Кўрилди

Электрон рақамли имзо олиш мажбурийми ёки ихтиёрий?

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда давлат ташкилотларида ишловчи ходимлардан электрон рақамли имзо олиш учун дея 20-25 минг сўмдан маблағ йиғиб олинаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ойлик ҳисобига кун кечираётган айрим юртдошларимиз эса бундай “йиғди-йиғди”лардан чарчаганини айтишмоқда.

Электрон рақамли имзо, деганда нимани тушунамиз ва у қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади? Электрон рақамли имзони олиш учун қайси ташкилотга мурожаат қилиш керак ва бундай мурожаатлар қанча муддатда кўриб чиқилади? Шунингдек, унинг қулайликлари, олиш мажбурийми ёки ихтиёрий?

Кундалик фаолият рақамли платформага кўчар экан, виртуал тармоқда эркин ва хавфсиз, ишончли ҳаракатланиш, шахсни тасдиқлаш ва жараёнларни амалга ошириш учун ҳар бир кишига электрон рақамли имзо керак бўлади.

Жумладан, мамлакатимизнинг бугунги қонунчилик талабларига кўра, электрон рақамли имзо бўлмаган тақдирда давлат органларининг интерактив хизматлари, шунингдек, Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатиладиган хизматлардан ҳам фойдаланиб бўлмайди.

Хусусан, бирор давлат идорасига ариза, мурожаат, таклиф юбориш учун ҳам Сизнинг шахсингизни тасдиқлайдиган, ўзаро ишончли ҳамкорликни таъминлайдиган электрон рақамли имзога эга бўлишингиз керак бўлади.

Электрон рақамли имзо – давлат идоралари билан ўзаро муносабатни ўрнатишда жисмоний ёки юридик шахсга электрон хатти-ҳаракатларини тасдиқлаш учун зарур бўладиган, масъул давлат органи томонидан тақдим этилган, электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо.

Содда тилда айтсак, бу – шахснинг рақамлардан иборат электрон имзоси ва унинг кучи шахснинг қўлда чекилган имзосига тенглаштирилади.

Электрон рақамли имзо ёрдамида электрон ҳужжатларни имзолаш, масофадан туриб давлат хизматларидан фойдаланиш мумкин бўлади.

Унинг ноёблиги, нусха олиш, яъни кўпайтириб бўлмаслиги билан, ҳужжатни имзолаган шахсни тасдиқлаши билан, қалбакилаштиришнинг имконсизлиги билан ўзига хосдир.

Мисол учун, унинг ёрдамида бугун ЯИДП орқали кўрсатилаётган интерактив хизматлардан фойдаланиш мумкин. Фойдаланувчи ўзининг калитидан 24 ой муддат мобайнида фойдалана олади.

ЭРИ калитларнинг сертификатлари юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатлари бўйича берилади. Бунинг учун мурожаат қилган шахс рўйхатдан ўтиши, солиқ хизматлари органларида ҳисобда туриши зарур.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги қарорига асосан, Давлат хизматлари марказлари орқали давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланган.

Унга асосан, ЭРИ калитини рўйхатга олиш давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали амалга оширилиши белгиланган. Давлат хизматини кўрсатиш муддати эса 3 иш соатидан 40 дақиқага қисқартирилган.

ЭРИни олиш учун жисмоний шахслардан базавий ҳисоблаш миқдорининг 7  фоизи (15 610 сўм), юридик шахслардан эса 10  фоизи (22 300 сўм) миқдорида давлат божи ундирилади.

Касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейлар ўқувчиларига давлат хизматлари марказлари орқали электрон рақамли имзо калити рўйхатга олиниб, калит сертификатлари бепул берилади.

Электрон рақамли имзо USB-флешка, қаттиқ диск ёки мобил телефон каби сақлаш воситаларида Давлат хизматлари марказининг ходими томонидан ёзиб берилади.

“Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга асоса жорий йилнинг 1 мартига қадар давлат органлари ва ташкилотларининг барча ходимлари ва раҳбарлари белгиланган тартибда электрон рақамли имзолар билан таъминланиши белгилаб қўйилган.

Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, айрим турдаги давлат хизматлари учун ЭРИ мажбурий эмас.

Умиджон МАМАРАСУЛОВ, Давлат хизматлари агентлиги Андижон вилояти бошқармасининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар шўъбасини  етакчи маслаҳатчиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *