Кўрилди

Қинғир ишнинг қийиғи

Жиноятга жазо – муқаррар

Андижон шаҳридаги “Жаҳон бозори”га яқинлашган такси машинасида асосан ўрта ёшли йўловчилар келарди. Йўл давомида жимгина келган Муҳаммадфозил манзилга яқинлашиш олдидан ёнидагилар эътиборини ўзига қаратди. Қаерда юк машинаси борлиги ҳақида сўради.

  • Ҳув ана, чапда намунали уйлар бор. Кирсангиз, ўша ерда бир одамни автотенти бор,– дея тушунтирди қорачадан келган йўловчи.

Муҳаммадфозил кўрсатилган манзилга бориб, эшикни тақиллатди. Уй эгаси чиққач, юки борлиги, шуни олиб келиш кераклигини билдирди. 250 минг сўмга бор-барака қилингач, иккиси Избоскан тумани томон йўл олдилар.

Эски бир бинони кўрсатиб, Муҳаммадфозил етиб келганларини айтди. Ҳайдовчига орқа тарафга ўтиш ишорасини бериб, ўзи ичкарига йўналди. Кутилмаганда  дуч келган нозирни кўриб, бир оз ортига чекинди. Ўзини қўлга олиб, тикув цехини бошқа жойга кўчириб кетаётганларини билдирди. Бу орада ҳудуд профилактика инспектори ҳам ўз машинасида келиб қолди.  “Тадбиркор”  унга ҳам юқоридаги баҳонани айтди.

Иш осон кўчадиган бўлди. 2-қаватдаги тикув машиналари тезлик билан машинага юкланди. Уларнинг умумий баҳоси 90 миллион сўмни ташкил этарди. Нафсининг кўйига кирган олғир бу билан кифояланмади. Яна пул бўладиган нима бор экан, дея атрофга қаради. Харидор топилса, пуллаб юбораман, дея музлатгич, шу жойда тикилган тайёр кийимларни ҳам машинага юклаб жўнади.

М.Дилмуродов гарчи яхши танимасада, юкларни боя йўлда суҳбатлашган ҳамроҳининг уйига олиб борди. Қарангки, у  ҳам ўйлаб ўтирмай жиноятга шерик бўлди. Тикув машиналарини тушириб бўлишгач,  қолган юклар хонадон дарвозахонасига сиғмаслигини билдирди. Атиги бир кун туриб турсин, деган илтимосга ҳам кўнмади.  Келишилган сумманинг маълум қисмини берди-да, қолганини тикув машиналарининг ҳужжатларини олиб келгач оласиз, деб гапни қисқа қилди.

Энди нима қилиш керак? У қолган юкларни ҳайдовчиникига туширмоқчи бўлганди, машина эгаси ҳам бунга кўнмади. У Муҳаммадфозилни Тошкентга қатновчи енгил автомашиналар тураргоҳига элтиб қўйиб, ўзи ортига қайтди. Бу вақтда соат тунги бирларни чоғлаб қолганди.

Ўз ишидан мамнун Муҳаммадфозил ўзи туғилиб ўсган Тошкент шаҳрига, яшаш хонадонига кетиш олдидан музлатгич ва бошқа буюмларни сотиш пайига тушди. Музлатгични олган ҳайдовчилардан бири бир қисм пулни бериб, қолганини эрта-индин “почта” қилиб юборишини билдирди. У рози бўлди ва ҳотиржам оқ «Кобальт»да пойтахт сари йўл олди.

Уйига етиб борганида, опаси  қопдаги тайёр кийимларни кўриб,  қаердан олганини сўради.

  • Ишхонамдан, маошим ҳисобидан беришди, – деди у ҳотиржамлик билан.

Муҳаммадфозил ўз ишлари билан юрган кезларида унга Андижондан қўнғироқ бўлди ва музлатгичнинг қолган пулини йўловчи машинадан бериб юбораётганлигини маълум қилишди. Бироқ айтилган пулни олиш осон бўлмади. Ана шу машинада бўлган ички ишлар ходимлари товламачини қўлга олдилар.

Хайриятки, корхонадан яширинча олиб чиқиб кетилган товар-моддий бойликлари ўз жойига қайтарилди. Хўш, бу ҳол нега юз берди? Муҳаммадфозилни жиноятга нима ундади?

Тошкент шаҳрида туғилган бу йигит Избоскан туманидаги текстиль корхонасида ўзаро келишув асосида  ишга кирганди.  Тадбиркор ой тўлганида иш ҳақини беришни истамади. Бунинг ўрнига, уни тайёр кийимларнинг йўқолганлигида гумонлаб, ўғри қилди. Қараса, йигит иш ҳақини олишда муаммога учрайдиган. У шундан кейин  тадбиркорнинг маҳсулотларига, тикув машина, музлатгич ва тайёр кийимларига кўз олайтирди. Табиийки, биз юқорида айтган маҳсулотлар нина эмас, қаерда қолганини биров билмаса.

Шу тариқа, Муҳаммадфозилнинг сири фош бўлди. Жиноят ишлари бўйича Пахтаобод туман суди ўз мажлисида ушбу масалани кўриб чиқиб,  уни 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. Ундан фуқаровий даъвогарлардан бирига етказилган зарар ҳам ундириладиган бўлди.

Ҳусниддин ЖАЛОЛОВ,Андижон вилояти, Пахтаобод туман прокурорининг катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *