Кўрилди

Кредитни тўламай қўйгани учун

Фарғона шаҳрида фаолият кўрсатувчи якка тартибдаги тадбиркор Нишонов Рамшид Алимуҳаммадович тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш мақсадида “Асака банки” Фарғона филиалидан қарийб 1 миллиард сўм миқдорда кредит маблағларини олиб, дастлабки ойларда кредит ва унинг фоизларини ўз вақтида тўлаб юрган эди, бироқ…

“Асака банки” Фарғона филиали кейинги 6-8 ой давомида тадбиркор Р.Нишоновни юридик манзили тугул, ҳаттоки яшаш манзилидан ҳам топа олмай қолди. Шу сабабли, банк Фарғона туманлараро иқтисодий судига ариза билан мурожаат қилди ва суднинг 2020 йил 13 январдаги қарори билан ЯТТ Р.Нишоновдан банк фойдасига 800 миллион сўм асосий қарз, 196 миллион 728 минг сўм кредит фоизларини ундириш белгиланди.

Мажбурий ижро бюроси Фарғона туман бўлими ходимлари мазкур суд қарори ижросини таъминлаш бўйича қонунда белгиланган барча зарур ҳаракатларни амалга оширдилар. Хусусан, унинг яшаш манзили кўздан кечирилди, кўчмас мулклари ва банкда унинг номига очилган ҳисоб рақамлар текширилди. Лекин, натижа бўлмади. Р.Нишонов ўз номига ҳаттоки транспорт воситасини ҳам расмийлаштирмаган бўлиб чиқди.

Шу сабабли банк судга мурожаат қилиб, ундирувни гаровга қўйилган кўчмас мулкка қаратишни сўради ва суд “Махситали кўрки” МЧЖга тегишли бўлган, Фарғона шаҳар Саккокий номли кўчада жойлашган, умумий майдони 4869 квадрат метр бўлган ошхона ва маиший хизмат кўрсатиш бино-иншоотларини хатланишини белгилаб берди.

Жорий йилнинг 13 май куни давлат ижрочиси А.Қурбонов томонидан холислар ва тарафлар иштирокида ЯТТ Р.Нишоновнинг банк олдидаги қарийб 900 миллион сўмлик қарзи ҳисобига “Махситали кўрки” МЧЖ балансида бўлган, гаровга қўйилган ошхона-бино иншоотлари хатланди.

Навбатда ушбу кўчмас мулк очиқ онлайн аукцион савдосига чиқарилиб, сотувдан тушган маблағлар ижро ҳужжати бўйича тақсимланди.

Банкдан кредит олган ЯТТ Р.Нишонов ва кредит олиш учун гаровга ўз мол-мулкини қўйган “Махситали кўрки” МЧЖ раҳбарларининг келгусидаги ўзаро муносабатлари энди ўзлари ечадиган алоҳида масала бўлиб қолмоқда.

Зоҳиджон МАМАЖОНОВ, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Фарғона вилоят бошқармасининг катта суриштирувчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *