Кўрилди

Ҳимоячидан воз кечиш… видеоёзув билан қайд этилади

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига
жнноят процессида иштирок этувчи фуқароларнинг ҳуқуқ
ва эркинликларини муҳофаза қилишни кучайтиришга қаратилган
ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Қонун 2020 йил 14 майда Президент томонидан имзоланди.

Ушбу қонун билан Жиноят-процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи иш юритишнинг исталган пайтида ҳимоячидан воз кечишга ҳаклидир. Бундай воз кечишга фақат гумон қилинувчининг, айбланувчининг ёки судланувчининг ташаббуси билан ва ҳимоячининг ишда иштирок этишига суриштирувчи, терговчи ёки суд томонидан адвокат таклиф этиш орқали таъминланадиган реал имконият мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади. Бунда адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан ҳоли учрашганидан кейин ҳимоядан воз кечилганлигини тасдиқлайди. Ҳимоячидан воз кечиш жараёни видеоёзув орқали қайд этилиши шарт. Ҳимоячидан воз кечганлик ҳақида гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи, шунингдек адвокат, суриштирувчи ёки терговчи томонидан имзоланадиган баённома тузилади ёҳуд суд мажлиси баённомасига ёзиб қўйилади. Видеоёзув материаллари баённомага илова қилинади. Бунда ҳимоячининг ҳимоя остидаги шахс билан ҳоли учрашиши видеоёзув орқали қайд этилмайди.

Бундан ташқари, шахсни ушлаш, шахсни ушлаш жараёнида ўтказиладиган шахсий тинтув ва олиб қўйиш процессуал ҳаракатлари ҳам эндиликда видеоёзув орқали қайд этилиши шарт бўлади ва Жиноят-процессуал кодексда белгиланган хусусиятлар инобатга олинган ҳолда амалга оширилади.

Шу билан бирга, суриштирувчи, терговчи, прокурор шахсга нисбатан ушлаб туриш тарзидаги, суд эса қамоққа олиш, уй қамоғи ёки экспертиза ўтказиш учун шахсни тиббий муассасага жойлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини қўллаганида шахсга нисбатан кўлланилган процессуал мажбурлов чораси ҳамда унинг ушлаб турилган жойи тўғрисида дарҳол оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек, бу ҳақда иш ёҳуд ўқиш жойига маълум килиши шартлиги белгиланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, белгиланган ушбу тартиблар жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлаш билан бирга, амалиётда юзага келаётган тушунмовчиликлар ҳамда норозиликларнинг олди олишга хизмат қилади.

Илёрбек КУКАНБАЕВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг катта мутахассиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *