Кўрилди

Кулфат келтирган улфатчилик

Инсон кашф этган энг қора кашфиётлардан бири – ароқ бўлса, ажаб эмас. Унинг одамзот бошига солган кулфатларини санаб адоғига етиш қийин. Лекин ҳали-ҳануз шиша ичида жилва қилиб турган “шайтон суви” кўпчиликни ўзига ром қилишда давом этмоқда. Одамлар қонига сўрилган ушбу заҳри қотил кўп ҳолларда уларни турли хил ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кўчасига бошламоқда.

Ўттиз саккиз ёшни қаршилаган Сирожиддин ҳам, унинг туғишган акаси Қобилжонни ҳам ароқ дастлаб бир-бирларини куракда турмас сўзлар билан ҳақоратлашга, сўнгра аёвсиз муштлашишга ва ниҳоят, бирининг кўксига иккинчиси пичоқ уришига сабаб бўлди.

Ўша куни ҳам Сирожиддин дўкондан икки шиша ароқ олиб, улардан бирини ўша ернинг ўзида бўшатди ва иккинчисини олиб, уйига кириб келди. Орадан кўп вақт ўтмай уйда акаси Қобилжон пайдо бўлди ва у ҳам улфатчиликка қўшилди. Ароқ камлик қилиб, дўкондан яна олиб келиб ичишди. Кетма-кет бўшаган шишалар четга улоқтирилди. Охир-оқибат, ака-ука улфатлар ғирт маст ҳолга келишди. Бу пайтда на аканинг ва на уканинг гап-сўзлари бир-бирининг қулоғига кирарди. Ўртада жанжал чиқди ва бир онадан оқ сут эмган улфатлар бир-бирига шердек ташланишди. Ўртага рафиқалар тушиб, уларни ажратиб қўймоқчи бўлишди, бироқ улар аёллик қилишди, бу ишнинг уддасидан чиқа олишмади. Шунда улардан бири ёрдам сўраб кўчага отилди ва тез орада воқеа жойига ички ишлар ходимлари кириб келишди. Бунга қадар эса ҳалигина бир-бирининг бўғзига ёпишган ака-укалар қилғилиқни қилиб бўлишган, акаси Қобилжоннинг кўкси ва елкаларидан қон оқар ва у супача устида мажолсиз ўтирар эди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатлари туфайлигина Қобилжоннинг ҳаёти сақлаб қолинди.Суд-тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, жабрланувчига етказилган жароҳат унинг ҳаёти учун хафли бўлган оғир шикастлар тоифасига кирар экан.Мазкур ҳолат бўйича тўпланган материаллар билан яна бир бор танишиш давомида беихтиёр машҳур қўшиқчининг “Бир онадан оқ сут эмган ажаб бегоналар кўрдим” деган нидолари ёдга тушади. Чиндан ҳам бу ўткинчи дунё кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, инсон тафаккури ҳазм қила олмайдиган воқеа-ҳодисаларга тўла. Уканинг ака кўксини жароҳатлашига сабаб нима эди? Ароқми ёки олдиндан улар ўртасида ҳукм суриб келган оқибатсизликми ёки шахсий адоват? Нима бўлганида ҳам Фарғона шаҳридаги “Зарбдор” маҳалласида содир бўлган ушбу воқеа анча вақтгача одамлар орасида гап-сўз бўлди. Жиноятчи ука судланди. Фақатгина ушбу ҳодисанинг келиб чиқишига сабаб бўлган ароқнинг юзи оқлигича қолиб кетди.

Али МАРДОН.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *