Кўрилди

Кўнгилхушлик

Ҳаммаси ошга тўпланишдан бошланди. Асакалик Равшанбек Турдиев (исм-фамилияси ўзгартирилди) муқим бир жойда ишламайди. Оиласи, битта фарзанди бор. Ойда бир марта улфатлари (агар уларни шундай деб аташ жоиз бўлса) билан чойхонага боришади. Ўзларича «касса» дея баҳолиқудрат пул йиғишади.

Навбатдаги «ош»да ҳамтовоқлар қимор ўйнашга тушдилар. Ўртага пул тикилди. Қонун-қоидаларимизга кўра, қимор ўйнаш мумкин эмас. Бунда тикилган пулнинг миқдори қанчалигининг аҳамияти ҳам йўқ.

Қимор авжида хонага ички ишлар идоралари ходимлари кириб келдилар. Албатта, белгиланган тартибда баённома тузиладиган бўлди. Идорага бориб, даврадошлар тушунтириш хатлари ёзишди. Иш судда кўрилиши зарур.

Югур-югур, чоп-чоп бошланди. Бошқалардан кўра ёши каттароқ бўлгани учун Равшан Турдиев ишни енгиллаштириш чораларини излади. Ҳуқуқ-тартибот идораси вакилларини «юмшатиш» учун пул ҳам тўплашди. Бундан хабар топган қонун ҳимоячилари ноқонуний хатти-ҳаракатнинг олдини  олдилар.

Равшан Турдиев  амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми  ва 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Мазкур кодексининг 59-моддаси ҳам қўлланилиб, энг кам ойлик иш ҳақининг 30 баравари, яъни 6 миллион 81 минг 900 сўм миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Бекорчидан эл безор, деган нақл бор. Ҳалол ишлайман, куч-қувватим, имкониятим борида меҳнат қилиб пул топаман, оиламни боқаман, дейдиган ёшлар кўп. Бироқ гулдай умрини чойхона, ресторан, кафеларда ўтказаётганларга Равшаннинг қилмиши сабоқ бўлиши керак.

Алишер ХОЛБОЕВ, жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти, Асака туман судининг судьяси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *