Кўрилди

Ижобий тенденциялар юзага келмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев 2020 йил 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Парламентига йўллаган Мурожаатномасида 2020 йилни “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлнатириш йили” деб эълон қилди. Бу бежиз эмас, албатта.

Замон шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бугунги кунда ҳеч бир соҳани ривожлантиришни ахборот-коммуникацион технологияларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Муайян соҳага замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш соҳа фаолиятининг самарадорлигини ошириш, иш унумдорлиги ва сифатини онлайн режимида назорат қилиш, шаффофликни таъминлаш, юридик ва жисмоний шахслар билан муносабатларда ортиқча бюрократик тўсиқлар бартараф этилишига имконият яратади. Яна бир эътироф этилиши лозим бўлган энг муҳим жиҳатлардан бири – бу ахборот-коммуникацион технологиялар ёрдамида амалга оширилган фаолиятда коррупцион омилларнинг камайишидир. Айтиш мумкинки, бугунги кунда маълум бир фаолият турида инсон омилининг қанчалик камайгани ҳамда ахборот технологияларининг кенг жорий этилганлиги ушбу фаолият турида коррупцион омилларнинг камайиб бораётганлигини тасдиқловчи мезон ҳисобланади.

Бугунги кунда суд тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида соҳага замонавий ахборот-коммуникацион технологияларни жорий этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги 3250-сонли “Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларнинг янги босқичга кўтарилишига олиб келди. Мазкур қарор билан белгилаб берилган чора-тадбирлар жиноят, маъмурий, иқтисодий ва фуқаролик судлари фаолиятида электрон иш юритувига тўлиқ ўтиш бўйича энг асосий босқичларни белгилаб берди.

Қарор ижроси юзасидан судлар фаолиятига бир қатор янгиликлар жорий қилиб келинмоқда. Жумладан, суд тизимининг янги тармоғи ҳисобланувчи маъмурий судлар фаолиятида электрон иш юритиш ва электрон ҳужжат алмашинув тизими “E-xsud” электрон базаси тизимида йўлга қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 3 майдаги 322-сонли “Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ички ишлар вазирлигининг қўшма қарори қабул қилиниб, 2019 йил 1 январдан бошлаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ваколатли давлат идоралари томонидан маъмурий судларга электрон шаклда тақдим этилиши тартиби жорий қилинди. Қўшма қарор билан тасдиқланган Тартиб асосида маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни судга электрон тақдим этиш, суд томонидан ишларни кўриб чиқиш ва маълумотларни электрон базага киритишнинг тартиби ҳамда шартлари белгиланди.

Мазкур амалга оширилган ишлар натижасида бугунги кунда маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсида қисқа муддатда олиш, судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларини кўриб чиқишда процессуал муддатларга риоя қилинишини назорат қилиш, ишларни ўз вақтида кўриб чиқилиши ва суд қарорларини ижрога қаратилишини таъминлаш имкониятини яратди.

Хусусан, 2019 йил давомида Сўх туман маъмурий суди томонидан 1555 та шахсга нисбатан 1332 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар ваколатли давлат идораларидан “E-xsud” электрон базаси орқали қабул қилиниб, кўриб чиқилди.

Кўриб чиқилган мазкур ишлар юзасидан чиқарилган суд қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан ушбу даврда 911 та ижро варақалари электрон тарзда Мажбурий ижро бюроси туман (шаҳар) бўлимларига юборилди.

Туман маъмурий суди томонидан қабул қилинган қарорларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий веб сайтида белгиланган тартибда эълон қилиб борилмоқда. Ҳар қандай шахс интернет тармоғи орқали ушбу қарорлар билан танишиш имконияти яратилган.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, маъмурий судлар тизимига ахборот-коммуникацион технологияларнинг жорий этилиши судлар фаолияти самарадорлиги ва унумдорлигини ошириш билан бирга, судлар фаолиятида шаффофликни таъминлашда ижобий тенденцияларни юзага келтирмоқда. “2020 йил – илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлнатириш йили” суд тизимида бу йўналишда амалга оширилаётган ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқади.

Бахтиёржон ЮЛДАШЕВ, Фарғона вилояти, Сўх туман маъмурий судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *