганда уларни ҳар хил усулларда тарқатиш (сотиш, ўзгага бериш, ҳадя этиш, қарзи эвазига бериш, қарзга бериш ва ш.к)ни тушуниш лозимлиги ҳақида раҳбарий тушунтириш берилган. Бошқача айтганда, бугунги кунда юртимизда яшовчи ҳар бир ёши катта онгли кишилар ўқ отар қуроллар билан муомала қилиш, уларни қонунга хилоф тарзда сақлаш жиноят эканлигини жуда яхши билади. Чунки, сўнгги йилларда, оммавий ахборот воситалари орқали жойлардаги ИИБлар фуқаролардан ўзларида бўлган ов қуролларини топширишларини сўраб кўп бора мурожаатлар билан чиқди, ўз ихтиёри билан қурол-яроғларни топширган фуқароларга жиноят иши очилмади…

2020 йил 13 январь куни жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида судланувчи Акрамжон Салаев ўқотар қуролни қонунга хилоф равишда сақлаш жиноят эканлигини билганини, лекин келгусида тўппончани сотиб, пулига ногирон қизини даволатиш мақсадида сақлаб келганини, қилмишидан пушаймонлиги ва кекса ёшда эканлигини инобатга олиб, енгиллик берилишини сўради.

Ваҳоланки, А.Салаевдан олинган бир дона СГ867-серия рақамли тўппонча собиқ СССРнинг Ижевск шахридаги “Ижевск механика заводи”да 1954 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, нарезли ўқотар қурол ҳисобланган, 9 мм. калибрли, “Макаров” конструкцияли ушбу тўппонча жанговар ўқотар қуроллар туркумига кириб, мазкур тўппонча тақдим этилган ҳолда техник соз ва отиш учун яроқлилиги, тўппонча стволи охирги тозаланганидан кейин ўқ отилмаганлиги, тақдим этилган тўппончани тепкисини босмасдан бирор жойга урилиб, ташлаб юборилиши натижасида ўз-ўзидан отилиши мумкин эмаслиги суд-баллистик экспертизасининг 2019 йил 9 сентябрдаги 270-сонли хулосасида кўрсатиб ўтилган.

Хўш, “59 ёшли Акрамжон Салаевнинг қўлига ушбу “Макаров” русумли, отишга яроқли тўппонча қандай тушиб қолди?” деган савол газетхонларимизни қизиқтириши табиий.

Суд жараёнида А.Салаевнинг кўрсатма беришича, 2015 йил баҳор фаслида ўзи қоровул бўлиб ишлаб келаётган Марғилон шаҳридаги “Узунҳовуз” маҳалласидаги жамоат ҳаммомининг орқа тарафига пойдевор қуриш учун ёлланма меҳнат билан шуғулланувчи бир неча кишиларни олиб келиб тозалаттириш ишларини бошлаган. Ишчилар тушликка чиққан вақтларида улар ковлаган жойдаги тупроқ ва кўмир қолдиқларини ўзи кетмон билан олиб ташламоқчи бўлган. Тупроқни олаётганида, қора матога ўралган нарса чиққан. Матони очиб қараганида, бир дона тўппонча ва унинг ўқдони бор экан. Лекин ўқдонда ўқлари бўлмаган, шундан сўнг ўзи ушбу ўқотар қуролни яшаш уйига олиб келиб, ўзи ётадиган диван остига яшириб қўйган. Оила аъзолари бу ҳақида билишмаган.

Яширинча гиёҳвандлик моддаларини узоқ йиллардан буён истеъмол қилишга ружу қўйган А.Салаев, 2019 йилнинг ёз ойида Қўштепа туманининг Лангар қишлоғидаги катта йўл ёқасида ўсган тераклар остида ёввойи ҳолда ўсиб турган наша ўсимлигининг танасини ва баргларини юлиб келиб, уйида қуритиб, ўзининг истеъмоли учун сақлаб келган.

2019 йил сентябрь ойининг бошларида “Узунҳовуз” маҳалласида жойлашган “Ғўсал Аъзам пирим” зиёратгоҳига келган “Иброҳимжон” исмли шахс билан танишиб қолади ва унга ўзида тўппонча борлигини, сотмоқчи эканлигини айтади. “Иброҳимжон” ундан тўппончани кўрсатишини сўраганида, унга тўппончани кўрсатади. “Иброҳимжон” ўзининг уяли телефонида тўппончани фотосуратга олиб олади ва орадан бир неча кун ўтганидан сўнг “Иброҳимжон” унинг уйига келиб, тўппончани кўздан кечириб, уни ўқдонини чиқариб кўради. Сўнг унга тўппончани яхши пулга сотиб бериши мумкинлигини, харидор борлигини, тўппончани харидорга кўрсатиш кераклигини айтади. Адҳамжон рози бўлгач, 2019 йил 7 сентябрь куни соат 16:00ларда “Иброҳимжон” унга қўнғироқ қилиб, бир соатларда унинг уйига келишини, тўппончани сотиб олмоқчи бўлган харидорни ҳам олиб келишини, тўппончани тайёрлаб қўйишини айтади. А.Салаев тўппончани матога ўраб тайёрлаб, яшаш уйи олдига чиқиб, ижара асосида бошқариб юрадиган “Матиз” русумли автомашинасини устига қўйиб, уларни кута бошлайди. Соат 17:00ларда “Иброҳимжон” нотаниш шахс билан келади ва нотаниш шахс ўзини Қирғизистон Республикасининг Жалолобод шаҳридан келганлигини айтиб, ундан тўппончани кўрсатишни сўрайди. Унга тўппончани берганида, нотаниш шахс унинг автомашинасига ўтириб, тўппончани кўздан кечира бошлайди. Сўнг тўппонча учун 400 АҚШ доллари беришини айтади. Адҳамжон рози бўлиб, ундан 400 АҚШ долларини олиб, чап чўнтагига солиб қўйиши билан унинг олдига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари келишиб, уни ушлашади ва холислар иштирокида унинг ёнидан 400 АҚШ долларини олишиб, шу куни унинг уйини тинтув қилишиб, ётоқхонасидаги иситиш печи устида сақлаб келаётган гиёҳвандлик воситасини ҳам топишади ва гиёҳвандлик воситасини ҳам ашёвий далил тариқасида олишади.

Суд-кимёвий экспертизасининг 2019 йил 9 сентябрь кунги 423-сонли хулосасига кўра, судланувчи А.Салаевнинг яшаш хонадонидан тинтув жараёнида олинган яшил рангли, қуритилган ҳолдаги, ўзига хос хидга эга бўлган моддалар таркибида фаол гиёҳванд модда – тетрогидроканнабинол мавжуд бўлиб, бу “марихуана” деб аталувчи гиёҳванд воситалар туркумига кириши, қуритилган ҳолдаги марихуананинг соф оғирлиги 61 граммни ташкил қилишлиги кўрсатилган.

Шунингдек, Фарғона вилоят наркалогия диспансерининг 2019 йил 7 октябрь кунги 167-сонли хулосасига кўра, судланувчи А.Салаевда “Гиёҳвандлик каннабис (наша чекиш)” касаллиги аниқланганлиги, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 96-моддасини қўллашга муҳтож эканлиги хулоса қилинган.

Суд жараёнида судланувчи А.Салаевнинг қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, 59 ёшдалиги, оилавий шароити ва бошқа енгиллаштирувчи ҳамда оғирлаштирувчи ҳолатлар эътиборга олинган ҳолда унга нисбатан Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, содир этган жиноятлари учун белгиланган озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлашни лозим топди. Ва Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси 3-қисмига асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 5 йил 6 ой муддатга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 96-моддасига асосан А.Салаевга жазони ўташ жойларида гиёҳвандлик касаллигидан мажбурий тартибда даволаш чоралари қўлланилиши белгиланди.

Одилжон ИСМОИЛОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти, Марғилон шаҳар судининг раиси.

Ҳусниддин ОДИЛОВ, судья ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *