Кўрилди

Фирибгарнинг янги найранги

Халқимизда букрини гўр тўғрилайди, деган нақл бор. Бу нақл Қўқон шаҳрида яшовчи, ҳали 30 ёшга тўлмасдан туриб суднинг қора курсисига 7 маротаба ўтиришга улгурган (исм ва фамилияси ўзгартирилди) Шерали Раҳимовга айтилгандек гўё. У юртимизда ёшлар учун берилаётган имкониятлардан фойдаланиб бирор фойдали ишни бошини тутиш ўрнига жиноят кўчасини танлади. Шерали содир этган жиноятлари учун қонун олдида жавоб берди. Бир неча марта   “қилган ишларимдан пушаймонман, энди халқимга фойдам тегадиган инсон бўламан”, деб сўз берди. Лекин иродасиз, ўз лабзида туролмаган, бутун  фикру хаёли осонгина бойиб, жон койитмасдан топилган маблағ эвазига кўнгилхушлик қилиб юриш ниятидаги   Ш.Раҳимов яна жиноятга қўл урди.

 

Ш. Раҳимов интернет тармоғининг Ютуб ҳамда телеграмм каналлари орқали келаётган Кўршапалак уяси ҳақидаги видеороликларни кўриб, кўршапалак уяси тайёрлаб сотиш ҳақида жиноий режа тузади.

“Уддабурон” фирибгар  ўтган йилнинг октябрь ойи ўрталарида фуқаро Тоир Баҳромов билан учрашиб, унга Наманган вилояти, Поп туманидаги тоғли ҳудудларда кўршапалак уяси борлиги, у саратон касаллигига шифо эканлиги, уяни 23 минг 300 АҚШ долларига сотиши мумкинлигини айтади. Бўлажак ҳамтовоғининг ишончига кириш мақсадида  ўзи олдиндан цемент, охак, алебастер  ва тупроқдан ясаб қўйган ноксимон шаклдаги жисмни  “кўршапалак уяси” деб кўрсатади. У Т.Баҳромов  яш-аш хонадонига сохта “кўршапалак уяси”ни литр ҳажмдаги бокал ичига атрофини ялтироқ қоғоз ва пахта билан ўраб олиб келади ва  ушбу модда очилса 1 сутка давомида таркиби бузилиб, кўршапалак уяси  ичидаги “амруғ” моддаси ўз хусусиятини  йўқотишлигини айтиб,  15 минг 300 АҚШ доллари (125.583.012 сўм)га сотади. Фирибгарлик йўли билан  қўлга киритган маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади. Ш.Раҳимов томонидан  фуқаро Т.Баҳромовга сотилган кўршапалак уяси далилий ашё тариқасида олинди.

Республика  суд экспертиза марказининг  хулосасига кўра, кўршапалак уяси деб Т.Баҳромовга сотилган қўнғир рангли, қаттиқ инга ўхшаган ноксимон жисмнинг устка қавати цементдан, ўрта қавати охак моддасидан ва остки қавати тупроқдан  иборат эканлиги аниқланиб, унга нисбатан туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг   168-моддаси 4-қисми “а” банди билан айбдор деб топилди.

Шерали Раҳимов ота-онаси, яқинлари насиҳатларига қулоқ тутганида,  она юрти равнақига муносиб ҳисса қўшаётган тенгдошларидан    ибрат олиб яшаганида,  ҳалол меҳнат қилиб, нафсининг қулига айланмаганида умрининг энг гуллаган даврини панжара ортида ўтказмаган бўларди.

 

Нодиржон ШАМСИДДИНОВ, Учкўприк тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ бошлиғи, майор.

 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *