Кўрилди

ЧОРВАДОР ФЕРМЕР ЖАРИМАНИ ТЎЛАДИ

Чорвачилик билан шуғулланувчи “Шодлик Агро Алянс” фермер хўжалиги раҳбари Ў.Жўраев 2018 йил сентябрь ойида ўнлаб чорва моллари бўла туриб давлатнинг электр энергиясидан бепул фойдаланишни маъқул деб ҳисоблади. Балки, фермернинг молхонаси аҳоли яшаш пунктидан узоқроқда жойлашганлиги ва бу манзилга ҳеч ким келмайди, деб ўйлаган ҳам бўлиши мумкин.

Бироқ, жорий йилнинг 10 сентябрида Мажбурий ижро бюроси Бувайда туман бўлими тезкор ходимларининг молхонага ташрифи фермерни шошириб қўйди, ўзини қўярга жой топа олмай қолди. Чунки, у электрдан батамом ноқонуний фойдаланиб келаётган эди. Молхонасидаги сув иситиш тизими дейсизми, чорва молларига овқат пиширадиган юқори қувватли электр жиҳозлари дейсизми, ҳамма-ҳаммаси ноқонуний эди.

Тадбирда фермер Ў.Жўраев Бувайда туман Электр таъминоти корхонаси билан умуман шартнома расмийлаштирмаганлиги, электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб олиб, СЕ 303 русумли, № 5068351 рақамли электр ҳисоблагични ўрнатиб қўйганлиги, аслида ушбу ҳисоблагич ҳам “Электр-ҳисоб” базасида йўқлиги, яъни исталган вақтда ҳисоблагични ташлаб юбориб, унинг ўрнига янгисини “ноль”дан бошлаб ўрнатиб олиши учун ўзига “қулай” шароит қилиб олганлиги аниқланди.

Фермернинг ўзбошимчалиги туфайли давлатга 25 миллион 811 минг 400 сўм моддий зарар етказилган.

Терговга қадар текширувда ҳуқуқбузар фермерга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси 6-қисмида назарда тутилган ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган тақдирда жиноий жавобгарликдан озод этилиши мумкинлиги ҳақидаги талаб тушунтирилганида, фермер бунга дарҳол рози бўлди ва белгиланган муддат давомида чорва молларини сотиб, давлатга 25 миллион 811 минг 400 сўмлик зарарни тўлиқ тўлади. Шу билан биргаликда, туман Электр таъминоти корхонаси билан электр энергияси етказиб бериш ҳақида шартнома имзолаб, фаолиятини қонуний олиб борадиган ҳам бўлди.

Шунга кўра, 2019 йил 14 сентябрда Ў.Жўраевга нисбатан айблилик масаласини ҳал қилмасдан туриб жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Эркинжон МАҲМУДОВ, МИБ Бувайда туман бўлими бошлиғи.

Дўстларингизга улашинг:

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *