Кўрилди

Истеъмолчи… тўловдан озод этилди

Учкўприк туман адлия бўлими томонидан Учкўприк тумани, “Учкўприк” МФЙ, “Узумзор” кўчасида яшовчи фуқаро Маҳмудов Исмоилхўжанинг “Тоза ҳудуд” корхонаси маиший чиқиндиларни олиб кетиш учун келмаслиги ва кўрсатилмаган хизмат учун 140 минг сўм қарздорлик ҳисобланганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганиб чиқилди.

Аниқланишича, “Тоза ҳудуд” ДУК Учкўприк филиали томонидан “Учкўприк” МФЙ билан тузилган маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш учун хизматлар кўрсатиш бўйича оммавий шартнома шартлари етарли даражада бажарилмасдан, “Учкўприк” МФЙ, “Узумзор” кўчасидаги хонадонлардан белгиланган график ва муддатларда маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатилмаган бўлсада, фуқаро  И.Маҳмудовга кўрсатилмаган хизмат учун қарздорлик ҳисобланган. Бу эса фуқаронинг ҳақли эътирозига сабаб бўлган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сонли қарори  билан тасдиқланган “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш Қоидалари”нинг 33-бандига кўра, маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича тегишли бўлмаган сифатдаги хизматлар кўрсатилганда ёки хизмат кўрсатилмаган тақдирда истеъмолчи тегишли давр учун тўловлардан озод этилади.

Учкўприк туман адлия бўлими томонидан “Тоза ҳудуд” ДУК Учкўприк филиалига “Қонун бузилишлар ва уларнинг содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш ҳақида” тақдимнома киритилиб, фуқаро И.Маҳмудовга кўрсатилмаган хизмат учун ҳисобланган 78 минг сўм қарздорлик суммаси ҳисобдан чиқарилди.

Воҳид ЭРКАБОЕВ, Фарғона вилояти, Учкўприк туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *