Кўрилди

Эҳтиётсизлик оқибати

29 ёшли Бобур Жовлиев бошқарувидаги “Нексия” русумли, 70 N 091 КА давлат рақамли автомашинасини Шаҳрисабз шаҳар, “Қушхона” МФЙ ҳудудидан ўтган “Термиз-Тошкент” М-39 йўлининг “Термиз-Тошкент” йўналиши бўйича 1172-километрида бошқариб келиб, амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 78-бандидаги “Аҳоли пунктларида транспорт воситаларининг тезлигини соатига 70 километрдан, турар-жой даҳалари ва ёндош ҳудудларда (уй-жой бинолари орасидаги ер участкасида) эса соатига 30 километрдан оширмасдан ҳаракатланишга рухсат этилиши ҳақида”ги талабларини қўпол равишда бузиб, ўзига нисбатан йўлнинг ўнг томонидан чап томонига кесиб ўтаётган пиёдалар, Шаҳрисабз шаҳар, “Қушхона” МФЙ ҳудудида жойлашган 10-сонли умумий ўрта таълим мактабининг 2-синф ўқувчилари Қурбонова Зилола Азамат қизи ва Даминова Дилнура Фарҳод қизини автомашинасининг олд томони билан уриб юбориб, йўл-транспорт ҳодисаси содир қилиши оқибатида вояга етмаган З.Қурбонова ҳамда Д.Даминовалар Шаҳрисабз шаҳар Тиббиёт бирлашмасининг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида вафот этишди.

Суд жараёнида марҳума жабрланувчининг қонуний вакили А.Қучқоров қизининг дафн-маросимларига қанча харажат қилганлигини билмаслиги, зарарлар бўйича даъво қилмаслиги, Б.Жовлиевнинг ота-онаси 2 марта келишгани, уларга ҳеч нарса керакмаслигини айтгани ҳақида баён қилиб, қонуний чора кўришни сўради.

Марҳума жабрланувчининг қонуний вакили Ф.Даминов Б.Жовлиев машинасини қизларнинг устига ҳайдаб юбориб, қасддан ўлдиргани, зарарлар бўйича даъво қилмаслиги ҳақида баён қилиб, Б.Жовлиевни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси, яъни қасддан одам ўлдириш жиноятини содир қилганликда айбли топиб, умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни сўради.

Гувоҳ И.Юлдошева суд мажлисида ўз хоҳиши билан кўрсатув беришини айтиб, жабрланувчиларнинг қонуний вакилларидан кечирим сўраш учун уйларига бир неча марта боргани, аммо улар кечирмагани, Б.Жовлиев ёлғиз ўғли эканлиги ҳақида баён қилиб, унга қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд ҳукми билан Жовлиев Бобур Собир ўғлига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан 3 йилга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Лазиза РАСУЛОВА, жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз туман судининг раиси.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *