Кўрилди

Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш йўлида

 Маълумки, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида суд хокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш борасида самарали ишлар олиб борилмоқда. Қисқа муддат давомида бир нечта Президент қарорлари ва фармонлари, қонунлар хамда соха фаолиятини такомиллаштиришга оид меъёрий хужжатларнинг қабул қилиниши, демократик жамият қуриш йўлида илдам одимлаётган янги Ўзбекистонда судлар фаолиятига эътиборнинг нақадар юқорилигидан далолат беради.

Амалга оширилаётган ислохотларнинг узвий давоми сифатида 2020 йил 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ПФ-6034-сонли Фармон қабул қилинди. Фармон билан 2021 йил 1 январдан жорий қилинадиган  бир қатор соҳага оид ўзгаришлар мавжудки, улар, шубхасиз, Ўзбекистон Республикасида суд хокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашга, суд ишларини юритишда ортиқча бюрократия ва фуқаролар сарсонгарчилигининг олди олинишига хизмат қилади.

Жумладан, Фармон билан фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судлари ташкил этилиши кўрсатилган. Анклав Сўх туманининг географик жойлашуви ва туман ахолисининг Фарғона вилоятининг асосий ҳудудига харакатланишидаги қатор қийинчиликлар туфайли, Президент фармонининг мазкур банди Сўх тумани ахолисини йиллар давомида қийнаб келаётган муаммоларнинг ечими бўлиб хизмат қилишини таъкидлаш лозим.

Бизга маълумки, фуқаролик судлари ахоли ўртасидаги оилавий, мехнат, ер-мулк ва бошқа турдаги низоларни кўриб хал қилади. Бундай низолар эса жиноят, маъмурий ва иқтисодий судлар томонидан кўрилаётган ишларга нисбатан бир неча баробар кўп хисобланади. Бугунги кунга қадар Сўх тумани фуқаролари ўртасида юзага келаётган бу турдаги низоларни хал қилиш Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг юрисдикциясига киритилган эди. Бу эса туман ахолисига жиддий қийинчиликларни келтириб чиқаргани бор гап.

Масалан, Риштон туманлараро судига никохни бекор қилиш, алимент, ишга тиклаш ёки бошқа турдаги ариза билан мурожаат қилмоқчи бўлган фуқаро, дастлаб, юз километрдан ортиқ йўл босиб Фарғона шаҳрига бориши, ундан кейин Риштон тумани марказига етиб бориши керак эди. Қирғизистон ҳудудида жойлашган иккита ва Ўзбекистон ҳудудида жойлашган иккита чегара ва бошжхона постлари орқали харакатланиш (бу бир томонга харакатланиш учун, ортга қайтиш учун яна шунча марта постлардан ўтиш зарур) ва у ердаги расмиятчиликларнику гапирмаса хам бўлади.

Фармон билан ташкил этилаётган Фуқаролик ишлари бўйича Сўх туман суди фуқароларнинг айнан юқоридаги каби қийинчиликларига бархам бериб, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини оширади.

Ў.Пўлатов, Фарғона вилоят маъмурий судининг раиси в.в.б. 

Б.Юлдашев, Сўх туман маъмурий судининг раиси. 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *