Кўрилди

Эндиликда судлар “бир суд — бир инстанция” тамойилига ўтказилади

Маълумки, ҳар бир жамият ва ҳар бир давлатнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини “ушлаб турган”, унда фуқароларнинг турмуш кечириши ва ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий тараққий этишини таъминловчи, ҳар бир иносоннинг шахсий ҳаёт дахлсизлигини таъминловчи муҳим омил бор. Бу – Суд ҳокимиятидир!

Агар ҳар томонлама ривожланган мамлакатларнинг сиёсий позициясига эътибор қаратилса, Суд ҳокимиятининг фаолияти чинакамига мустақил ва хеч қандай куч ва бўхронларга бўйсунмаслигининг гувоҳи бўласиз.

Тарихга назар ташланса, рим файласуфларининг “майли дунё барбод бўлсин, лекин одил судлов қарор топсин”, деган шиорни ақида даражасига кўтарганлари бежизга эмас деб биламан.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 122-моддасида судьялар мустақил эканлиги, фақат қонунга бўйсунишлари, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши каби муҳим нормалар мустаҳкамлаб қўйилган.

Юқоридаги модда, суд ишига аралашиш мутлақо мумкин эмаслиги, у ёки бу кўринишда судянинг фаолиятига таъсир ўтказишни қатъийян тақиқлайди. Чунки, мамлакатимиз ҳаётида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишини кафолатлашда одил судловнинг аҳамияти муҳимдир.

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини чинакам таъминлаш, инсонларда қонунларга бўлган ишонч руҳининг сўнмаслиги учун суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш мақсадида кўплаб сай-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2016 йилнинг 21 октябрида имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-4850-сонли “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан судьяларнинг меҳнат фаолиятига оид кўплаб янгиликлар жорий этилиши билан, судларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга бўйсунишини таъминлашга қаратилган нормалар белгиланди.

Суд-ҳуқуқ тизими ва судялар фаолияти билан боғлиқ ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида куни кеча “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди.

Унга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар жорий этилади:

суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суд ҳужжатлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;

жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичини киритиш.

Фармоннинг юқоридаги бандлари судялар фаолиятинининг дахлсизлигини янада мусаҳкамлаш билан бирга фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлашни кўзда тутади.

Бундан ташқари Фармонга кўра қуйидаги тартиб жорий этилади:

туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Олий суднинг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

Олий суд судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.

Фармоннинг муҳим жиҳатларидан бири- ортиқча суд босқичларини бекор қилиш, яъни “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этиш билан фуқароларнинг сарсонгарчилигига чек қўйилади.

Шунингдек, туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишни жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.

Хулоса қилиб айтганда, жамиятда одил судлов тизимини янада мустаҳкамлаш, фуқароларда суд ҳокимиятига бўлган ишончни мустаҳкамлаш мақсадида имзоланган ушбу Фармон адолатли суд қарорларини қабул қилиш ва тарафларнинг тенглигини амалда таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятли.

 

Б.Муҳамадалиев, Олтиариқ туман адлия бўлими катта маслаҳатчиси.                                 

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *