Кўрилди

Коррупцияга қарши курашишда янги қадам!

XXI аср ўзининг ҳар томонлама глобаллашуви билан дунё давлатларини янада қатъият билан ўз позициясини юритишини талаб қилмоқда. Айниқса, сиёсий-иқтисоий барқарорликка эришиш, давлатни турли маънавий-моддий инқирозлардан сақлаш, ижтимоий нотенгликнинг олдини олиш учун коррупция балосига қарши аёвсиз курашиш муҳимлиги сир эмас.

Сабаб, коррупция “гуллаган” муҳитда илм-маърифат ва ишлаб чиқариш соҳаларининг гуркираши амримаҳол. Жумладан, биргина таълим системаси коррупция кушандасидан ҳимоя қилинмаганда бошқа соҳаларнинг ривожланиши халқимизнинг жайдари тили билан айтганда, “итнинг кейинги оёғи” бўлиб юраверади. Кунчиқар малакатларининг болалари таълим жараёнларида сунъий онг ва роботлар мусобақасиниолиб бораётган бир замонда, бизнинг болажонларимиз “сувнинг таъми муз билан” бўлиши ҳақидаги ажабтовур маълумотлар олиш билан вояга ета бошлайдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдавлат Қомуси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбирда “Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак”,-деганида коррупцияга қарши курашиш миллий, жамоавий бирлик даражасига етиб бориши зарурлигини назарда тутган эди.

Чиндан ҳам, фуқароларда жамоатчилик назорати шаклланмас экан, коррупция дарахтини қуритиш мураккаб масала бўлиб қолаверади.

Яқинда юқоридаги сўзларнинг давоми ва амалий тасдиғи ўлароқ “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони имзоланди. Фармонга мувофиқ, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи — Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.

Агентлик ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисоб беради.

Мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш агентликнинг вазифаларидан бири хисобланади. Бунда ҳар қандай соҳанинг фаолиятини чуқур таҳлил қилиш орқали коррупцион ҳолатларнинг келиб чиқиш ҳолати ўрганилади.

Фармонда назарда тутилган агентликнинг муҳим вазифаларидан яна бири фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборат. Бугунги Ғарб демократияси айнан фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти билан чамбарчас боғлиқ жараён эканлиги барчамизга маълум.

Агентлик давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш билан коррупцион занжирнинг илдиз отишига имкон қолдирмайди.

Фармонда кўзда тутилган коррупцияга оид жиноятлар оқибатида жамият ва давлат манфаатларига етказилган зарар тўлиқ қопланилишига эришиш устидан назоратни амалга ошириш билан кўзланган мақсадга эришиш мумкин.

Бундан ташқари, агентлик бюджет маблағларининг сарфланиши, давлат активларининг реализация қилиниши, давлат харидлари, инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва давлат дастурлари бажарилиши билан боғлиқ материалларни талаб қилиш, олиш ва ўрганиши ҳамда ўрганиш ва бошқа тадбирлар натижалари бўйича тўпланган материалларни фаолиятида коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлган шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ чоралар кўриш, жумладан жиноят ишларини қўзғатиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларига тақдим этиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, Фармон билан ташкил этилган янги агентликнинг коррупцияга қарши курашишда миллий ва халқаро тажрибаларни қўллаш орқали мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим ўзгаришлар қила олишига ишонч билдирамиз.

 

Б.Муҳамадалиев, Олтиариқ туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *