Кўрилди

Инсон ҳуқуқларини ҳимоячисими ёки фирибгар?

“Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” атамаси бугунги кунда жуда кўпчилик учун жуда яхши таниш. Зеро, ривожланган демократик давлатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига жуда катта эътибор қаратилади ва бу иш билан нуфузли ташкилотлар жиддий шуғулланишади. Юртимизда ҳам мустақиллик йилларида айнан Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатор ижобий ишлар амалга оширила бошланди. Табиийки, жойларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар фаолият юрита бошлади. Лекин шундай нуфузли ташкилотларда қандай одамлар ишлаши бутунлай бошқа масаладир. Чунки, аксариятида на маълумоти, на дунёқараши жиҳатидан тамомила мос келмайдиган одамлар “Мен инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотда ишлайман” деб кўкрак кериб юргани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

2020 йил 29 январь куни жиноят ишлари бўйича Ёзёвон туманида Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят бўлими ходими, 47 ёшли Ҳасан Шамшиевнинг маълумоти ўрта экани-ю, ўзининг айтишича, хизмат вазифасига берилган аризаларни ўрганиб, аризачиларга йўналиш бериш, тегишли ташкилотларга сўров бериш кириши, ойлик иш ҳақи олмаслиги, хизмати эвазига аризачилардан пул олишга ҳуқуқи йўқлиги ортидан фирибгарлик йўли билан қатор фуқаролардан уларнинг ишончига кириб, алдаб, катта-катта миқдордаги пулларини ўзлаштирганлиги юқоридаги фикрларнинг тасдиғи бўла олади.

Энди, энг аввапло, жабрланувчиларнинг суддаги гап-сўзларига қулоқ тутайлик:

Жабрланувчи И.Мамадалиеванинг судда кўрсатма беришича, амакиси Т.Мамадалиев 2015 йил 25 октябрь куни вафот этган. Вафот этишдан олдин Г.Жумабоевани шаърий никоҳлаб олган. Т.Мамадалиева уйини отасининг номига, сўнг ўзини номига ўтказгану, фуқаролик суди Г.Жумабоевани уйда яшашига рухсат бериб, муддатини кўрсатмаган. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят бўлимида ишловчи М.Розиқовни таниганлиги сабабли 2019 йил февраль ойида Фарғона шаҳар, Қиргули мавзесида М.Розиқов билан кўришиб, ушбу масалада гаплашганида, шу ерда ишловчи Х.Шамшиев келиб, 5 миллион сўмга ишни ҳал қилиб бераётганини, унга 4 миллион сўмга ҳал қилиб беришини, пулни М.Розиқов орқали беришини айтади. 2019 йил март ойини бошида Олтиариқ туман, Қизилтепа қишлоғида М.Розиқовга 1 миллион сўм бергач, шу куни кечаси М.Розиқов Т.Мамадалиевага телефон қилиб, пулларни Х.Шамшиевга берганлигини, лекин 500 минг  сўмини унга ишлатиш учун қайтариб берганлигини айтиб, пулларни олиб кетишини таъкидлайди. Эртаси куни Т.Мамадалиева М.Розиқовдан 500 минг сўмни олиб келади. 2019 йил июль ойида Х.Шамшиев телефонда Т.Мамадалиевадан 1 миллион сўм сўрайди. Х.Шамшиевга сўраган пулини Олтиариқ туман, Қизилтепа қишлоғида беради. Бир ҳафтадан кейин Олтиариқ туман марказида яна 500 сўм беради. Жами 1 миллион 500 минг сўм бериб, кейин алданганлигини билиб қолади. 2019 йил сентябрь ойида М.Розиқов билан Ёзёвон туманига бориб, Х.Шамшиевдан 800 минг сўмини қайтариб олади, қолган зарарни Х.Шамшиев тергов даврида қоплагани учун даъвоси йўқлигини билдирди.

Жабрланувчи Б.Сирожидиновнинг судда билдиришича, кўриш қобилияти ёмонлиги учун ногиронлик нафақасига чиқмоқчи бўлган. Опаси М.Сирожиддинова М.Розиқовнинг турмуш ўртоғи бўлиб, бир куни опаси унга “Поччангни таниши бор экан, сенга ногиронлик нафақасига чиқишингда ёрдам бериши мумкин, ҳужжатлаштиришга 1 миллион  сўм бериш керак” дейди. Б.Сирожиддинов рози бўлиб, опасига 1 миллион сўм беради. Бир ойдан кейин опасига яна 500 минг сўм, жами бўлиб 1 миллион 500 минг сўм беради. Опаси поччаси орқали пулларни Х.Шамшиевга берганини билгану вақт ўтса-да, ногиронлик нафақасига чиқарилмагач, алданганини билган. Опасига пулни қайтаришни айтгач, опаси укаси Б.Сирожиддиновга 700 минг сўм олиб келиб беради, қолган 800 минг сўмни Х.Шамшиевдан ундириб беришни сўради ва Х.Шамшиевга нисбатан қонуний қора кўришни сўради.

Жабрланувчи Ч.Олмонованинг судда айтишича, 2013 йили Данғара туман, “Истиқлол” кўчасида жойлашган савдо дўконни сотиб олиб, қайта жиҳозлаб, аптека қилган экан. 2017 йил 2 май куни Данғара туманида асосий йўл кенгайиши муносабати билан йўл бўйидаги савдо дўкони бузилиб, унинг жойини тадбиркор Ш.Ғаниевага беришган. Ушбу жойни олиш учун ҳаракат қилса-да, натижа бўлмаган. 2019 йил май ойида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг Фарғона вилоят бўлимида ишловчи “Бахтиёр ака” орқали бўлимни Олтиариқ туманидаги биносига бориб, бўлим бошлиғи “Одил ака” билан гаплашиб, ариза ёзади. “Одил ака” 220 минг  сўм тўлови борлигини айтгач, 150 минг сўм беради. “Одил ака” эртага Данғара туманига Х.Шамшиев боришини, ундан 70 минг сўмни бериб юборишини тайинлайди ва аризасини Х.Шамшиевга берганини билдиради. Эртаси куни ҳақиқатдан ҳам Х.Шамшиев Данғара туманига келади ва Х.Шамшиев вилоят ва туман ҳокимлари олдига кириши лозимлигини, ариза ёзиши кераклигини, шунинг учун фирмаси номидан ишончнома беришини сўрайди. Ч.Олмонова Х.Шамшиевга ишончнома билан бирга қолган 70 минг сўмни ҳам беради. Х.Шамшиев шу ишни баҳона қилиб тўрт маротаба Данғара туманига келганида, Х.Шамшиевга 100 минг сўм таксисига, 100 минг сўм овқатига, жами 900 минг сўм беради. Шунингшдек, Х.Шамшиев Ч.Олмоновадан почта ҳақи учун деб 450 минг сўм ҳам олади. Данғарага “Комилжон”, “Шовкатжон” ва “Махмут ака”лар билан келишганида эса Х.Шамшиевга 300 минг сўм беради. Фарғона шаҳридаги Қиргули мавзесида жойлашган кўп қаватли уйда Х.Шамшиев бино чизмаларини кўрсатиб, “Сизларни жойларингни ҳам шунақа чизма қилдиришим керак, бунга 400 АҚШ доллар берасизлар, жойларингни кадастр ҳужжатларини кадастрдан олганман” дегани учун, эртаси куни у турмуш ўртоғи билан бирга Қиргули мавзесига бориб, 400 АҚШ доллар ҳисобида 3 миллион 500 минг сўмни Х.Шамшиевга беради. Бироқ Х.Шамшиев Ч.Олмоновани алдаётганлигини билиб, ариза ёзишга мажбур бўлади. Шу сабабли Х.Шамшиевдан 5 миллион  сўмни ундириб, унга қонуний чора кўришни сўради.

Яна бир жабрланувчи Ш.Исақованинг суддаги кўрсатмасига қараганда, қайноғаси М.Исақов номига берилган Учкўприк туман, “Истиқлол” кўчасига 2-хонали уй солиб, 2001 йилда кўчиб чиққан. 2018 йил апрель ойида турмуш ўртоғи билан оилавий келишмовчилик сабаб жанжаллашгани сабабли июнь ойида турмуш ўртоғи уйга ўт қўйиб юборади. Фуқаролик судида уйни қайтариб ололмагач, Олтиариқ туман, Зилха қишлоғида жойлашган Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят бўлимига ёзган аризаси Х.Шамшиевнинг қўлига тушади. 2018 йил август ойида Х.Шамшиев Фарғона шаҳридаги “Ипотекабанк” олдида ҳужжатларни ёзганига 270 минг сўм, 10 кундан кейин яна шу ерда 330 минг сўмни ҳужжатлаштириш учун деб олади. 2018 йил ноябрь ойида Қиргулида “Сизни ишингизга ҳакамлик суди аралашмаса бўлмас экан, судга тўлов қилиш керак” деб 1 миллион 100 минг сўм олади ва 2019 йил январь ойида Олтиариқ туман марказида кадастр ҳужжатлари тайёрлаш учун деб 3 миллион сўм беришини сўрайди. Ш.Исақова ёнида пул йўқлигини айтгач, Х.Шамшиев ҳайдовчиси Ю.Тўхлиев эртаси куни Учкўприк туманига боришини ва унга 3 миллион сўмни беришини тайинлайди. Ушбу вазиятга ўғли М.Муҳаммаджонов гувоҳ бўлган. Ю.Тўхлиев Учкўприк туманига борганида, унга Х.Шамшиевнинг талаби бўйича 3 миллион сўмни беради.

Х.Шамшиев уни алдагани учун Х.Шамшиевдан 4 миллион 700 минг сўмни ундириб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўради.

Шу ўринда яна бир муҳим ҳолат шундан иборатки, судланувчи, 1969 йилда туғилган Юсубжон Тўхлиев Х.Шамшиевнинг маҳалладоши бўлгани ҳолда 2019 йил бошида қайнотасига қарашли “Спарк” русумли автомашинани Х.Шамшиевнинг илтимоси билан у айтган жойларига олиб бориб келиб юрган. Олтиариқ туманида Х.Шамшиев аризачи Ш.Исақова билан учрашганида, у ҳам бу аёл билан гаплашган. 2019 йил апрель ойида Ш.Исақова яшаш жойини олишда ёрдам сўраб қилган мурожаатини ижобий ҳал қилиб беришлик учун ундан 3 миллион сўмни олгану, ўғрини қароқчи урибди қабилида Х.Шамшиевга билдирмасдан 3 миллион сўмни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган. Олган пулларини тергов органининг депозит ҳисоб рақамига топшириб, зарарни қоплагани, пулларни олишда бирор мансабдор шахсга пора тариқасида беришликни айтмагани, қилмишидан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик берилишини сўради.

Энг қизиғи, суддда судланувчи Х.Шамшиев айбига қисман иқрор бўлиб, 2017 йил ноябрь ойидан Ўзбекистон Республикаси Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Фарғона вилоят бўлими ходими сифатида ишлаши, аммо жабрланувчи Б.Сирожиддинов ва М.Сирожиддиновани танимаслигини айтсада, лекин қолган ҳолатлар бўйича ўз қилмишларини бўйнига олишга мажбур бўлди.

Суд томонидан амалдаги қонунларга биноан жиноят иши ҳар томонлама, муфассал кўриб чиқилгач, жабрланувчи Ч.Олмонованинг судланувчи Х.Шамшиев тўрт марта Данғара туманига борганида, автомашинаси бензини ва овқатланишига жами 900 минг сўм тўлаганлиги ҳақида кўрсатув берса-да, уни исботловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ва ушбу муносабатлар фуқаролик соҳасидаги ижтимоий муносабатлар ҳисобланиб, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан тартибга солиниши лозим бўлади.

Суд шу сабабли, Х.Шамшиевнинг айбловидан у тўрт марта Данғара туманига борганида, Ч.Олмонова жами 900 минг сўм тўлаганлик қисмини чиқаришни ва уни фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқини қолдиришни лозим топди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 11 октябрдаги 35-сонли қарорининг 3-бандида “Фирибгарлик ўзганинг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини фирибгарлик билан қонунга хилоф равишда ва текин қўлга киритишда ифодаланиб, бунинг таъсирида мулкдор (унинг вакили), мулкнинг бошқа эгаси ёки ваколатли орган мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни бошқа шахсга беради, ёинки ушбу мулк ёки унга бўлган ҳуқуқ бошқа шахс томонидан олиб қўйилишига имконият беради” деб, 7-бандида “Мулкни эгаллашга қаратилган фирибгарлик, мазкур мулк айбдор ёки бошқа шахсларнинг ғайриқонуний эгалигига ўтган ва улар ундан хоҳлаган тарзда фойдаланиш ёки тасарруф этиш реал имкониятига эга бўлган пайтдан тугалланган деб топилади” деб тушунтириш берилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7, 8, 42, 54-моддалари, Олий суд Пленумининг 2006 йил 13 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорида жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг ва бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилиши, айбдорга енгилроқ жазо қўллаш орқали кўзланган мақсадга эришиб бўлмаган тақдирдагина оғирроқ жазо тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, қилмишнинг сабаби, етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдори, айбдорнинг шахсини ва жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб, ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 5-қисмида етказилган моддий зарарни ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмаслиги кўрсатилган.

Суд Х.Шамшиевга жазо тури ва меъёрини тайинлашда, айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлиги, етказилган зарар қоплангани, уч нафар фарзандлари борлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифланганини, жабрланувчиларнинг унга даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмаганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, ғаразли ва паст ниятларда жиноят содир қилганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топиб, Жиноят кодексининг 45-моддасини қўллаб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми санкциясида кўрсатилган ахлоқ тузатиш ишлари жазоси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларида 2 йил мобайнида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазосини, ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда икки йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни; судланувчи Ю.Тўхлиевга жазо тури ва меъёрини тайинлашда, айбига қисман иқрорлиги ва пушаймонлиги, етказилган зарар қоплангани, тўрт нафар фарзанди борлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифлангани, жабрланувчининг унга даъвоси йўқлиги, муқаддам судланмаганлиги жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, ғаразли ва паст ниятларда жиноят содир қилганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб топиб, амалдаги Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми санкциясида кўрсатилган ахлоқ тузатиш ишлари жазосини, ҳар ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил олти ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлашни лозим топди.

Шунингдек, “Ипотека-банк” АТИБ Фарғона вилоят бўлимини нгдепозит ҳисоб рақамига судланувчи Х.Шамшиев зарарни қоплаш учун топширган 6 миллион 500 минг сўм, судланувчи Ю.Тўхлиев зарарни қоплаш учун топширган 3 миллион сўм зарарни қоплашга йўналтирилиб, жабрланувчи Ш.Исақовага 4 миллион 700 минг сўм, жабрланувчи Б.Сирожиддиновга 800 минг сўм, жабрланувчи Ч.Олмоновага 4 миллион 100 минг сўм берилиши белгиланди.

Жабрланувчи Ч.Олмоновани фуқаролик соҳасидаги зарарни ундириш хусусида тасдиқловчи ҳужжатлар билан фуқаролик иш юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқини қолдиришни;  жабрланувчи И.Мамадалиевага етказилган моддий ва маънавий зарар қопланганини инобатга олишни лозим топди.

Бегзод ҲАЙДАРОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти, Ёзёвон туман судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *