Кўрилди

ЕТТИ ЙИЛДА ЎН МАРОТАБА СУД

Бир аёл қисматида

“Бу жуда кўп эмасми?” дедингиз. Ҳа, афсуски, шундай. Лекин кирдикорлари билан бундай “даражага эришган” аёл надоматларки, ўзга сайёрадан, ёинки, бошқа бир давлатлардан эмас. Айнан ўз юртимиз ва ўз миллатимиз аҳли вакили.

Янгиқўрғон туманининг Заркент қишлоғида яшовчи Мукаррам Абдуллаеванинг ҳамқишлоқлари аллақачон унинг “иқтидорини” тан олишган. Имкон борича ундан узоқроқ юришга, кўп гаплашмасликка ҳаракат қилишади. Зотан, у кишини гўё гипноз қилармиш…

Миш-мишларда жон бордирки, М.Абдуллаева етти йил мобайнида ўн маротаба судни нг қора курсисига ўтирди. Юртимиз қонунларида назарда тутилган барча имкониятлар унга нисбатан қўлланиб бўлинди. Аёл киши, уч нафар фарзандлари борлиги, қилмишидан пушаймонлиги эътиборга олиниб кечирилди. Аммо бу чораларни у ўзига берилган имкон эканлигини тан олмади. Қинғир йўлидан қайтмади.

Охирги бор судланганида, унга нисбатан 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилганди. 2015 йил эди ўшанда. 2016 йилнинг май ойида ўталмай қолган озодликдан маҳрум қилиш жазоси Ўзбекистон Республикасининг Жинотя кодексини 74-моддасига асосан аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилди. Демакки, унга яна шафқат қилинди.

Аммо 2017 йилнинг апрелида, роппа-роса бир йилдан сўнг бу аёл яна жиноятга қўл урди…

Фуқаро Мухтор Исамовнинг ишончига кириб, дастлаб 500 АҚШ долларини қўлга киритган М.Абдуллаева турли важлар билан апрель-июнь ойлари давомида жами 5 минг 375 АҚШ доллари ҳамда 1 миллион 300 минг сўмлик пул ва бошқа молларни бир ойда қайтариш ваъдаси билан олиб, ўз эҳтиёжлари йўлида ишлатиб юраверган. Бундан ташқари, у фуқаро Насима Эрқуловадан 15 миллион 790 минг 817 сўмлик, Дилбар Ўрмоновадан 1 минг 100 АҚШ доллари миқдоридаги мол-мулкларни ҳам ўзлаштириб қайтармади.

Ҳар қанча тушунтириш, талаблар иш бермагач, ҳақдорлар ҳуқуқий органга мурожаат этишдан ўзга чора тополмадилар. Кўриб турганингиздек, жорий йил май ойида М.Абдуллаева ўз қилмишлари учун ўн биринчи маротаба суднинг қора курсисига ўтирди.

Баъзан жиноятчилар турмуш шароити оғирлиги туфайли ёмонлик йўлига кириб қолганликларини важ қилишади. Пушаймонликдан эзилишади, қайтиб бу йўлга кирмасликка, ҳалол бўлишга ўз-ўзларига сўз беришади ва уддасидан чиқишади. Буни қарангки, М.Абдуллаеванинг шароити, яшаш тарзи ундай эмас. Бу шунчаки, фирибгарлик унинг касби-корига айланиб қолгандек. Ваҳоланки, у муҳтожликдан бу кўчага кирган бўлганида, дастлабки судловлардан кейин ҳалол яшашга уринар, жамият олдида уялган бўларди. Шунингдек, сўнгги суд олди тергов жараёнлари давомида барча қарзларини тўла қоплашга имкон тополмасди. Демакки…

Жиноятга жазо – муқаррар, албатта. Шоядки, бу гал фирибгар аёлнинг кўзи очилса.

Суд ҳукми билан М.Абдуллаева узил-кесил энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдоридаги 7 миллион 488 минг 750 сўм жарима ҳамда ойлик иш ҳақининг 25 фоизини давлат даромади хисобига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 1 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазосига маҳкум этилди.

Бахромжон ЗИЁВУДДИНОВ, Наманган шаҳар прокурори ёрдамчиси лавозимида иш ўрганувчи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *