Кўрилди

Фуқаронинг аризаси қаноатлантирилди

Чунки, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Қўқон шаҳар бўлими мансабдорлари фуқаро М.Ҳамидовнинг меҳнат дафтарчасида қайд этилган ишлаган даврларини меҳнат стажига асоссиз қўшмаган эдилар

Яқинда Қўқон шаҳар маъмурий судида фуқаро Мунаввар Ҳамидовнинг Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасининг Қўқон шаҳар бўлимига нисбатан “Мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан шикоят” аризаси кўриб чиқилди.

Аризачи М.Ҳамидов БТПЖнинг мансабдор шахслари ўзининг собиқ  Қўқон шаҳар “Шодлик” кооперативи (ҳозирда “Шодлик-СМ” савдо ишлаб чиқариш фирмаси)да 1991 йил 2 сентябрдан 1998 йил 10 декабргача, собиқ “Наргиз-Дилором” автохизмат корхонасида 1999 йил 15 мартдан 2000 йил 15 апрелга қадар, собиқ Қўқон шаҳар “Водий Универсал Транс” МЧЖда 2006 1 декабрдан 2009 йил 18 декабрга қадар ишлаган давларини қўшган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиб, пенсия тайинлаш мажбуриятини юклашни сўради.

Чунки, Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўқон шаҳар бўлими томонидан унга нисбатан оз миқдорда пенсия тайинланган. Ваҳоланки, юқорида келтирилган вақтлардаги ишлаган даврлари учун суғурта бадаллари тўланганлиги ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмагани БТПЖ томонидан асос қилиб олинган. Лекин ушбу даврларда ишлагани ҳақида меҳнат дафтарчасида белгилар мавжуд. Қўқон шаҳар БТПЖ бўлими ушбу ишлаган даврларини асоссиз равишда иш стажига қўшмаган, суғурта бадаллари тўланмагани унинг айби эмас.

Амалдаги қонунларга кўра, суғурта бадалини ҳисоблаш ва ўтказиш, барча ҳужжатларни архивга топшириш, шунингдек, ушбу ҳужжатларни тўлиқ юритиш, яроқли ҳолда сақлаш ва архивга топшириш аризачининг эмас, балки ташкилотнинг мажбурияти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 81-моддаси 1-қисмига кўра, меҳнат дафтарчаси ходимнинг меҳнат стажини тасдиқловчи асосий ҳужжатдир.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги “Давлат пенсия таъминоти билан боғлиқ ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 44-сонли қарорининг 9-бандида, судлар назарда тутиши лозимки, Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари ходимга тўланадиган иш ҳақи шаклидаги даромадлардан ҳисобланади ва ушлаб қолинади (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 306-моддаси).

Пенсия жамғармасига ҳисобланган суғурта бадаллари тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларида шакллантирилган маълумотлар асосида аниқланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда, судлар иш берувчининг ягона ижтимоий тўлов ва суғурта бадаллари бўйича қарздорлиги мавжудлиги сабабли иш даврини стажга қўшмаганлик билан боғлиқ низоларни кўришда, бу ҳолат иш фаолияти даврини ходимнинг иш стажидан чиқариш учун асос бўлмаслигини инобатга олишлари лозим. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 282-моддасига асосан, барча ходимлар давлат йўли билан ижтимоий суғурта қилиниши лозим бўлиб, давлат ижтимоий суғуртасига бадаллар иш берувчилар, шунингдек, суғурталанган ходимларнинг ўзлари томонидан тўланади.

БТПЖ Қўқон шаҳар бўлими аризачига унинг ишлаган даврларини иш стажига тўлиқ қўшмаган ҳолда пенсия тайинлаб, юқоридаги қонунлар талабини бузган ва аризачининг ҳуқуқ-манфаатларига зарар етказган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 189-моддасига кўра, маъмурий органларнинг, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу кодекснинг 19-бобида белгиланган қоидаларга кўра суд томонидан қабул қилинади.

Устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қисмлари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонун ҳужжатларига зид эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузаётганлигини аниқлаб, суд қарорни ёки унинг айрим қисмларини ёхуд ҳаракатларни (ҳаракатсизликни) қонунга хилоф деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Агар устидан шикоят қилинаётган қарор ёки унинг айрим қоидалари ёхуд ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) қонунга мувофиқ эканлигини ҳамда аризачининг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаётганлигини суд аниқласа, у арз қилинган талабни қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Юқоридагиларга кўра, суд аризачининг аризасини қаноатлантиришни ва давлат божи тўланганини инобатга олишни лозим деб топди. Ва Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Қўқон шаҳар бўлими зиммасига аризачи Мунаввар Ҳамидовга унинг ишлаган даврларини қўшган ҳолда қайта ҳисоб-китоб қилиб, пенсия тайинлаш мажбурияти юклатилди.

Акмалжон ИСМОИЛОВ, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *