Кўрилди

Қишлоқ хўжалиги кооперациясининг афзаллиги нимада?

Донишманд халқимизнинг “Деҳқон ерни боқар, ер ­- халқни”, “Деҳқон бой бўлса — халқ бой бўлади”, деган пурҳикмат сўзлари бор.

Чиндан ҳам, башар аҳли яралгандан бери ер билан жон томир каби алоқадор бўлиб яшаб келмоқда. Ҳаётий эҳтиёжларининг барчаси, жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам заминдан  чиқишини инобатга олсак, ер билан тиллашиб, унинг сир-асрорини топиш каби юксак илм қаерда ривожланиб камол топса, ўша ерда инсонларнинг ҳаёт фаровонлиги юқори бўлади.

Айниқса, кейинги даврда ер юзида аҳоли сонининг ортиб бориши озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг тобора кўтарилишига олиб келмоқда. Бундай вазиятда ҳар қандай давлат ўзида мавжуд бўлган ер ресурсидан оқилона фойдаланиш, унинг ҳар бир қаричини увол қилмаслик учун турли стратегияларни ишлаб чиқади. Деҳқон хўжалиги маҳсулотларини ўз аҳолисидан орттириб бошқа мамлакатларга ҳам экспорт қилиш учун аниқ механизмлар асосида иш олиб боришни тақозо этади.

Ўзбекистонда ҳам кейинги йилларда деҳқончилик ва боғдорчиликни ривожлантириш, ушбу соҳага кенг имкониятлар яратиш, соҳа маҳсулотларининг сифат даражасини ошириш ва хорижга экспорт қилиш салмоғини жадаллаштириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўтган асрнинг 90-йилларида қишлоқ хўжалиги кооперацияси амалиёти кенг ривожланган эди. Бироқ, бозор механизмларининг ўзгариши мос равишда ушбу йўналиш камчиликларини юзага чиқарди ва бу жараён ўз ўрнини йўқотиб борди. Қишлоқ хўжалиги ерлари, хусусан, боғдорчиликка асосланган ерлар ҳам босқичма-босқич фермер хўжаликларига ўтказилди.

Натижада, ушбу иқтисодий фаолият шаклини қайта кўриб чиқиш ва бозор иқтисодиёти механизмларига мосаштириш бўйича самарали чоралар ишлаб чиқишни тақозо этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2019 йил 14 мартдаги «Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори юқорида айтиб ўтилган тизимни бозор иқтисоиётига мос равишда ривожлантиришни назарда тутади.

Қарорга мувофиқ, 2019–2020 йилларда тажриба-синов тариқасида мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва сотиш бўйича биргаликдаги фаолиятни амалга ошириш учун Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида ана шундай бирлашмалар ташкил этилади.

Қишлоқ хўжалиги кооперациясининг афзаллиги ушбу соҳага давлат томонидан янада кенг имконият ва имтиёз берилиши, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сифат кўрсаткичини ошириш ва экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳамда қўллаб-қувватлаши билан алоҳида эътиборга молик. Ташкил этилган янги қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига ихтиёрий ва пай асосида иштирок этиш тамойилларида мустақил ва ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари киради.

Шунингдек, қарорга кўра, ҳукумат қишлоқ хўжалиги бирлашмалари ва улар аъзоларининг 2019–2020 йилларда кўчатлар ва сертификатланган уруғларни ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналарини харид қилиш учун тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатлари Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан банк томонидан белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо 5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган, валютада бериладиган кредитлар бўйича 1,5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган миқдорда қоплаб беради.

Қарор билан белгиланганидек, қишлоқ хўжалиги бирлашмалари аъзолари томонидан ишлаб чиқариладиган мева-сабзавот маҳсулотларининг ташқи бозорларида маркетинг тадқиқотларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи субсидиялар тақдим этиш орқали Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан, шунингдек, жалб этиладиган халқаро молиявий институтлар маблағлари, шу жумладан, Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан қопланади.

Содда қилиб тушунтирганда, ушбу қарорда ҳукумат қишлоқ хўжалиги кооперациясини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, жаҳон стандартларига мос амалиётни жорий этишни ўз олдига мақсад қилади. Агар халқаро тажрибага назар ташласак, Голландия, Хитой ва Европа мамлакатлари юқоридаги тажриба амалиётини пухта йўлга қўйган ва бугун уларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ўзининг аҳолисидан ортиб, хорижга экспорт қилиниши билан мамлакат бюджетига салмоқли тушум олиб келмоқда.

Нозимахон ТОЖИЕВА, Фарғона вилоят Адлия бошқармасининг етакчи маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *