Кўрилди

Карантиндаги бебошлик

Суд залидан

Ёки уйда ўтиргандан қамоқда ўтириш афзалми?

Маълумки, бугунги кунда бутун дунёда сақланиб турган эпидемиологик ҳолат мамлакатимизга ҳам ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Юртимизда COVID-2019 коронавирусининг тарқалиб кетиши ва аҳоли саломатлигига салбий таъсирини камайтириш мақсадида давлатимиз томонидан кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги 5537-сонли фармойиши билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикасининг коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига асосан, 2020 йил 25 март кунидан жамоат жойларида фуқароларнринг юзларига ниқоб тақиб юришлари мажбурийлиги белгиланди. Ўтган вақт давомида комиссия томонидан яна бир қатор чора-тадбирлар белгиланиб, амалга ошириб келинмоқдаки, бу тадбирлар, энг аввало, аҳолининг соғлиги ва эпидемиологик вазиятнинг мўътадиллигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Олиб борилаётган кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот ишларига қарамасдан фуқароларнинг ҳам вазиятни тўғри тушуниб, карантин қоидаларига қатиъий риоя қиляпти, деб бўлмайди. Чунончи, карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ навбатдаги ҳолат Фарғона шаҳрида содир этилди.

Нима бўлди-ю, О.Қурбоновнинг ҳаёти издан чиқди, бир неча ойдан буён турмуш ўртоғи билан бирга яшамайди. Бундан ташқари, тайинли иш билан шуғулланмаслиги сабабли сўнгги вақтларда тирикчилигининг ҳам мазаси йўқолди. Кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилиш унинг учун одатий бир ҳолга айланиб қолди. 2020 йил 8 апрель куни  О.Қурбонов бир ўзи уйида ўтириб яна кўп миқдорда спиртли ичимлик истеъмол қилди. Маст бўлиб қолгач, уйдан кетиб қолган хотини ёдига тушди. Ҳаммасига хотини айбдордек турмуш ўртоғи вақтинча яшаб турган Фарғона шаҳар, Жомий номли  кўчага қараб йўл олди. О.Қурбоновнинг кўчага ниқобсиз чиққани етмаганидек, кўзлаган манзилига етиб бориб, эшикни қаттиқ тақиллата бошлади. Ичкаридан жавоб бўлавермагач, оғизга олиб бўламайдиган уятли сўзлар билан бақириб сўкина бошлади. Натижада шу атрофда яшайдиган барчанинг тинчлигини буза бошлади. Маст бўлиб олган, устига-устак ниқобсиз пайдо бўлган О.Қурбоновни  ноқонуний  хатти-ҳаракати  юзасидан дарҳол ИИБга хабар берилди. Аммо О.Қурбонов маст бўлиб олиб, ИИБ ходимланрининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларга ҳам “гап бермади”.

2020 йил 9 апрель куни О.Қурбоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси, 194-моддаси 1-қисми ҳамда 54-моддаси 1-қисми билан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш Сўх туман маъмурий суди томонидан кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузар О.Қурбооновга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Баҳодиржон ЮЛДАШЕВ, Фарғона вилояти, Сўх туман маъмурий судининг раиси. 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *