Кўрилди

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Парламентига йўлланган мурожаатномада 2020 йил “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилинди. Бу бежиз эмас, албатта.

Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда ҳеч бир соҳани ривожлантиришни ахборот-коммуникацион технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Муайян соҳага замонавий ахборот технологияларни кенг жорий этиш соҳа фаолиятининг самарадорлигини ошириш, иш унумдорлиги ва сифатини онлайн режимида назорат қилиш, шаффофликни таъминлаш, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига имконият яратади. Яна бир эътироф этилиши лозим бўлган энг муҳим жиҳатлардан бири – бу ахборот-коммуникацион технологиялар ёрдамида амалга оширилган фаолиятда коррупцион омилларнинг камайишидир. Айтиш мумкинки, бугунги кунда маълум бир фаолият турида инсон омилининг қанчалик камайгани ҳамда ахборот технологияларининг кенг жорий этилганлиги ушбу фаолият турида коррупцион омилларнинг камайиб бораётганлигини тасдиқловчи мезон ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги 3250-сонли “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларнинг янги босқичга кўтарилишига олиб келган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 сентябрдаги “Суд хокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан 2020-2023 йилларда суд хокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Қарор ижроси юзасидан судлар фаолиятига бир қатор янгиликлар жорий қилиб келинмоқда. Жумладан, суд тизимининг янги тармоғи ҳисобланувчи маъмурий судлар фаолиятида электрон иш юритиш ва электрон ҳужжат алмашинув тизими “E-xsud” электрон базаси тизимида йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 322-сонли “Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма қарори қабул қилиниб, 2019 йил 1 январдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ваколатли давлат идоралари томонидан маъмурий судларга электрон шаклда тақдим этилиш тартиби жорий қилинди. Қўшма қарор билан тасдиқланган Тартиб асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судга электрон тақдим этиш, суд томонидан ишларни кўриб чиқиш ва маълумотларни электрон базага киритишнинг тартиби ҳамда шартлари белгиланди.

Туман маъмурий суди томонидан ҳам қабул қилинган қарорларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб сайтида белгиланган тартибда эълон қилиб борилмоқда. Ҳар қандай шахс интернет тармоғи орқали ушбу қарорлар билан танишиш имконияти яратилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маъмурий судлар тизимига ахборот-коммуникацион технологияларнинг жорий этилиши судлар фаолияти самарадорлиги ва унумдорлигини ошириш билан бирга, судлар фаолиятида шаффофликни таъминлашда ижобий тенденцияларни юзага келтирмоқда.  Зеро, “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” деб эълон қилиниши эса суд тизимида бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.

Э. ОРТИҚОВ, туман маъмурий судининг раиси.

 

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *