Кўрилди

Инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ҳимояси – устувор вазифа

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5415-сонли Фармонига асосан, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлар ва мониторинглар асосида аниқлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари туман (шаҳар) тузилмаларининг қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этиш соҳасидаги фаолиятига услубий раҳбарлик қилиш ва мувофиқлаштириш адлия органлари фаолиятининг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлашда адлия органлари томонидан бир қатор эътиборга молик ишлар амалга ошириб келиниб, асосий эътибор фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини мурожаатлари асосида ҳал қилишга эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунининг янги таҳрири 2017 йил 11 сентябрь куни амалга киритилган.

Мазкур Қонуннинг мақсади давлат органлари ва давлат муассасаларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахсларига жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Жумладан, вилоят Адлия бошқармасига инсон ҳуқуқлари соҳасида 325 та мурожаатлар келиб тушиб, шундан 76 таси жойида кўриб чиқилиши учун ҳудудий адлия бўлимлари ва бошқа ташкилотларга тааллуқлилиги бўйича юборилди. 249 таси бошқарма томонидан кўриб чиқилиб, 95 таси ёки 38,1 фоизи қаноатлантирилган, 159 таси бўйича зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Масалан, фуқаро Иброҳим Алимовнинг (исм-фамилия ўзгартирилган) ногирон фарзанди О.О.ни махсус мактабга жойлаштиришда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати кўриб чиқилиб, ўрганишда, вояга етмаган О.О. тиббий кўрикдан ўтказилиб, Қўқон шаҳридаги 9-сонли имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатига 2019 йил 4 февраль кунидан жойлаштирилиши таъминланди.

Бундан ташқари, мурожаатларни ўрганишлар натижаси бўйича жойларга 15 та қонун бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш юзасидан тақдимномалар киритилиб, 12 нафар шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, 68142,0 минг сўм тўланмаган иш ҳақларини тўлаб берилиши таъминланди ҳамда 128 нафар шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди, 5 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.

Жумладан, фуқаро Халилжон Мирзабоевнинг (исм-фамиляи ўзгартирилган) асоссиз равишда табиий газдан қарздорлик ҳисобланганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилганида, табиий газдан 826908 сўм қарздорлик деб кўрсатилган бўлсада, амалда 491300 сўм ҳақдор эканлиги аниқланиб, “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти Фарғона вилояти бўйича газтаъминоти ҳудудий филиали бошлиғи номига қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилиб, мурожаат қаноатлантирилган.

Ушбу келиб тушган мурожаатларнинг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда корхона, ташкилот ва муассасаларда ишловчи ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари иш берувчилар томонидан бузилишига йўл қўйилмоқда.

Масалан, биргина 2019 йилнинг ўтган етти ойи давомида меҳнат низоларига оид 87 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мурожаатларни ўрганишда қонун бузилишига йўл қўйиб келинаётганлиги маълум бўлди.

Хусусан, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши, иш ҳақлари ўз вақтида тўланиши ва иш ҳақлари ҳисобланишида ходимларнинг розилигисиз пул маблағлари ушлаб қолиниши ҳамда меҳнат шартномасини бекор қилишда ва меҳнат таътилларини тайинлашда меҳнат қонунчилиги талабларига риоя этилмаётганлиги аҳволи ўрганилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тегишли тартибда киритилган таъсир чоралар асосида тикланмоқда.

Жумладан, фуқаро Асилбек Жияновнинг (исм-фамилия ўзгартирилган) “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти Фарғона филиалига қарашли Марғилон почта алоқа бўлимида иш ҳақлари тўланмаётганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилганида, А.Жияновга 2019 йил январь ойи учун 545,1 минг сўм ойлик иш ҳақи ҳисобланган бўлсада, 2019 йил 20 февраль кунига қадар тўланмай келинганлиги аниқланиб, иш ҳақларини зудлик билан тўлаш чораларини кўриш юзасидан филиал директори номига тақдимнома киритилиб, ойлик иш ҳақини тўланиши таъминланди.

Ёки, вилоят Адлия бошқармаси томонидан фуқаро Кабиржон Ҳамидовнинг (исм-фамилия ўзгартирилган) мактабгача таълим муассасасида ишловчи жисмоний тарбия мутахассиси бўлиб ишловчи келинининг ойлик иш ҳақидан солиқ тўловлари учун ушлаб қолинганлигидан норози бўлиб қилган мурожаати кўриб чиқилди.

Ўрганишда, мактабгача таълим муассасаси мудираси 2018 йилнинг декабрь ойида мулк солиғи учун ходимларнинг иш ҳақисидан 40 минг сўмдан 100 минг сўмгача ушлаб қолишлик юзасидан шаҳар Мактабгача таълим бўлими ҳисобхонасига рўйхат тақдим қилган.

Мазкур рўйхатга асосан, шу жумладан, Кабиржон Ҳамидовни келинининг 2018 йил ноябрь ойи учун ҳисобланган иш ҳақидан 30,0 минг сўм мол-мулк солиғидан қарздорлиги мавжуд бўлмасада, розилигисиз, 2019 йил учун олдиндан тўлов сифатида ушлаб қолинган ва мазкур сумма шаҳар Давлат солиқ инспекциясининг ҳисоб-рақамига йўналтирилганлиги аниқланиб, муассаса мудирасини МЖтКни 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарлик масаласини ҳал этиш юзасидан вилоят давлат меҳнат ҳуқуқ инспекциясига маъмурий таклиф юборилди ҳамда қонун бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисида Марғилон шаҳар МТБ мудири номига тақдимнома киритилиб, мурожаат қаноатлантирилди.

Маълумки, иш ҳақидан асоссиз равишда ушлаб қолишга йўл қўйилмаслиги қонунда белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 164-моддасига кўра, умумий қоидага кўра, ходимнинг ёзма розилиги билан, бундай розилик бўлмаган тақдирда эса, суднинг қарорига асосан меҳнат ҳақидан ушлаб қолиниши мумкин.

Ходимнинг розилигидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасида белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш учун, суднинг қарорлари ва бошқа ижро ҳужжатларини ижро этиш учун, иш ҳақи ҳисобига берилган авансни ушлаб қолиш учун, хўжалик эҳтиёжларига, хизмат сафарларига ёки бошқа жойдаги ишга ўтганлиги муносабати билан берилган бўлиб, сарф қилинмай қолган ва ўз вақтида қайтарилмаган авансни ушлаб қолиш учун ҳамда ҳисоб-китобдаги хатолар натижасида ортиқча тўланган суммани қайтариб олиш учун,  ҳисобидан ходим таътил олиб бўлган иш йили тугамасдан туриб меҳнат шартномаси бекор қилинганда, таътилнинг ишланмаган даврига тегишли кунлари учун, ходим томонидан иш берувчига етказилган зарарни қоплаш учун, агар етказилган зарарнинг миқдори ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлмаса, меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади.

Коммунал тўловлар бўйича вужудга келган қарздорликлар фақатгина ходимнинг розилиги ёки суд қарори билан меҳнат ҳақидан ушлаб қолинади.

Мақоламиз сўнггида агарда Сиз ўз ҳуқуқ ва эркинликларингиз бузилмоқда ва уларга риоя этилмаяпти деб ҳисобласангиз, бевосита Фарғона вилоят Адлия бошқармасининг 241-75-49 рақамли телефонига мурожаат қилишингиз мумкин. Унутманг, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш адлия органларининг устувор вазифасидир.

Аброр ЁҚУБОВ, Фарғона вилоят Адлия бошқармасининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими бош маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *