Кўрилди

Фирибгарлик санъат эмас, жиноят

Сўнгги вақтларда оммавий ахборот воситаларида одамлар ўртасида фирибгарлик жиноятлари сони ортиб кетаётганлиги юзасидан кўплаб ташвишлар билдирилмоқда. Фирибгарлар ўз жиноятларини амалга ошириш учун юзага келган ҳар қандай қулай шароитлардан унумли фойдаланмоқдалар. Баъзилари эса бундай қулай шароит ёки имкониятни ўзлари яратиб оляптилар. Шу йил май ойида Тошлоқ тумани маркази ва Қўштепа туманида Қўқон шаҳрилик хавфли рецидивист, фирибгар Собир Қодиров томонидан амалга оширилган навбатдаги фирибгарлик жинояти фикрларимизга яққол далил бўла олади.

Собир Қодиров асли Қўқон шаҳрида яшайди. Бир неча маротаба кетма-кет судланиб, хавфли рецидивист мақомини олган.

2020 йил 10 май куни куни атайин сайру саёҳат қилиш учун эмас, айнан фирибгарлик жиноятини амалга ошириш учун “Қумтепа бозори”га келди. У ерда сариқ рангли “Жигули” машинаси эгаси билан 50 минг сўмга Тошлоқ тумани марказига олиб бориб келишга ўзаро келишиб олди. Шундан сўнг машинага ўтириб Тошлоқ томон йўлга чиқди. Туман марказига келиб тушар экан, унинг биринчи “назари” автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи дўконга тушди. Дўконга кириб, бемалол айланиб, айнан автомобиль мойларининг нархлари билан қизиқа бошлади. Фирибгарга айниқса дўконда сотилаётган қиммат нархли автомашина мойлари ёқиб қолди. Шу мойларнинг нархини сўраганди, сотувчи йигит мойларнинг нархини дўкон эгаси билишини айтди. Шунда фирибгар Собир Қодиров ўзи кутган вазият етилиб келаётганини сезиб, дўкон эгаси билан қўлидаги телефон орқали гаплашмоқчи эканини билдирди. Қўл телефонини атайлаб сотувчи йигитга берди ва “Алишер акам  сиз билан гаплашмоқчи экан деб айтинг” дея тайинлади. Сотувчи йигит айтганини қилгач, дўкон эгаси билан телефон орқали худди эски танишдек суҳбатлашди ва қуюқ мулозимат билан суҳбатни тугаллади. Ва сотувчи йигитга дадил боқиб, “Мана, хўжайинингиз билан ҳам келишиб олдик. Пуллаини тушликдан сўнг ташлаб кетадиган бўлдим.  “РОЛЬФ” мойларидан 4 бочкасини, “СИНТЕК” мойидан 2 та бочкасини хов анови “Жигули” машинасига юклашиб юборинг” деб буюрди. Дўкон эгаси билан гаплашиб, келишиб олди деб ўйлаган сотувчи йигит фирибгар Собир Қодировнинг айтганини қилиб, 6 та бочкадаги жами нархи 5 миллион 300 минг сўмлик автомашина мойларини юклашиб юборди.

Қиммат молларни осонгина қўлга киритиб олган С.Қодиров Марғилон шаҳрига етиб келиб, бу ердан киракаш машиналарга бочкадаги мойларни юклаб, Данғара тумани томон йўлга чиқди. Мойларни автомобиль эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи бозорга олиб кирди ва бу ерда 2 миллион 600 минг сўмга машина мойларини силлиққина пуллаб олди. Мойларни сотиб олаётган олувчи ундан бу мойларни қаердан келганини сўраганида, яна ёлғонлаб, “Мойларни биржадан олгандим. Олувчи билан нархида келиша олмай қолдик. Шунинг учун бозорга олиб келдим” деб қўя қолди.

Орадан 7 кун ўтиб, яна “Қумтепа бозори”га етиб келган Собир Қодиров бу гал йўл бўйида сотилаётган сув насосларини мўлжалга олди. Одатдагидек сотувчи йигитдан сув насосларининг нархларини эринмай сўраб-суриштира бошлади. Гап орасида ўзини сув насослари билан савдо қилувчи одам қилиб кўрсатиб, гўёки бир неча мижозлари тез сув насосларини келтириб беришини сўраётганлигини аста қистириб ҳам ўтди. Бу орада сотувчи йигит сув насосларининг нархлари масаласида келишиб олиш учун иккинчи дўконда турган дўкон эгаси томон йўллади. С.Қодиров дўкон эгаси билан 10 минут чамаси гаплашгач, дўкондор қўшни дўконда бошқа мижоз билан овора бўлиб қолганида, у ердан аста сирғалиб чиқди-да, биринчи дўконга келди ва  сотувчи йигитга 5 дона сув насосларини ажратишини буюрди. Сотувчи йигит дўкон эгаси билан нархи, пулини келишиб олди, деб ўйлаб, 5 та сув насосини фирибгарнинг қўлига тутқазиб юборди.

Албатта, Тошлоқ туманидаги дўкон эгаси 4 та бочкадаги “РОЛЬФ” ва 2 та бочкадаги “СИНТЕК” мойларини номаълум шахс фирибгарлик йўли билан ўмариб кетганини, “Қумтепа бозори”даги дўкон эгаси эса 5 дона сув насосларига чув тушганини кейинроқ тушуниб етишди. Бу ҳақда улар ИИБга ариза билан мурожаат этишди.

ИИБ ходимларининг тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида 2 дона “РОЛЬФ” номли, ҳар бири 20 литр ҳажмдаги идишларда, жами 40 литр, қиймати 1 миллион 600 минг сўмлик автомобиль мойлари ашёвий далил сифатида олиниб, тилхат асосида ўз эгасига топширилди. Кейинроқ эса фирибгар С.Қодиров ушланиб, 5 дона сув насосининг 1 донаси ашёвий далил тариқасида олинди.

2020 йил 22 май куни  бўлиб ўтган суд жараёнида судланувчи Собир Қодиров ўз айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, фирибгарлик жиноятини қандай амалга оширганини муфассал баён қилиб кўрсатма берди.

Суд айбни оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларига алоҳида этибор қаратиб, ўз ҳукми билан судланувчи С.Қодировга амалдаги қонунларга биноан ўташ учун узил-кесил 5 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида 11 миллион 150 минг сўм жарима жазосини тайинлади.

Н.АСҚАРОВ, Фарғона вилояти, Тошлоқ туман прокурорининг ёрдамчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *