Кўрилди

Хотин-қизлар: олий таълим олишдаги имтиёзлар

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 июнь кунидаги ВМҚ-402-сонли қарори билан “Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, бундай тавсияномалар қуйидаги тоифадаги хотин-қизларга берилади:

-кам таъминланган оиладан чиққан хотин-қизлар;

-тўлиқсиз оилада тарбияланаётган, яъни ота ёки онаси вафот этган хотин-қизлар;

-14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ фарзандларни тарбиялаётган, бошқа қариндошларидан алоҳида яшаётган ёлғиз аёл (эркак)ларнинг қизлари;

-шахсий уй-жойга эга бўлмаган, ижарада яшаётган оилалар;

-ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш қидирувчи шахс сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ҳисобда турганлар;

-ногиронлиги бўлган фарзанди бор оилалардан чиққан хотин-қизлар;

-олий маълумотли хотин-қизлар билан қамраб олиш даражаси республиканинг ўртача кўрсаткичларидан икки ёки ундан ортиқ маротаба паст бўлган туманлар, шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи оилалардаги қиз фарзандлар (уларни ўз ҳудудида 3 йил ишлаш шарти билан).

Низом билан тавсиянома олиш тартиби белгиланди. Унга кўра, ҳар йили февраль ойида хотин-қизларга тавсияномалар бериш бўйича ишчи гуруҳи тузилади. Туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари тавсиянома олиш мақсадида мурожаат этган хотин-қизларнинг ҳужжатларини ҳар йили 10 майга қадар Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаларига тақдим этади. Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари қўшимча қабул кўрсаткичлари учун танловда иштирок этишга тавсия этилган хотин-қизлар тўғрисидаги ҳужжатларни ҳар йили 20 майга қадар Ишчи гуруҳга тақдим этади. Танловда иштирок этишга тавсия этилган хотин-қизлар ишчи гуруҳ томонидан саралаб олиниб, қўшимча қабул кўрсаткичлари учун танловда иштирок этишга тавсия этилган хотин-қизларнинг рўйхати ҳар йили 15 июнга қадар Давлат тест марказига тақдим этилади ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади. Тавсиянома олий маълумот олиш истагида бўлган хотин-қизларга 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга берилади.Шу щринда “Олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига талабгорларнинг ҳужжатларини қабул қилиш ва кириш имтиҳонларини топшириш тартиби қандай бўлади?” деган савол туғилиши мумкин.

Тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар олий таълим муассасасининг қабул комиссиясига тақдим этиши лозим бўлган ҳужжатларга қўшимча равишда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан бериладиган тавсияномани тақдим этиши талаб этилади.  Тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар тўғрисидаги маълумотлар ҳар йили 15 июлга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг абитуриентлар базасига киритилади. Тавсияномага эга бўлган абитуриентларни қўшимча қабул кўрсаткичлари доирасида ўқишга қабул қилиш кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон, ёзма имтиҳон) натижаларига мувофиқ қабул қилинади. Шу ўринда савол туғилади, тавсиянома олган хотин-қизларнинг хаммаси ўзлари топширган олий таълим муассаларига қанча балл тўплаганлигидан қатъий назар грант асосида қабул қилинадими? Йўқ! Низомнинг 26-бандида кириш имтиҳонларида тўплаш мумкин бўлган энг юқори баллнинг 30 фоизидан кам бўлмаган балл тўплаган тавсияномага эга бўлган хотин-қизлар баллар кетма-кетлигига қатъий риоя этилган ҳолда, қўшимча тўрт фоизли давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида талабаликка тавсия этилади.

И.ИСАҚОВ, Фарғона вилояти, Бағдод туман адлия бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *